ОСОН БОЙЛИК ИЛЛЮЗИЯСИ. БИР ТРИЛЛИОН СЎМЛИК ХАВФ: КИБЕРФИРИБГАРЛАР ТУЗОҒИГА ТУШМАНГ!
Muallif: . .
Sana: 09.10.2026
10

Интернетдаги биргина эҳтиётсизлик инсоннинг йиллар давомида тўплаган маблағидан айрилишига сабаб бўлиши мумкин. Бугун кибержиноятчилик нафақат шахсий хавфсизлик, балки бутун жамият учун жиддий таҳдидга айланмоқда.

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонда 69 мингдан ортиқ кибержиноят содир этилгани маълум қилинди. Ички ишлар вазирлиги томонидан Контент марказида ўтказилган матбуот анжуманида келтирилган маълумотларга кўра, кибержиноятлар оқибатида фуқароларнинг 1 триллион сўмдан ортиқ маблағи ўғирланган.

Вазирликнинг Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Саъдуллаевнинг таъкидлашича, ушбу маблағларнинг 210 миллион сўми ўз эгаларига қайтарилган.

Бу рақамлар киберхавфсизлик масаласига ҳар бир фуқаро жиддий эътибор қаратиши зарурлигини кўрсатади.

Кибержиноятчилар қандай усуллардан фойдаланмоқда?

Бугунги кунда фирибгарлар турли замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали фуқароларни алдашга ҳаракат қилмоқда.

Айниқса, қуйидаги усуллар кенг тарқалган:

1. Сохта телефон қўнғироқлари. Фирибгарлар ўзларини банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки бошқа расмий ташкилот ходими сифатида таништириб, фуқаролардан банк картаси маълумотлари ва тасдиқлаш кодларини сўрайди.

2. Шубҳали ҳаволалар. «Сиз соврин ютдингиз», «Картангиз блокланди», «Сизга моддий ёрдам ажратилди» каби хабарлар орқали фуқаролар сохта сайтларга йўналтирилади.

3. Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик. Сохта савдо саҳифалари, арзон маҳсулотлар, юқори даромад ваъда қилувчи инвестиция таклифлари орқали пул маблағлари ўзлаштирилади.

4. Зарарли дастурлар. Номаълум манбалардан юклаб олинган иловалар телефондаги шахсий маълумотлар, пароллар ва молиявий ахборот хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

5. Сунъий интеллект ёрдамида алдаш. Айрим фирибгарлар таниқли инсонлар, халқ артистлари, таниқли актёрлар овози ёки тасвирини сохталаштириб, унинг яқинларидан пул талаб қилиш каби усуллардан фойдаланмоқда.

Нима учун одамлар киберфирибгарлар тузоғига тушмоқда? Кибержиноятчилар кўпинча техник имкониятлардан кўра инсоннинг ишонувчанлиги, қўрқуви ва шошқалоқлигидан фойдаланади.

Масалан, «Ҳозироқ тасдиқламасангиз, картангиз блокланади» деган хабар инсонни саросимага солиши мумкин. Натижада у вазиятни текширмасдан, махфий маълумотларини бегона шахсга тақдим этади.

Шу сабабли киберхавфсизлик фақат мутахассислар билиши лозим бўлган соҳа эмас. У ҳар бир интернет фойдаланувчиси учун зарур ҳаётий кўникмадир.

Киберҳужумлардан қандай ҳимояланиш мумкин? Кибержиноятларнинг олдини олишда оддий, аммо муҳим хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш катта аҳамиятга эга.

  • Банк картангиз маълумотларини сир сақланг. PIN-код, CVV/CVC рақами ва SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга айтманг.
  • Номаълум ҳаволаларни очманг. Ҳар қандай хабардаги интернет манзилини текширмасдан унга кирманг.
  • Кучли пароллардан фойдаланинг. Турли аккаунтларга алоҳида парол ўрнатинг ва икки босқичли ҳимояни ёқинг.
  • Шубҳали иловаларни ўрнатманг. Дастурларни фақат ишончли расмий манбалардан юклаб олинг.
  • Шошилинч пул сўровларини текширинг. Ҳатто хабар таниш инсон номидан келган бўлса ҳам, у билан бошқа ишончли алоқа воситаси орқали боғланинг.
  • Шахсий маълумотларни ҳимоя қилинг. Паспорт, банк картаси ва бошқа муҳим ҳужжатлар тасвирларини очиқ тармоқларда тарқатманг.
  • Фирибгарликка дуч келсангиз, зудлик билан чора кўринг. Банк билан боғланиб, картани блоклатинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

Ёшларнинг киберхавфсизлик маданиятини ошириш — давр талаби

Бугун ёшлар таълим олиш, ахборот излаш, мулоқот қилиш ва молиявий операцияларни амалга оширишда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Бироқ интернет имкониятларидан унумли фойдаланиш билан бир қаторда, унинг хавф-хатарларини ҳам англаш муҳимдир.

Айниқса, таълим муассасаларида киберхавфсизлик бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш, талабаларга интернет фирибгарлигининг янги усулларини таништириш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Зеро, рақамли саводхонлик — фақат компьютер ёки телефондан фойдаланишни билиш эмас, балки виртуал муҳитда ўзини ва бошқаларни ҳимоя қила олиш ҳамдир.

Хулоса. Киберхавфсизлик ҳар биримиздан бошланади. Қарийб 70 мингга яқин кибержиноят ва 1 триллион сўмдан зиёд молиявий зарар — бефарқ қараб бўлмайдиган кўрсаткичлардир.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг ҳушёрлиги, ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиши ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиши муҳим ўрин тутади.

Унутманг! Кибержиноятчилар учун энг қулай имконият — сизнинг бир лаҳзалик эҳтиётсизлигингиздир!

Шахсий маълумотларингизни асранг, шубҳали хабарларга ишонманг ва рақамли дунёда доимо ҳушёр бўлинг!

Маълумотлар асосида Салават Абдурахмонов тайёрлади

. .