ТЎРТ МАЗҲАБНИНГ ҲИКМАТИ: Ибн Ражаб Ҳанбалий қарашларида мазҳабга эргашишнинг аҳамияти
Muallif: . .
Sana: 18.08.2026
18

Кириш. Ислом фиқҳи тарихида асрлар оша тўрт машҳур мазҳаб — Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари — мусулмонларнинг амалий ҳаётида шаръий аҳкомларни англаш ва татбиқ этишда муҳим ўрин тутиб келмоқда. Мазҳаблар фақат муайян бир олимнинг шахсий қарашлари мажмуаси эмас, балки Қуръон ва Суннат далилларини тушуниш, улардан ҳукм чиқариш, далилларни ўзаро уйғунлаштириш ва турли ҳолатларда татбиқ этиш борасида шаклланган улкан илмий мактаблардир.

Бу масалада баъзан: «Нима учун оддий мусулмон муайян мазҳабга эргашиши керак? Ахир у Қуръон ва ҳадисга тўғридан-тўғри амал қилиши мумкин эмасми?» деган саволлар ўртага чиқади.

Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари мазкур масалани тушунишда муҳим назарий асослардан бирини тақдим этади. У зот мазҳабларнинг шаклланишини динни чеклаш эмас, балки шаръий илмни тартибга солиш ва унинг бузилиб кетишининг олдини олиш нуқтаи назаридан тушунтирадилар.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
فلو استمر الحال في هذه الأزمان المتاخرة على ما كان عليه في الصدر الأول بحيث أن كل أحد يفتي بما يدعي أنه يظهر له أنه الحق ؛ لاختل به نظام الدين لا محالة ، ولصار الحلال حراما والحرام حلالا .


«Агар кейинги даврларда ҳам ҳолат илк даврда қандай бўлган бўлса, шундай давом этганида, яъни ҳар бир киши ўзига ҳақиқат бўлиб кўринган деб даъво қилган нарсаси асосида фатво бераверганида, шубҳасиз, бу сабабли диннинг тартиби бузилар, ҳалол ҳаромга, ҳаром эса ҳалолга айланиб қолар эди».

Шарҳ:

Бу ерда Ибн Ражаб муҳим бир ижтимоий-илмий муаммони кўрсатмоқдалар. Илк даврда илм аҳлининг муайян шахсларга боғланиб қолмагани, илм доираси кенг бўлгани ва ижтиҳодга қодир уламолар кӯп бўлгани маълум. Аммо кейинчалик исломий жамият кенгайди, турли халқлар исломни қабул қилди, воқеа ва масалалар кўпайди, илмлар ихтисослашди.
Шундай шароитда ҳар бир инсоннинг: «Менга бу ҳукм тўғри бўлиб кўринди, демак, шуни айтаман» деган усулда фатво бериши динда ягона илмий мезоннинг бузилишига олиб келар эди.
Бу ерда Ибн Ражаб «ҳар ким Қуръон ва ҳадис ўқимасин» демаяптилар. Балки, фатво бериш — махсус илмий салоҳият талаб қиладиган иш эканини таъкидлаяптилар.

ولقال كل من شاء ما يشاء ، ولصار ديننا بسبب ذلك مثل دين أهل الكتابين من قبلنا.


«...ва ҳар ким хоҳлаган нарсасини хоҳлаганича айтадиган бўлиб қоларди ва бизнинг динимиз ҳам биздан олдинги икки китоб аҳлининг дини каби бўлиб қолар эди».

Шарҳ:

Аввалги жумладаги хавф бу ерда янада очиқроқ баён қилинмоқда.
Агар диний ҳукмларни белгилашда мазҳаб тамойилидан иборат муайян илмий мезонлар бўлмаса, ҳар ким ўз қарашини ҳақиқат сифатида илгари суриши мумкин бӯлиб қолади. Натижада бир масалада жуда кӯплаб турли-туман, ҳатто бир-бирига зид ҳукмлар тарқалиши ва оддий инсон учун қайси фикрга амал қилишни аниқлаш қийинлашиши юз берар эди. Бу ерда Ибн Ражаб фиқҳий ихтилофнинг ўзини қоралаётганлари йўқ. Чунки мужтаҳид уламолар ўртасидаги фиқҳий ихтилоф Ислом илмларида саҳобалар давридан бошлаб мавжуд. Танқид қилинаётган нарса — илмий мезонсиз, ижтиҳодга лаёқатли бўлмай туриб ҳар кимнинг ўзича дин ҳақида ҳукм чиқаришидир. Бунга йўл қўйиш эса дин аҳкомларида чексиз ихтилофларни юзага келтирувчи ва динни ӯйин қилишга олиб борувчи омил бўлар эди.
فاقتضت حكمة الله سبحانه أن ضبط الدين وحفظه

«Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати динни тартибга солиш ва уни асрашни тақозо қилди».

