​Абу Ҳанифанинг ахлоқи
Muallif: . .
Sana: 11.06.2024
174

Абу Ҳанифа р.а. юксак даражада динга ва ибодатга берилган, кундузлари рўзадор, кечалари бедор, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни мудом тиловат қилишликни ўзига одат қилиб олган, ўттиз йил давомида тунни намоз ўқиб бедор ўтказган буюк зот эди.

Охират азобидан қўрқиб кўп йиғлар эди. Ҳатто, қўни қўшнилари унинг кўп йиғлашидан унга раҳмлари келар эди. Ўта ҳаёли, барча гўзал одобларни ўзида мужассам этган, хусусан шайхларига нисбатан одоб сақлаган шогирд, ота-онасига меҳрибонлик кўрсатган, ҳар намозда уларнинг ҳақларига дуо қилиб, номларидан садақалар қилган фарзанд эди.

Абу Ҳанифа ўта парҳезкор эди. Айтар эдики: “Агар банда ҳаёти давомида Аллоҳ таолога ибодат қилиб, ҳатто манабу устунга ўхшаб қуриб қақшасада аммо қорнига кираётган нарса ҳалолми ёки ҳаром эканлигини билмаса унинг ибодати қабул бўлмайди”. Шунинг учун ҳам шубҳа аралашган нарсалардан ўзини сақлар эди. Агар бирор молда шубҳа борлигини гумон қилса уни фақир ва муҳтожларга тарқатиб юборар эди. Дарҳақиқат, бир куни тижоратдаги шериги айби бор кўйлакни айбини айтмай сотиб юборгани учун бор молининг ҳаммасини садақа қилиб юборган.

Абу Ҳанифа р.а. одамлар билан бўладиган тижорий муомалада жуда ҳам буюк омонат эгаси эди. Ҳатто кўпчилик у кишини тижорат соҳасида Абу Бакр Сиддиқ р.а.га ўхшатишар эди. У зот уламолар орасида қандай юксак мақомда бўлса, тижоратчилар орасида ҳам энг содиқ тижоратчининг комил тимсоли эди. У зот ҳақида замондоши Малийҳ ибн Вакийъ шундай деган: “Абу Ҳанифа р.а. буюк омонат эгаси эди. Аллоҳга қасамки, буюк қалбли инсон эди. Аллоҳнинг розилигини ҳамма нарсадан ҳам юқори қўяр эди. Агар Аллоҳ йўлида бошига қилич келса ҳам ҳақиқатдан қайтмас эди”.

Олийжаноблик ва саховатпешалик у кишининг энг кўзга кўринган хулқларидан эди. Тақводорлиги ва озгина фойда билан кифояланишларига қарамай тижоратлари кўп фойда келтирар ва даромадларининг аксарини машойихлар ва муҳаддисларнинг шарофати туфайли Аллоҳнинг фазлига сазовор бўлганини эътироф этган ҳолда уларга инфоқ қилар эди. Фузайл ибн Иёз айтади: “Абу Ҳанифа фиқҳ илмида машҳур фақиҳ киши эди. Молу давлати бисёр, атрофидаги кишиларга хайр-эҳсон улашиш одати ҳаммага маълум, кеча-ю кундуз илм олишга сабрли, тунлари қоим, кўп сукут сақлар, то ҳалол ёки ҳаром ҳақида савол берилмагунча гапирмас эди”.

Абу Ҳанифа р.а. ташқи кўриниши гўзал қиёфада бўлишига жуда ҳам катта эътибор қаратар эди. У кишини одамлар қандай яхши сифатлар билан зикр қилсалар, ўша сифатларга эга бўлишга ҳаракат қилар эди. Кийим бошига аҳамият берар, ҳушбўй суришни ҳуш кўрар, чиройли ҳайъатда юрар эди. Ўзига яқин бўлганларни ҳам мана шунга ундар ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг:

إن الله يحب أن يرى أثر نعمته على عبده[3]

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло бандасига берган неъматининг асарини унда кўришни яхши кўради”, деган ҳадисларини эслатар эди.

