Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси – Маҳмудхўжа Беҳбудий
Muallif: . .
Sana: 20.02.2025
147

“Эй Туркистон маорифи ишларида бўлғон ўртоғ ва ўғлонларим! Мен ўзим гарчи банди бўлсам-да, сизларни эсимдан чиқармайман ва сизларга васият қилиб ўтаман.

Сизларга васият қиламан: маориф йўлида ишлай турғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Биздек маориф” қурбонларини йўқлангизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Мумкин қадар кўпроқ янги мактаблар очиш, шунингдек маориф ва халқ саодатини таъминлаш соҳасида тинмай ишлаш бизга энг яхши ҳайкал бўлади!”

(Васиятномадан)

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқанд шаҳрининг Ёмина маҳалласида таваллуд топган. Аҳмад Яссавий авлодидан. Отаси Султонхўжа Беҳбудий маҳалла масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. Маҳмудхўжа Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олгач, Мирза ва қозилик ишлари билан шуғулланади, сўнгра Жомбойда муфтилик қилган.

Беҳбудий Макка ва Мадинада муборак Ҳаж сафарида бўлган чоғида Ҳижоз, Миср, Усмонли турк султонлигини кезиб чиққан (1899-1900). У 1914 йили иккинчи марта Ҳаж сафарида бўлди. Одесса, Истанбул, Кудсус, Шом ва бошқа шаҳарларда туриб, ўз саёҳати хотираларини Самарқандда ташкил қилган “Ойина” журнали тахририятига жўнатиб турган. Бу сафарлар Беҳбудий дунёқарашига кучли таъсир қилган.

ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларида Туркистон минтақасида вужудга келган жадидчилик хдракатига Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солди. У Самарқандда дастлабки янги усул (жадид) мактаблари очилишига раҳбарлик қилди, бу мактаблар учун турли дарсликлар ёзди.

Дастлабки ўзбек драмаси — “Падаркуш”ни 1911 йилда ёзиб, уни Самарқандда илк марта 1914 йил 25 январда саҳнага қўйдирди. Беҳбудий 1913 йилдан Самарқандда ўзбек ва тожик тилларида “Самарқанд” газетасини чикдрди, ўзбекча “Ойина” журналига асос солди.

Бехбудий Россия империясида яшовчи мусулмонлар ва туркий халқлар манфаати учун изчил курашди. Нижний Новгородда 1906 йили ўтказилган Россия мусулмонлари сездида қатнашди. Февраль инқилобидан сўнг Туркистонда бошланган мухториятчилик харакатининг пешқадам раҳбарларидан бирига айланди. 1917 йили ўтказилган Бутунтуркистон мусулмонларининг барча қурултойларида фаол қатнашди.

1917 йили Самарқандда Абдурауф Фитрат ва бошқалар билан биргаликда “Ҳуррият” газетасига асос солди. У “Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат” (“Хуррият” газетаси, 1918 йил 26 январь) номли мақоласида турли ихтилофлар қилаётган қозоқ биродарларимизни бирликка чақиради. Бироқ Беҳбудийнинг бундай кескин, аммо адолатли эътирозлари 1917-1918 йиллардаги инқилобий тўс-тўполонлар жараёнида инобатга олинмади.

1919- йил 25 мартда учинчи марта Ҳаж сафарига бориш баҳонаси билан Тошкент ва Самарқанддан йўлга чиққан Беҳбудий ҳамда шериклари Муҳаммадқул ва Мардонқул Бухоро амирлиги худудида, яъни Шаҳрисабзда кўлга олиниб, кейинчалик Қарши шаҳрида махфий равишда ўлдирилди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўтган асрнинг 1915 йилларидан бошлаб Россия, Туркия, Туркистон матбуотида 300 га яқин мақоласи, 13 та дарслик, бадиий ва таржима асарлари эълон қилинган. Ушбу мақолаларнинг асосий қисмини таълим-тарбия, маърифатпарварлик ва маданий ғоялар ташкил этади.

У ҳамиша бидъат ва хурофотга қарши кураш олиб борган. Ўз асарларида ислом динининг асл моҳиятини тўғри тушуниш лозимлигини уқтирган, миллий масалаларга кенг эътибор берган, даврий матбуот нашрларида замонасининг долзарб масалаларига бағишланган ижтимоий, сиёсий, тарихий, адабий, маънавий-маърифий мақолалари билан фаол иштирок этган.

Миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшгани учун Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар Қори Абдурашидхоновлар вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди (2020 йил 30 сентябрь).


Интернет манбалари асосида тайёрланди

. .