Шарҳ:

Бу жумла олдинги фикрдан келиб чиқиб билдирилаётган хулосадир. Ибн Ражабнинг баёнига кўра, диннинг бузилишига олиб келадиган тартибсизликнинг олдини олиш ва шаръий илмни сақлаш учун муайян илмий тизим, яъни мазҳаб тамойили ҳамда аҳли илмга мурожаат қилиш, яъни мазҳаб имомларига эргашиш зарурати юзага келди.
Бу ерда фиқҳий мазҳабларнинг шаклланишини, Аллоҳнинг ҳикмати тақозосига кўра, динни сақлашга хизмат қилган сабаблардан бири сифатида тушуниш кераклиги уқтирилмоқда.

بأن نصب للناس أئمة مجتمعا على علمهم ودرايتهم وبلوغهم الغاية المقصودة في مرتبة العلم بالأحكام والفتوى ، من أهل الرأي والحديث


«Бунинг учун У зот (Аллоҳ таоло) одамлар орасида илми ва билими эътироф этилган, аҳкомларни билиш ва фатво бериш борасида кўзланган даражага етган, раъй ва ҳадис аҳлидан бўлган имомларни юзага чиқарди».

Шарҳ:

Ибн Ражаб бу ерда одамлар орасида илм ва фиқҳ соҳасида танилган, шаръий аҳкомларни билиш ва фатво беришда юқори даражага етган имомларнинг ўрнини баён қилмоқдалар. Муаллиф уларни «أهل الرأي والحديث» — «раъй ва ҳадис аҳли» деб таърифлайди.
Бу ерда «раъй»ни оддий «шахсий фикр» маъносида тушуниш нотўғри. Фиқҳий истилоҳда раъй Қуръон ва Суннат далиллари асосида қиёс, ижтиҳод ва бошқа усулий воситалар орқали ҳукм чиқариш билан боғлиқ тушунчадир.

فصار الناس كلهم يعولون في الفتاوى عليهم ، ويرجعون في معرفة الأحكام إليهم


«Шундан сўнг одамлар фатво масалаларида уларга таянадиган ва шаръий аҳкомларни билишда уларга мурожаат қиладиган бўлдилар».

Шарҳ:

Бу жумла оддий инсоннинг аҳли илмга мурожаат қилиши табиий ва зарур эканини кўрсатади. Ҳар бир мусулмоннинг Қуръон, ҳадис, усулул-фиқҳ, араб тили қонун-қоидалари ва бошқа зарур илмларни мужтаҳид даражасида билиши шарт эмас. Шунинг учун инсон билмаган масаласида илм аҳлига мурожаат қилади. Бу маъно Қуръони каримдаги:


فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
«Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» (Наҳл сураси 43-оят, Анбиё сураси 7-оят) деган кўрсатма билан ҳам уйғундир.


وأقام الله من يضبط مذاهبهم ويحرر قواعدهم
«Аллоҳ уларнинг (мужтаҳид имомларнинг) мазҳабларини тартибга солиб, қоидаларини аниқ баён қилиб берган уламоларни ҳам пайдо қилди».



Шарҳ:

Бу ерда Ибн Ражаб мазҳабларнинг кейинги шаклланиш жараёнига ишора қилмоқдалар. Мазҳаблар фақат мужтаҳид имомларнинг қавллари сифатида қолиб кетмаган. Кейинги авлод уламолари уларнинг меросини жамладилар, ривоятларни таҳлил қилдилар, қоидаларини баён қилдилар, усулларини тартибга солдилар, масалаларни тизимлаштирдилар. Шу тариқа мазҳаблар кенг ва мукаммал фиқҳий мактабларга айланди.

حتى ضبط مذهب كل إمام منهم وأصوله ، وقواعده وفصوله


«Ҳатто ҳар бир имомнинг мазҳаби, унинг усуллари, қоидалари ва тафсилотлари тартибга солинди».