Бошидан кечирган синовлари ва вафоти:

Абу Ҳанифа р.а. турли кучлар ўртасидаги зиддиятлар ва ихтилофлар авжига чиққан даврда яшади. Уммавийлар ва Аббосийлар давлатини кўрди. Атрофда содир бўлаётган воқеаларга чалғимай, ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўз мавқесида турди. Бирор марта ҳам хорижийларга қўшилиб давлатга қарши чиққан ёки қўзғолончилар тарафида бўлиб ҳукуматга қарши бош кўтарган эмас. Уммавийларнинг Кўфадаги волийси Умар ибн Ҳубайра Абу Ҳанифани ўзи билан бирга ишлашини талаб қилганда, бош тортгани учун зиндонда азобланган. Сўнгра у ердан Маккага қочиб боради ва 130-136 ҳ. йиллар давомида Маккада қўним топиб, у ерда Ибн Аббос р.а.дан мерос бўлиб қолган усулда фиқҳ ва ҳадис фанлари билан танишади.

Давлатни бошқариш Аббосийларнинг қўлига ўтгач яна Куфага қайтиб келади. Уларга содиқ эканлигини эълон қилади ва Кўфа масжидидаги дарс ҳалақасига қатнашни давом эттиради. Абу Ҳанифа р.а. Аббосийлар давлатига нисбатан яхши муносабатда давом этиб борар эди, бироқ Халифа Мансурнинг Пайғамбар а.с.нинг оилаларига нисбатан, яъни Али р.а.нинг баъзи авлодларига нисбатан салбий муносабатда бўлиши Абу Ҳанифанинг халифани бу ишини танқид қилишига сабаб бўлди. Халифанинг атрофида Абу Ҳанифага ҳасад қиладиган кимсалар кўп эди. Улар халифанинг кўнглида Абу Ҳанифага нисбатан нафрат уйғотишга ҳаракат қилишар эди. Кунларнинг бирида халифа Мансур Абу Ҳанифа р.а.га унинг халифага нисбатан ихлосини синаш учун қозилик мансабини таклиф қилади. Абу Ҳанифа р.а. гуноҳкор бўлишдан қочиб қозилик мансабини қабул қила олмаслигини айтиб узр сўрайди. Чунки, у қозилик мансаби жуда оғир эканлигини, уни тўғри адо этишга қурби етмаслигини яхши билар эди. Айнан мана шу эътирози Абу Ҳанифанинг ўта оғир синовларга дучор бўлишига сабаб бўлди. Чунки, халифа Мансур учун Абу Ҳанифадан унинг танқидлари учун ўч олишга фурсат пайдо бўлди. Абу Ҳанифа р.а. бир қанча муддат зиндонга ташланиб, азобланди. Сўнгра, фақат фатво бериш ҳуқуқи билан зиндондан озод этилди. Аммо, у келган масалаларга фатво бермай қўйди. Шундан сўнг, яна зиндонга ташланди. Кейинчалик зиндондан чиқарилди ва уй қамоғига ҳукм қилинди. Унинг олдига одамлар келиши ва фатво бериши ман қилиб қўйилди. Энг ишончли ривоятларга кўра Абу Ҳанифа р.а.нинг ҳаёти то умрининг охиригача шу ҳолатда давом этди. Баъзи ривоятларда у кишини зиндонда заҳарлаб ўлдирилган, дейилган. У 150 ҳ. санада вафот этган.

Абу Ҳанифа р.а. жасадини Хайзарон деган жойга дафн қилишларини васият қилган эди. Уни ўша ерга олиб боришади. Жаноза намозида қатнашганларнинг адади эллик мингдан зиёд бўлганлиги айтилган. Жаноза намозини халифа Мансурнинг ўзи ўқиди. У Абу Ҳанифанинг нақадар буюк дин ва тақво соҳиби эканлигига иқрор бўлиб: сизнинг ҳаётингиз ва ўлимингиз учун энди мени ким маъзур тутади, деб надомат чекди. Аллоҳ таоло У зотни Ўз раҳматига олсин.

. .