IX АСР – АББОСИЙЛАР ҲУКМРОНЛИГИ ДАВРИДА ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТ
Muallif: . .
Sana: 25.09.2024
40

Аннотация

Ушбу мақолада IX асрда Аббосийлар давлатини бошқарган ҳукмдорлар, бу даврда мамлакатда ҳукм сурган сиёсий жараёнлар, ижтимоий муносабатлар ва мазкур даврни жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ҳақидаги маълумотлар манбалар асосида ёритилган.

Аннотация

В данной статье на основе источников освещаются сведения о правителях, управлявших государством Аббасидов в IX веке, политических процессах, происходивших в стране в этот период, общественных отношениях и месте этого периода в мировой цивилизации.

Annotation

In this article, information about the rulers who ruled the Abbasid state in the 9th century, the political processes that prevailed in the country during this period, social relations and the place of this period in the world civilization is covered based on the sources.

Калит сўзлар: Аббосийлар, Бағдод, Мўтасим, Восиқ, Мунтасир, Мўътазз, халифалик, сиёсат, беқарорлик, савдо, араблар, турклар, форслар.

Ключевые слова: Аббасиды, Багдад, Мотасим, Васик, Мунтасир, Мотаз, Халифат, политика, нестабильность, торговля, арабы, турки, персы.

Key words: Abbasids, Baghdad, Mo'tasim, Wasiq, Muntasir, Mo'tazz, Caliphate, politics, instability, trade, Arabs, Turks, Persians.

Кириш

Ислом тарихида Умавийлардан кейин ҳукмронликка қадам қўйган сулола номи “Аббосийлар” деб аталади. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб зурриёдларидир. Унга Абул Аббос ас-Саффоҳ асос солган, охирги халифа Мустаъсим бўлган. Аббосийлар ҳижрий 132-656 (милодий 750-1259) йилларда, яъни беш асрдан зиёд халифалик қилишган. Шиорлари қора байроқ бўлган. Улар даврида халифалик пойтахти Дамашқдан Бағдодга кўчирилган, иқтисод-савдо ва маданий соҳалар гуллаб-яшнаган. Охирги халифани мўғуллар хони Ҳалоку (Хулогу) қатл эттирган[3].

Ушбу беш асрдан зиёд муддат давомида Аббосийлардан ўттиз етти халифа ҳукм сурган. Биргина IX асрда Ҳорун ар-Рашид, Амин, Маъмун, Муътасим, Восиқ, Мутаваккил, Мунтасир, Мустаҳин, Муътазз, Муътадий, Муътамид, Муътазид ҳукмронлик қилишган. Аббосийлардан энг машҳурлари ва катта ислоҳотлар ўтказган ҳукмдорлар Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун ҳисобланади.

АДАБИЁТЛАР ТАҲЛИЛИ

Ҳижрий 193, милодий 809 йил Рофиъ ибн Лайсга қарши жанг қилиш учун Хуросонга йўл олган Ҳорун ар-Рашид Тус шаҳрида вафот этди[1.889].

Маъмун ҳижрий 201, милодий 816 йилда тахтга ўтирди ва ҳижрий 218, милодий 833 йилда вафот этди[2.1820-1825].

Ҳижрий 218, милодий 833 йилда Муътасим халифалик тахтига ўтирди ва биринчи қилган иши Маъмун қуришни буюрган Тавонадаги қурилишни буздириб ташлади[2.1832].

Муътасим ҳукмронлик қилган йилларида Озарбайжон тоғларида Аббосийларга қарши узоқ вақт кураш олиб борган Бобакни енгиб, Бағдодга олиб келиб қатл қилдирди. Бобак йигирма йил давомида икки юз эллик беш минг беш юз кишини ўлдирган эди. Бобак билан бирга уч минг уч юз тўққиз киши асир олинди ва унинг қўлидан етти минг олти юз мусулмон озод қилинди[2.1852].

Ҳижрий 223, милодий 838 йил Муътасим Румликлар билан жангга кетган вақтда Маъмуннинг ўғли Аббосни бир қанча саркардалар йўлдан уриб, унга қасамёд қилдилар ва Муътасимга қарши фитна тайёрладилар. Бундан хар топган Муътасим фитначиларни барчасини ўлдириб юборди[2.1860].

Ҳижрий 227, милодий 842 йил Муътасим вафот этиб, унинг ўрнига ўғли Восиқ тахтга ўтирди.