Шарҳ:

Бу жумла фиқҳий мазҳабнинг оддий бир шахснинг шунчаки қарашларидан иборат эмаслигини англашда муҳим аҳамиятга эга.
Мазҳабда муайян усуллар, қоидалар, фиқҳий тармоқлар, ривоятлар, қавллар, таржиҳ мезонлари шаклланган. Шунинг учун мазҳабга амал қилишни «бир шахснинг ҳар қандай фикрини қабул қилиш» билан тенглаштириш тўғри бўлмайди.

حتى ترد إلى ذلك الأحكام ويضبط الكلام في مسائل الحلال والحرام .


«Натижада шаръий аҳкомлар ана шу асосларга қайтарилади ва ҳалол-ҳаром масалалари борасидаги фикрлар муайян қоидалар асосида тартибга солинадиган бўлди».

Шарҳ:

Бу ерда мазҳабларнинг амалий вазифаси янада очиқ кўринади.
Яъни, шаръий масалаларда ҳукм чиқариш муайян асос ва қоидаларга боғланади. Натижада ҳалол ва ҳаромга оид масалаларда шахсий хоҳиш эмас, балки илмий усул асосий мезон бўлади.

وكان ذلك من لطف الله بعباده المؤمنين ، ومن جملة عوائده الحسنة في حفظ هذا الدين


«Бу Аллоҳнинг мўмин бандаларига бўлган лутфидан ва У зотнинг бу динни сақлашдаги гўзал одатларидан бири эди».

Шарҳ:

Ибн Ражаб мазҳабларнинг шаклланишини салбий ёки тасодифий жараён сифатида эмас, балки диннинг илмий меросини сақлашга хизмат қилган ҳодиса сифатида баҳоламоқдалар. Бу ерда «عوائده الحسنة» ибораси Аллоҳ таолонинг бандаларига нисбатан юзага чиқарадиган гўзал тадбири ва лутфларини ифодалайди. Муаллиф фиқҳий мазҳабларнинг шаклланишини мана шундай илоҳий тадбир ва гӯзал лутфлар жумласидан эканини таъкидламоқда.

ولولا ذلك : لرأى الناس العجب العجاب ، من كل أحمق متكلف برأيه ، جريء على الناس وثّاب .


«Агар бу бўлмаганида, одамлар ўз фикрини зўрлаб илгари сурадиган, одамларга нисбатан журъатли ва ҳаддан ташқари шошқалоқ ҳар қандай нодон кишидан ажойиб-ғаройиб ҳолатларни кўрган бўлар эдилар». Бу жумла бугунги кун учун ҳам жуда долзарб. Чунки илмда энг хавфли ҳолатлардан бири билмаган ҳолда ҳукм чиқариш.
Ижтимоий тармоқлар шароитида инсон бир нечта китоб ёки видеони кўриб, ўзини фатво бериш даражасига етдим деб ўйлаши мумкин. Ҳолбуки, фиқҳий масалани билиш билан фатво бериш даражасига етиш бир хил нарса эмас. Фатво бериш учун қӯшимча малака ва салоҳият талаб этилади.

فيدعي هذا أنه إمام الأئمة


«Бири ўзини “имомларнинг имоми” деб даъво қилар эди».

Шарҳ:

Ибн Ражаб бу билан асоссиз илмий даъволарнинг оқибатини тасвирламоқдалар.
Агар ҳар бир инсон ўзини илмда юқори мақомга эга деб ҳисоблаб, бошқаларни ҳам унга эргашишга чақирса, фиқҳий илмда ягона мезон ва тартиб сақланиши қийинлашади.

ويدعي هذا أنه هادي الأمة


«Яна бири ўзини “умматнинг йўлбошчиси” деб даъво қилар эди».

Шарҳ:

Бу ҳам аввалги жумланинг давомидир. Ибн Ражаб илмий мақомнинг шахсий даъво билан эмас, балки ҳақиқий илм ва аҳли илмнинг баҳоси билан белгиланишини назарда тутмоқдалар.

وأنه هو الذي ينبغي الرجوع دون الناس إليه ، والتعويل دون الخلق عليه


«У яна: “Одамлар мендан бошқа ҳеч кимга эмас, айнан менга мурожаат қилишлари керак ва халқ мендан бошқасига эмас, менга таяниши лозим”, деб даъво қилар эди».

Шарҳ:

Бу ерда Ибн Ражаб муайян шахсни мутлақ илмий манбага айлантириш хавфини кўрсатмоқдалар. Ислом илмларида олимни ҳурмат қилиш билан унинг сўзини мутлақ ҳақиқат мезонига айлантириш ўртасида фарқ бор. Олимнинг мақоми унинг шахсий даъвоси билан эмас, илм ва ҳақиқатга мувофиқлиги билан баҳоланади.

