Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: «Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим», дея таъриф берган зот Имом Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизийдирлар. Барчаларимизга маълумки Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ўзимизнинг юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ тақводорлар пешвосидирлар. Бу зот дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган зотлардан бўлиб у кишининг мерослари ҳозирги кунга қадар таълифланиб, эъзозланиб келмоқда.
Имом Термизийнинг кўпгина асарлари бўлиб, улар орасида “Сунан” китоблари алоҳида ўринда туради. Муҳаддис ва унинг “Сунани Термизий” китоби ҳақидаги нафақат замонасининг, балки бугунги куннинг олимлари ҳам ижобий фикрлар билдириб келишмоқдалар.
Муҳаддис ўзларининг бу асарларини 270 ҳижрий санада ёзиб тугатганлар. Ўзларининг асарлари ҳақида шундай дея марҳамат қиладилар: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида ушбу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлади”.
Муҳаддиснинг ҳар бир асарлари бебаҳо мерос ҳисобланади, уни мутолаа қилган кишилар Расул алайҳиссалоту вассаломга боғланадилар. Буюк муҳаддиснинг асарлари ҳақида машҳур ҳанафий олимларидан Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода ўзларининг “Мифтоҳ ас-саода” номли китобларида бундай деганлар: “Буюк ҳофиз уламолардан бири эди. Фиқҳда қимматли асарлари бор. Ҳадисни бир гуруҳ муҳаддис олимлардан ўрганган бўлиб, “биринчи табақа” шайхлари билан кўришган. Ҳадис илмида кўпгина китоблар ёзган. Унинг ушбу “Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ” китоби бу асарлар орасидаги энг фойдалиси, энг ихчам тартиблиси ва энг такрори озидир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар ҳам мавжуд. Жумладан, мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган, саҳиҳ, ҳасан ва ғариб деб ҳадис даражалари аниқ белгиланган. Бу китобда жарҳ ва таъдилга ўрин ажратилган; китоб охирида иллатларга доир махсус бир боб илова қилинган. Хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар”.
Имом Термизий ҳақларида қанча кўп гапирилса шунча оз. Чунки, муҳаддис умрларини расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини ўрганишга бағшлаб мана шу кўзлари ва жонларини фидо қилган зотлардандирлар. Буюк муҳаддисни йўлларини, меросларини ўрганишлик билан уларни ҳолларини дардларини англаймиз.
Барчаларимизга маълумки, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Бундан кўзланган мақсад Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришдир.
Дилшод Алиев,
Бухоро шаҳар “Болои Ҳовуз” жоме масжиди имом-хатиби