Восиқ ҳижрий 232, милодий 847 йил ўттиз олти ёшида вафот этди ва унинг ўғли Мутаваккил тахтга ўтирди[2.1890-1891].

Ҳижрий 247, милодий 861 йил Мутаваккил ўғли Мунтасир томонидан ўлдирилди ва тахтга Мунтасир ўтирди. Бир йилдан сўнг Мунтасир ҳам қатл қилинди. Мунтасир вафотидан кейин аркони давлат амалдорлари Мутаваккил авлодларидан бирортасини тахтга ўтиришини хоҳламадилар ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муътасим, яъни Мустаъинни тахтга ўтқиздилар[2.1933].

Ҳижрий 252, милодий 866 йил Мустаъин ўз ихтиёри билан тахтни Муътазга топширди ва бир муддатдан кейин Мустаъин Муътаз томонидан ўлдирилди[2.1969-1974].

Ҳижрий 255, милодий 869 йил Муътаз халифаликдан бўшатилди ва қийнаб ўлдирилди. Муътаз ўлдирилиши билан унинг ўғли Муҳтадий тахтга ўтирди[2.1986].

Ҳижрий 256, милодий 870 йилда Муҳтадий ҳам тахтдан туширилди ва ўлдирилди, унинг ўғли Муътамид тахтга ўтирди.

Ҳижрий 279, милодий 892 йил Мўътамид вафот этиб, унинг ўрнини Муътазид эгаллади[2.2111].

Ҳижрий 289, милодий 902 йилда Муътазид вафот этди[2.2135].

IX аср Аббосийлар давлатида жуда кўп қўзғолонлар, қатллар, давлат тўнтаришлар билан кечган. Ҳар бир давлат тепасига келган халифа валиаҳд укасини бўшатиб, ўрнига ўз ўғлини қўйишга ҳаракат қилган. Баъзилари ўз укасини қатл қилган бўлса, баъзилари ўз отасини ҳам қатл қилдирган. Тарихдан маълумки, унутилмас доғ бўлиб қолган воқеа – Мирзо Улуғбек ўғли Абдулатиф томонидан ўлдирилишидир. Худди шу ҳолат Аббосийлар давлатида ҳам содир бўлган. Аббосийлар ҳукмронлиги IX асрда Ҳорун ар-Рашид билан бошланиб, Муътазид билан якунланган.

Аббосийлар давлатида дастлабки йилларда халифа ўз фикрига эга бўлган ва мустақил сиёсат юритган. Шу сабаб ҳар сафар янги келган халифа олдинги тартиботни ўзгартиришга ва ўз ғояларини амалга оширишга ҳаракат қилган. Сиёсий жиҳатдан энг кучли халифалар сифатида Ҳорун ар-Рашид ва Маъмунни кўрсатиш мумкин. Бу ҳукмдорлар ўз қарорларини иккиланмай жорий қилганлар ва натижада Маъмун бир муддат давлат раҳбарлигидан четлаштирилган. IX асрдаги халифалар бошқаруви сиёсий жиҳатдан заифлаша борган. Бир неча халифалар тахтдан четлаштирилиши уларнинг сиёсий заифлигини кўрсатади.

Аббосийлар қўшинга ойлик харажатларни ҳисоблаб, бир неча ойлик маош беришган. Халифаларнинг тахтдан туширилишига кўпинча маошга маблағ топилмагани сабаб бўлган. Жуда кўп ғалаёнлар Бағдоднинг ўзида содир бўлганини кўриш мумкин. Мамлакат ҳудуди жудда катта бўлиши билан бирга ҳукмдорларнинг сиёсий заифлиги чет ҳудудлар ҳокимларининг мустақил сиёсат юритишига сабаб бўлган. Тоҳирийлардан кейин Сомонийлар давлати пайдо бўлиши ҳам Аббосийларнинг сиёсий заифлигининг самараси ҳисобланади.

Умавийлар даврида мусулмон салтанатининг ҳудуди амалда энг сўнгги имконият даражасига етиб борди, дастлабки Аббосий халифалар даврида унинг чегаралари умуман ўзгармай қолди. Фақат айрим халифаларгина жанг майдонларида ном чиқаришга муваффақ бўлдилар. Масалан, ал-Маъмун ва ал-Муътасим византияликларга қарши Онадўлига муваффақиятли ҳарбий юришлар қилишган, X асрда ва XI аср бошларида эса, жангари македониялик ҳукмдорлардан ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишган[4.15].