ولكن بحمد الله ومنته انسد هذا الباب الذي خطره عظيم وأمره جسيم


«Бироқ Аллоҳга ҳамд ва У зотнинг марҳамати билан хатари буюк, оқибати оғир бўлган бу эшик ёпилди».

Шарҳ:

Бу ердаги «бу эшик ёпилди» иборасини «ижтиҳод эшиги мутлақо ёпилди» деб тушуниш тўғри эмас. Чунки Ибн Ражаб матннинг кейинги қисмида ижтиҳод даражасига етган баъзи кишиларнинг мавжудлигини очиқ тан оладилар.
Демак, бу ерда гап ҳар кимнинг ўзини мутлақ диний раҳбар сифатида кўрсатиши ва асоссиз равишда фатво майдонига кириб келишига олиб келадиган тартибсизлик эшиги ҳақида бормоқда.

وانحسمت هذه المفاسد العظيمة


«Шу билан ана шу катта бузғунчиликларнинг олди олинди».

Шарҳ:

Мазҳабий мактабларнинг шаклланиши ва фиқҳий мероснинг тартибга солиниши натижасида шаръий аҳкомларни ўрганиш ва татбиқ этишда муайян илмий мезонлар сақланди.

وكان ذلك من لطف الله تعالى لعباده وجميل عوائده وعواطفه الحميمة


«Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган лутфи, У зотнинг гўзал тадбири ва юксак раҳм-шафқатларидан эди».

Шарҳ:

Ибн Ражаб юқорида баён қилинган жараённи яна бир бор Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган лутфи сифатида таърифламоқдалар.
Яъни, диннинг илмий мероси сақланиши ва унинг қоидалар асосида кейинги авлодларга етиб бориши Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган марҳаматларидан бири сифатида қаралмоқда.

ومع هذا فلم يزل يظهر من يدعي بلوغ درجة الاجتهاد


«Шунга қарамай, ўзини ижтиҳод даражасига етган деб даъво қилувчилар ҳамон пайдо бўлиб туради».

Шарҳ:

Бу жумла аввалги фикрни муҳим тарзда тўлдиради. Ибн Ражаб «ижтиҳод мутлақо тугади» демаяптилар. Аксинча, кейинги даврларда ҳам ижтиҳод даражасига етганини даъво қилувчилар пайдо бўлишини айтмоқдалар.
Шунинг учун бу матнни «Ибн Ражаб мутлақ ижтиҳод эшигини бутунлай ёпилган деб ҳисоблайди» деган хулоса билан талқин қилиш тўғри эмас.

ويتكلم في العلم من غير (تقليد لأحد) من هؤلاء الأئمة ولا انقياد فمنهم من يسوغ له ذلك ؛ لظهور صدقه فيما ادعاه ، ومنهم من رد عليه قوله وكذب في دعواه.


«Уларнинг айримлари ана шу имомлардан бирортасига тақлид қилмасдан ва уларга эргашмасдан туриб илм ҳақида гапиради. Уларнинг баъзиларига даъвосида ростгўйлиги аён бўлгани учун бундай қилишга рухсат берилади, баъзиларининг эса сўзи рад қилинади ва даъвосида ёлғончи экани баён қилинади».

Шарҳ:

Бу ерда матннинг энг нозик нуқталаридан бири баён қилинмоқда. Ибн Ражаб ўзини “мужтаҳид” деб даъво қилганларнинг барчасини бир хил баҳоламайдилар.

У зот икки ҳолатни ажратадилар:

Биринчиси: ҳақиқатан ҳам даъвосида ростгўйлиги аён бўлган ва ижтиҳод даражасига муносиб илмий салоҳиятга эга киши. Лекин бундайлар тарихда жуда ҳам камёб ҳисобланади.

Иккинчиси: ўзини ижтиҳод даражасига етган деб даъво қилган, аммо бу даъвонинг ҳақиқати тасдиқланмаган киши. Демак, «мен мужтаҳидман» деган шахсий даъвонинг ўзи етарли эмас. Ижтиҳод — илмий мақом. Унинг ҳақиқати илм аҳли томонидан баҳоланади.

وأما سائر الناس من لم يصل إلى هذه الدرجة


«Аммо бу даражага етмаган бошқа барча одамларга келсак...»

