МИР АРАБ МАДРАСАСИДА ТАҲСИЛ ОЛГАН ЎЗБЕКИСТОН УЛАМОЛАРИ
Muallif: . .
Sana: 19.04.2024
79

ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ
(1952 – 2015)

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида таваллуд топган. У ўрта мактабни тугатгач, 1970 йилда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. 1971 йилда ТИИ очилганида, шу даргоҳда илм таҳсилини давом эттиради. 1975 йили институтни тамомлаб, “Совет Шарқ мусулмонлари” журналига ишга киради. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси йўлланмаси билан 1976-1980 йилларда Ливияда, Исломий даъват университетида ўқиб қайтади. 1980 йил диний назоратнинг ташқи алоқалар бўлимида иш фаолиятини давом эттиради ҳамда ТИИда тафсир, ҳадис илмидан ва араб тили фанидан дарс беради. Мазкур институтда дастлаб проректор, сўнгра 1987-1989 йилларда ректор бўлиб ишлайди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назоратининг 1989 йилдаги Умумий қурултойида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний назорат раиси, муфтий этиб сайланади. Шу йил собиқ Иттифоқ Олий кенгашига депутат бўлиб сайланади. У Иттифоқ делегацияси таркибида бир неча давлатларга сафар қилган. Иш фаолияти давомида бор диққат эътиборини собиқ Иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятни тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга қаратди. 1997 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудия Арабистонидаги халқаро ташкилот – Робита ал-олам ал-исломий таркибидаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ишлаш бўлимига раҳбар этиб тайинланади. Умрининг охиригача ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф халқ хизматига астойдил бел боғлаган севимли пешволардандир. У эришган ютуқлар, айтиш ўринлики, отаси Муҳаммад Юсуф Бойбўтаевнинг фарзанд тарбияси борасидаги эътибори самарасидир. У диндаги муҳим вазифалардан бири фарзанд тарбияси эканини назарда тутиб, ушбу масъулиятни ҳис этган ҳолда фарзандларининг таълим-тарбиясига жиддий қараган, ҳар қандай шароитда ҳам фарзандлари билан шуғулланишга вақт топа олган. Қаерда зиёли инсон билан суҳбатда бўлса, ундан фарзанди ҳаққига дуо қилишни сўраб, унинг яхши хислатларини фарзандига сингдиришга интилган. Унинг орзулари фарзандида рўёбга чиқди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Робита ал-олам ал-исломийнинг таъсис мажлиси, Бутундунё Тасаввуф уюшмаси, Бутундунё Мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутундунё Ислом уюшмаси, Маккаи мукаррамадаги Бутундунё Муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутундунё Масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Олий Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб фаолият юритди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилган олимлардандир. Унинг “Иймон”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “ Ихтилофлар ҳақида”, “Дин насиҳатдир”, “Исломда инсон ҳуқуқлари”, ”Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар”, “Ислом мусаффолиги йўлида”, ”Ислом маънавий жиноятларга қарши”,”Рамазонни қандай қаршилаймиз”, “Сунний ақийдалар”, ”Кифоя”, ”Одоблар хазинаси”, ”Руҳий тарбия”, ”Ҳадис ва ҳаёт”, “Тафсири ҳилол”, ”Олтин сисила” туркуми, рус тилида нашр этилган “Васатия – путь жизни”, ”Ислам и экология”, ”Способны ли вы верить в существование Аллаха (О вере)” каби кўплаб илмий-маърифий асарлари мавжуд. Бундан ташқари интернет тармоғида унинг раҳбарлигида ташкил этилган қуйидаги вебсайтлар ишлаб турибди: www.islom.uz, www.quran.uz, www.islam.uz, www.info.islam.uz, www.muslimaat.uz, www.hadis.islaм.uz, www.halol.org. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 февраль куни Тошкентда вафот этди. Жаноза намозини фарзанди Исмоилхон Муҳаммад Юсуф ўқиди. Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн қилинди.
. .