Мир Араб олий мадрасасида 2026-2027 ўқув йили бошланди
Muallif: . .
Sana: 07.09.2026
2

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 2026-2027 ўқув йилининг очилиши муносабати билан Мир Араб олий мадрасасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида тадбир бошланди.


Тадбирда Олий мадраса ректори Жобир домла Элов, Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Учқун Авлиёқулов, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Шуҳрат Толибов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, “Диний фанлар” кафедраси мудири Нарзулло Ахмедов ҳамда Олий мадраса ўқитувчилари, бўлим бошлиқлари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради. Шундан сўнг Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва янги ўқув йилининг баракали бўлиши сўраб дуо-фотиҳа қилинди.

Тадбирни Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов кириш сўзи билан очиб берди. Ректор Жобир домла Элов ўз сўзида барча устоз ва талабаларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги 2026–2027 ўқув йили бошлангани билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, юртимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш ва келажакда етук мутахассислар бўлиб камол топиши учун яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди.

Жобир домла Элов янги ўқув йилида устозлар зиммасига катта масъулият юкланишини, талабалар эса берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, илм олишга янада жиддий ёндашишлари зарурлигини таъкидлади. Барча устоз ва талабаларга янги ўқув йилида улкан зафарлар, мустаҳкам соғлик, илм йўлида барака ва муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг Мир Араб олий мадрасаси ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Учқун Авлиёқулов ҳам нутқ сўзлаб, янги ўқув йили муносабати билан устоз ва талабаларни самимий қутлади. Ўз нутқида таълим жараёнида интизом, масъулият ва фаоллик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, талабаларни билим олишга, устозларни ҳурмат қилишга, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этишга ҳамда берилган имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди. Шунингдек, янги ўқув йилида таълим ва тарбия жараёнини янада самарали ташкил этиш, талабаларнинг ҳар томонлама етук шахс бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.

Тадбир давомида Мир Араб олий мадрасасига янги қабул қилинган 1-босқич талабалари тантанали равишда тақдирланди. Уларга эсдалик совғалари топширилиб, янги таълим босқичида илм олишлари, изланишлари ва келажакда етук мутахассис бўлиб камол топишлари тилаб қолинди.

Тадбир якунида Мир Араб олий мадрасаси “Диний фанлар” кафедраси мудири Нарзулло Ахмедов сўзга чиқиб, устоз ва талабаларни янги ўқув йили билан муборакбод этди. У ўз нутқида диний таълимнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни эзгулик, илм-маърифат ва юксак ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялашдаги аҳамиятига тўхталиб ўтди. Шунингдек, талабаларни илмни пухта эгаллаш, устозлардан ибрат олиш, ўз устида мунтазам ишлаш ва келгусида олган билимларини халқ ва юрт манфаати йўлида эзгу мақсадларга сафарбар этишга чақирди.

Янги ўқув йили барча устоз ва талабалар учун хайрли, баракали ва муваффақиятли бўлиши тилаб қолинди.

. .