Шарҳ:

Бу ерда Ибн Ражаб масалани оддий мусулмонларга татбиқ қилмоқдалар.
Агар инсон ижтиҳод даражасига етмаган бўлса, гарчи баъзи соҳаларда етук олим бӯлса-да, у мустақил равишда Қуръон ва Суннатдан фиқҳий ҳукмларни чиқариш даъвосини қилмаслиги керак.
Бундай кишининг вазифаси мужтаҳид имомлардан бирининг йӯлига эргашишдир.

فلا يسعه إلا تقليد أولئك الأئمة ، والدخول فيما دخل فيه سائر الأمة.


«Улар учун ана шу имомларга тақлид қилишдан ва умматнинг бошқа аъзолари кирган йўлга киришдан бошқа чора йўқ».

Шарҳ:

Бу Ибн Ражаб баёнининг хулосасидир. У зот одамларнинг илмий даражасига қараб вазифаларини фарқламоқдалар. Ижтиҳод даражасига етган киши — ижтиҳод қилади.
Ижтиҳод даражасига етмаган киши эса — мужтаҳид имомнинг мазҳабига эргашади.
Шу маънода оддий мусулмоннинг мазҳабга эргашиши унинг Қуръон ва Суннатга амал қилишдан воз кечиши эмас. Балки у Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришда ўзи етмаган юксак илмий даражадаги уламоларнинг фиқҳий меросига таянади.

Бугунги кун учун муҳим методологик хулоса шуки, баъзан: «Биз мазҳабга эргашмаймиз, Қуръон ва Суннатга эргашамиз»,
деган қараш илгари сурилади. Албатта, Қуръон ва Суннатга эргашиш ҳар бир мусулмоннинг мақсадидир. Аммо масала Қуръон ва Суннатга эргашишни хоҳлашнинг ӯзида эмас, балки улардан шаръий ҳукмни ким ва қандай илмий усул билан чиқаришидадир. Ана шунда кишининг Қуръон ва суннатга ҳақиқатда эргашаётгани, ёки "тӯғридан-тӯғри Қуръон ва суннатга эргашиш" даъвоси орқали ӯз ҳавойи нафсига эргашаётгани маълум бўлади.

Якуний хулоса Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзлари тўрт мазҳабнинг шаклланишини тушунишда муҳим илмий манбалардан бири ҳисобланади.
Матндан кўринадики, мазҳаблар бир шахснинг шахсий фикрларидан иборат оддий қарашлар мажмуаси эмас, балки мужтаҳид имомларнинг фиқҳий мероси кейинги авлод уламолари томонидан усуллари, қоидалари, ривоятлари, қавллари ва фуруъ масалалари билан биргаликда тартибга солинган илмий мактаблардир.
Ибн Ражабнинг баёнида мазҳабларнинг аҳамияти, аввало, диндаги илмий тартибни сақлаш ва шаръий аҳкомларнинг шахсий хоҳишлар асосида ўзбошимчалик билан белгилаб қўйилишининг олдини олиш нуқтаи назаридан намоён бўлади.
Шу билан бирга, ушбу матндан «ижтиҳод эшиги мутлақо ёпилган» деган хулоса чиқариш тўғри эмас.

Ибн Ражабнинг ўзи ижтиҳод даражасига ҳақиқатан етган кишининг мустақил ижтиҳод қилиши мумкинлигини тан олмоқда. Бироқ бу даражага етмаган кишининг вазифасини ҳам аниқ белгилаб бермоқда:
فلا يسعه إلا تقليد أولئك الأئمة

«У учун ана шу имомларга тақлид қилишдан бошқа чора йўқ». Шундай экан, масалани:
«Мазҳабми ёки Қуръон ва Суннатми?» тарзида қўйиш мантиқан тўғри эмас.
Чунки мазҳаблар Қуръон ва Суннатдан шаръий аҳкомларни чиқаришнинг мужтаҳидлар томонидан шакллантирилган ва кейинги уламолар томонидан тартибга солинган илмий мактабларидир. Энг муҳими, ҳар бир инсон ўзининг илмий даражасини тўғри англаши, дин ҳақида билмаган нарсасини гапирмаслиги ва шаръий масалаларда ишончли аҳли илмга мурожаат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бизларни илмни илм аҳлидан олиш, ҳақиқатга холисона эргашишга муваффақ қилсин.

Манба: Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий, Мажмуъ ар-расоил, 2-жилд, 623-бет.



Асрорхон Махмудов
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси

. .