Ал-Восиқ вафотидан кейин Аббосийлар қудрати сўна бошлади, лекин Мутаваккил халифалик доирасида ҳали ҳам бир қанча гуруҳларни сақлаб келаётган эди. У оламдан ўтгач эса, халифалар соқчилар гуруҳи қўлида ўйинчоққа айланиб қолганлиги сабабли ҳокимиятни турк соқчилари эгалладилар. Худди шунинг учун ҳам олис вилоятлар назоратдан чиқа бошлади. Уларнинг ҳокимлари ярим мустақил бўлиб, тез орада ўз сулолаларини вужудга келтирдилар. Кейинчалик сулолалараро низолар бошланиб кетди, бундан халифалик доирасида Салжуқийлар, турклар ёки Ғазнавийлар каби ўзларининг йирик империяларини ташкил этган четдаги кишилар ҳам фойдаланмай қолмадилар. Миср ажралиб кетди, унинг ҳокимлари эса мустақил подшоҳлар бўлиб қолишди. Ғайритабиий, кўпинча зарарли ғояларни кўтариб юрувчи кишилар, масалан, Исмоилийлар, Қарматийлар махфий ҳаракатлари билан ислом негизларига путур етказдилар. Айни бир пайтда жаҳон тарихидаги бу катта давр юзлаб йиллар мобайнидаги куч-ғайрат натижасида вужудга келтирилган ҳамма нарсани йўқ қилган мўғулларнинг даҳшатли босқинчилиги билан якунланди[5].

VIII аср охири IХ аср бошида халифаликни ларзага келтирган оғир сиёсий вазият Аббосийларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб бораётган сиёсатини ўзгартиришга мажбур этди. Бирин-кетин Ўрта Осиёда Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар давлатлари ташкил топди. Мамлакатда содир бўлган бундай сиёсий ўзгаришлардан сўнг Мовароуннаҳр Хуросондан ажралиб ўз мустаққиллигини тўла тиклаб олиш имконига эга бўлди. Мовароуннаҳрни бирлаштириб мустаҳкам давлат тузган давлат арбоби Исмоил Сомоний, 900-йилда Хуросонни ҳам Саффорийлардан тортиб олиб улкан давлат барпо этди. Халифа Сомонийлар давлатини тан олишга ва унга ҳукмронлик ёрлиғини юборишга мажбур бўлди. Шу тариқа IХ аср охирларига келиб Мовароуннаҳр халқлари араб халифалигидан абадий халос бўлди ва араб халифалигидан мустақил бўлган йирик феодал давлат Сомонийлар давлати ташкил топди[6].

Уммавийлар даврида амалга оширилган режалар Аббосийлар даврида ҳам давом этади. Аббосий халифа Маъмун даврида (198-218/813-833) исломни қабул қилган маҳаллий ҳокимларни рағбатлантириш сиёсати жадаллаштирилади. Кейинчалик халифа Муътасим биллаҳ даврида (218-227/833-841) бу сиёсат ўз самарасини беради. Яъни, Сўғд, Фарғона Устуршана, Шош ва бошқа шу каби Мовароуннаҳр шаҳарларидан кўплаб аскарлар Аббосийлар қўшини таркибида хизмат қила бошлайдилар, маҳаллий ҳокимлар Муътасим биллаҳга ишонч билдириб, Аббосийлар билан яқин муносабатда бўладилар. Натижада Мовароуннаҳр ўлкасида ислом дини таълимотлари кенг ёйилиб, бу ўлкадан етук исломий олимлар етишиб чиқишига замин яратилади. Муътасим биллаҳ байтул молдан икки миллион дирҳам ажратиб, Шош воҳасида кўмилиб кетган дарёларни қайта қаздиради ва шошликларнинг бир муаммосини ҳал қилиш билан бирга уларнинг муҳаббат ва эътиборини ҳам қозонади.

Маъмун халифа бўлишидан олдин Хуросонда, хусусан, Марв шаҳрида истиқомат қилган. Шу боис Хуросон ва Мовароуннаҳр аҳолиси урф-одат ва анъналаридан яхши хабардор бўлгани эҳтимолдан холи эмас[7.30].

