Бугунги кунда хорижий давлатларнинг фонд ва музейлари, илмий-маърифий муассасаларида юртимиз тарихига оид кўплаб ноёб ҳужжатлари сақланмоқда. Бундай ноёб манбаларни излаб топиш ва ўрганиш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.
Британия музейи тўпламидан жой олган Бобурийлар альбоми саҳифалари орасидан тарихимизга оид бебаҳо тасвир аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази хабар берди. Ушбу тасвирда XIV асрнинг охири ва XV асрнинг биринчи ярми Темурийлар даври тасаввуф адабиётининг йирик намояндалари – Исмат Бухорий (1365–1436) ва Бисотий Самарқандий (XIV асрнинг 80-йиллари – 1412) сиймоси тасвирланган.
Бобурийлар тасвирий санъати мактабига оид ушбу асарда устоз ва шогирд мулоқоти акс эттирилган, уларнинг ҳар бирининг номи араб ҳарфларида ёзиб қўйилган. Шу пайтгача тадқиқотларга жалб қилинмаган ушбу асар халқимиз тарихига мансуб нодир дурдоналардан ҳисобланади.
Исмат Бухорий – Хожа Фахриддин Исматуллоҳ бинни Масъуд Бухорий Бухоро мадрасаларида таълим олиб, ўз даврининг фозил кишиси даражасига етишади. Шеър илми, аруз ва иншода тенгсиз бўлиб, Исмат ва Носирий тахаллуслари билан ижод қилган. «Хожа Исматнинг ошиқона ғазаллари, орифона сўзлари Шоҳрух султон замонида шу қадар шуҳрат топдики, халқ бошқа шоирлар шеърларини қўлга олмай қўйди», деб ёзади Давлатшоҳ Самарқандий.
Шоир саъй-ҳаракатлари туфайли Самарқандда Халил Султон саройида кучли адабий муҳит юзага келган. Унда Сирожиддин Бисотий Самарқандий, Котибий Нишопурий, Мавлоно Саккокий, Мавлоно Бадахший, Хаёлий Бухорий, Бурундуқ Бухорий каби машҳур шоирлар ижод қилганлар.
Хожа Исмат Бухорий шеъриятда Халил Султонга устозлик ҳам қилган. Бу ҳақда Давлатшоҳ Самарқандий ўзининг «Тазкират уш-шуаро» асарида маълумот беради: «Султон Халил ўз айёми давлатида Хожа Исматуллоҳни бағоят эҳтиром қилар эрди. Шаҳзода илми шеърни Хожадан таълим олур эрди».
Хожа Исмат Бухорий Мирзо Улуғбекнинг таклифи билан бир муддат унинг саройида ҳам хизматда бўлади. XV асрнинг 30-йилларида саройдан кетиб, Бухорода истиқомат қилган. Шоирнинг 8 минг байтли девони ва туркий тилда ёзилган 1035 байтли «Иброҳим Адҳам» номли асари бизгача етиб келган.
Хожа Исмат Бухорийнинг шогирди – Бисотий Самарқандий (XIV асрнинг 80-йиллари – 1412) ҳақидаги илк маълумотлар Жамолиддин Озарийнинг (1382–1462) «Жавоҳир ул-асрор», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» ва Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкираларида келтирилган.
Шоир бўйра тўқиш билан шуғулланган. Ўз устози Хожа Исмат Бухорий билан учрашгунча Хасирий (хасир – бўйра) тахаллуси билан ижод қилган. Шоир девонидан Амир Темурга бағишлаб кўплаб қасидалар ҳам жой олган. Ҳазрат Алишер Навоий тазкираларида Бисотийни «малик ул-калом» деб шарафлайди.
Бисотий Самарқандий шеърлари қўшиқ қилиб куйлангани ва Халил Султонга манзур бўлгани ҳақида Давлатшоҳ Самарқандий шундай ёзади: «Айтурларким, муғаннийлар Халил Султон мажлисида Бисотий шеърларидан бир матлаъ ўқудилар. Подшоҳзодаға хуш келди, киши юборди ва Бисотийни талаб қилди. Анга таҳсиндин сўнг минг танга тилла бахш қилди».
Темурийлар даври адабиёт намояндалари, хусусан, Исмат Бухорий ва Бисотий Самарқандий илмий-адабий меросига оид маълумотлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Темурийлар ренессанси экспозициясида намойиш этилиши кўзда тутилган.