ИМОМ ТЕРМИЗИЙ - БУЮК МУҲАДДИС
Muallif: . .
Sana: 04.10.2024
166

Маълумки, Мовароуннаҳр ҳудудида ўрта асрларда ислом илмларининг бошқа соҳалари каби ҳадис илми доирасида ҳам миллий қадриятлар ва ислом дини ғоялари орасида ўзаро таъсир, мулоқот жараёнлари кечган. Бир неча авлод муҳаддислар фаолияти натижасида Мовароуннаҳр маънавий ҳаёти ҳадислар билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Бугунги кунда Мовароуннаҳр муҳитида муҳим ўрин эгалловчи ҳадис мактаблари фаолияти ва муҳаддислар ҳаёти, улар яшаган даврдаги сиёсий-ижтимоий жараёнлар, фан ва маданиятни яна-да мукаммалроқ ўрганиш талаб этилмоқда. Мазкур йўналишда Мовароуннаҳрда IX асрда яшаб, ижод этган тафсир, ҳадис, ислом тарихи каби илмлар соҳиби, етук муҳаддис, аллома Имом Термизийнинг ҳаёти, ижоди ва унинг ҳадис илмида тутган ўрнини очиб бериш бугунги кунда аҳли илмларимиз олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Чунончи, бу каби тадқиқотлар маданий меросимизни яна-да чуқурроқ ўзлаштиришда, миллий мафкурамизни шакллантиришда, халқимиз маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Суламий Зарир Буғий Термизий 209/824 йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол бир оилада туғилиб, 279/892 йилда шу қишлоқда вафот этган. Имом Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тарихчилар у кишининг “Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган”, – деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Шунингдек, Имом Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигини ёзадилар.

Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Имом Термизий ёшлигидан турли илмларни эгаллашга зўр қизиқиш билан интилган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Ҳадис илмини эгаллаш ва уни ривожлантириш учун ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар Марвазий, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн Мусанно, Суфён ибн Вақийъ ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.

Имом Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаб, бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига сафар қилган. Узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг таъкидлашича, Имом Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида Имом Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларидан таълим олади.

Имом Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “аш-Шамоил ан-набавия”, “ал-Илал фил-ҳадис” (“Ҳадислардаги иллатлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “ат-Тарих” (“Тарих”), “Китоб аз-зуҳд” (“Зоҳидлик китоби”), “Китоб ал-асмо вал-куно” (“Исмлар ва кунялар китоби”) каби асарлар шулар жумласига киради.

Имом Термизийнинг илмий мероси, хусусан, “Сунани Термизий” асарини ўрганиш, асарда келтирилган ҳадисларни илмий таҳлил қилиш, ёшларда миллий мафкура, миллий онгни шакллантиришда, уларнинг ахлоқий тарбиясида ҳадисларнинг аҳамиятини очиб бериш масаласи ушбу мавзунинг долзарблигини яна-да оширади. “Сунани Термизий” ўзининг тузилиши, мавзуларнинг изчил тартибда жойлаштирилиши, ҳадисларнинг муайян мавзуларга оид бобларда тўғри, аниқ ва батафсил акс эттирилишини мазкур услубда яратилган бошқа асарлардан ажралиб турадиган жиҳатларини ўрганиш ҳам давримизнинг муҳим масалаларидан саналади.

Бундан маълум бўладики, ватандошимиз Имом Термизийнинг ҳадисшунослик соҳасидаги ижодий мероси ҳақида ёзилган китоблар диққатга сазовордир. Биргина китобнинг атрофида бу қадар кўп рисола ва китобларнинг ёзилиши, бизларга китобнинг аҳамияти ва қиймати нақадар буюклигини билдиради. Имом Термизийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китоби хорижлик кўплаб уламолар томонидан жуда мукаммал ўрганилган ва бу китоб асосида жуда кўплаб китоблар, рисолалар ёзилган. Афсуски, бизнинг уламоларимиз томонидан бу асар ҳар томонлама илмий тадқиқ этилмаган. Бу асарни ўрганиш, тадқиқ қилиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Демак, бизлар келажакда бу ишларни амалга оширишга масъулмиз ва ҳақлимиз.

Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир. Абу Исо Термизий асарлари ҳозирда ҳам ўз қимматини йўқотган эмас. Унинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”, “аш-Шамоил ан-набавиййа” каби асарларида келтирилган ҳадиси шарифлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-онага нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди.

Сурхондарё вилояти бош имом хатиби А. Сайфидинов

. .