Араб халифалиги таркибида туркларнинг нуфузи жуда баланд бўлган. Халифалардан Ҳорун ар-Рашид ва унинг ўғли ал-Маъмун биринчи бўлиб туркларни кўплаб ҳарбий хизматга жалб эта бошладилар. Халифа ал-Муътасим ҳукмронлиги даврида эса турклар оммавий равишда Бағдодга кўчиб кела бошладилар. Халифаларнинг Самаррада қурилган янги саройи атрофидаги ерлар турк саркардаларига мулк сифатида бўлиб берилди. Айрим вилоятларнинг ҳокимлиги ҳам туркларга топширилди. Масалан, Миср ва Сурияда фарғоналик тулунийлар ва ихшидийлар сулолалари ҳукм сурди. Айрим араб халифалари турк қизларига уйланиб, улардан туғилган болалар улғайиб, тахтга ўтирганда, туркларга яна ҳам кўпроқ ҳомийлик қила бошладилар. Натижада IХ – Х асрларда турклар Аббосийлар халифалигидаги деярли барча муҳим лавозимларни эгаллаган эдилар. ХI асрга келиб эса ҳокимият тўла турклар, яъни Салжуқийлар қўлига ўтди[8.78-79].

Мусулмонлар босиб олган жойларини бузмаган, эркакларни ўлдирмаган, аёллар ва болаларни қулга айлантирмаган. Уларнинг қўшинлари шаҳарларни эгалламадилар, балки атрофда ўзларининг чодир шаҳарлари ва ҳарбий горнизонларини қуришди, уларнинг баъзилари Қоҳира сингари мустақил шаҳарларга айландилар. Бағдод таълимни кенгайтириш учун яратилган ва биринчи йирик мусулмон интеллектуал пойтахтига айланган. Ислом ҳуқуқи мактабларининг тўртта асосчиларидан учтаси у ерда яшаган ва ишлаган, Бағдод Аббосийларнинг пойтахти, ислом тарихидаги энг узоқ сулола ҳукм сурган шаҳар бўлган. 1258-йилда мўғуллар шаҳарни ва унинг кутубхоналарини йўқ қилдилар.

Ислом қилич билан ёйилган деган эътиқодга қарамай, мусулмонлар ҳукмронлиги бўлган Эрон, Ироқ, Миср, Тунис ва Испания каби мамлакатларда мусулмонлар озчиликни ташкил қилар эди. Мусулмонлар Ҳиндистон ва Сицилия каби мамлакатларда ўз ҳукмронликлари давомида мусулмон ҳукуматлари остида озчилик бўлиб қолишди. Умуман олганда, мусулмон ҳукмдорлари ўз ҳукмронлигида яшовчи яҳудий ва насронийларни безовта қилмадилар. Фатҳлардан бир асрдан кўпроқ вақт ўтгач, кўплаб ўзгаришлар юз берди. Ислом дунёдаги энг катта мусулмон мамлакати бўлган Индонезияга урушларсиз ва фатҳларсиз, балки савдогарлар ва сўфийлар орқали тарқалди.

Испания ва Сицилиядан кейин мусулмонлар энди босиб олиш ва кенгайтиришга уринишмади. Ислом маданияти Сицилияга санъат, ўқитиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сезиларли таъсир кўрсатди. Бу ерда мусулмонлар икки юз йил ҳукмронлик қилдилар. Қирол Рожер I даврида оролни бошқариш христиан-ислом маданиятини яратган қоришма бўлган савдо ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалар мусулмонлар қўлида қолди. Сицилия Рожер II ва Фредерик II даврида мусулмон маданияти бўлиб қолаверди ва кема қурилиши, сузиш бўйича мусулмонларнинг тажрибаси Сицилияни Рожер II даврида етакчи давлатга айланишига ёрдам берди.

Фредерик II мусулмон дунёси билан ғайриоддий муносабатларда бўлиб, Шарқдаги мусулмон ҳукмдорлари унинг яқин дўстлари эдилар. Дунё бўйлаб саёҳат қилаётган мусулмон савдогарлар ва денгизчилар географик сатҳга мусулмонларнинг яна бир муҳим ҳиссасини қўшдилар: мусулмон ўлкаларида саёҳат қилган яҳудийлар ва насронийлар томонидан ёзилган ёзувлар. Айни пайтда Осиёда: Ҳиндистон, Россиянинг жануби ва Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида мусулмонлар истилоси давом этди. Мусулмонлар ушбу чекка ҳудудлар билан алоқа қилиш учун почта тизимини ўрнатдилар ва Аббосийлар ҳукмронлиги пайтида Бағдодни марказ сифатида такомиллаштирдилар. Бундай ютуқлар ва тадқиқотлар Қуръон оятлари ва Пайғамбар ҳадислари (сўзлари) билан мос эди.

Мусулмонлар бошқа маданиятларни ўргандилар. Улар, қаерга бормасин, Ислом маданий ҳаёт муҳити учун асос яратдилар. Дунё бўйлаб кўплаб шаҳарларда мусулмонларнинг таъсири сезиларли даражада эди. Савдо йўлларига яқин бўлганлиги сабабли, Марказий Осиёнинг чорвадор минтақалари мусулмон бўлдилар. Ўрта Осиёликлар ва сўфийлар дин шимолга ҳам, шарққа ҳам ёйилмагунча бу йўллардан олисда яшаганларга исломни олиб келишди. Шунинг учун мусулмон дунёсидаги қишлоқлар дунёнинг бошқа қисмларидаги каби яккаланмаган. Шаҳар билан энг муҳим алоқа дин ўқитувчилари орқали бўлган. Ислом фатҳи бошқа империяларникига ўхшамади, чунки мусулмонлар бошқаруви асосан қулай бўлган. Мусулмонлар ўзлари яшаган мамлакатларда савдони кўпайтириш ва таълим бериш орқали ҳаётни яхшилашга ёрдам беришди[9.6-9] [1].

НАТИЖА ВА МУҲОКАМА

Беш аср ҳукмронлик қилган Аббосийлар жаҳон цивилизациясига катта уйғониш, яъни ренессансни тақдим қилган. Ислом дунёсида бошқа ҳеч қайси сулола бундан кўп ҳукм сурмаган. Усмонийлар даври олти асрдан кўп бўлса ҳам, халифаликни қабул қилгандан кейинги давр тўрт асрни ташкил қилган. Умавийлар ҳукмронлиги бир асрни ҳам тўлдирмаган.

Аббосийларнинг дастлабки даврларида кучли сиёсатчи халифалар давлатни бошқариб, сиёсат билан бирга илмни ҳам ривожлантирдилар. Улар қўйган пойдеворлар бир неча аср ўз самарасини берди. VII IX асрларда Аббосийлар давлатида ҳукм сурган илмий-маданий муҳит дунёнинг бошқа ҳеч жойида топилмас эди. Шу сабабли бу давр фан ва санъатнинг барча соҳаларида энг буюк даҳоларни ва устозларни етиштириб берди. Бугунги ривожланган, илғор давлатлардаги технологияларда ва исломий илмларда бу давр олимларининг, хусусан юртимиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг ҳиссаси беқиёсдир.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. عز الدين ابو الحسن علي بن محمد بن محمد بن عبد الكريم ابن الاثير. الكامل في التاريخ تأريخ ابن الاثير. الرياض, بيت الافكار الدولية. 2000ص.noor book. com

2. ابو جعفر محمد بن جرير الطبري. تأريخ الطبري. الرياض, بيت الافكار الدولية. 2260ص. Noor book. com

3. Аббосийлар давлати. https://e-tarix.uz/maqolalar/1005-maqola.htm

4. Босворт К. Е. Мусулмон сулолалари – Т.: Фан нашриёти, 2007. Б. 15

5. Аббосийлар халифалиги доирасидаги подшоҳликлар. https://islom.uz/maqola/1116

6. IX-XII асрларда Ўрта Осиё маданиятининг юксалиши.

https://e-tarix.uz/vatan-tarixi/53-ix-xii-----.html

7. Ўзбекистонга ислом динининг кириб келиши ва унинг илк таълимотлари. Б. 30 https://e-tarix.uz/vatan-tarixi/1079-ozbekistonga-...

8. Камолиддинов Ш. Марказий Осиё тарихшунослигининг долзарб муаммолари. – Т.: ТДШИ. Б. 78-79 https://www.academia.edu/43793337

9. Аҳмед Исса ва Усмон Али. Ислом маданиятини ўрганиш. Уйғониш даврига мусулмонларнинг қўшган ҳиссалари. – Б.: халқаро ислом тафаккури, 2022. – б. 6-9 https://iiit.org/wp-content/uploads/Studies-in-Isl...

Рахимов Холмурод Мажитович
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси,
Бухоро давлат университети таянч докторанти



[1]Аҳмед Исса ва Усмон Али. Ислом маданиятини ўрганиш. Уйғониш даврига мусулмонларнинг қўшган

Ҳиссалари. – Б.: халқаро ислом тафаккури, 2022. – б. 6-9

. .