ТАРИХДАН ИБРАТ ОЛАЙЛИК! (ВАБО МУАММОСИ ВА ЕЧИМЛАР)
Muallif: . .
Sana: 30.06.2020
981

Мусулмон инсон ҳаёт доим бир текис, хурсандчилик ва шох-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларини турли хил мусибатлар, имтиҳонлар билан синаб туришини билади.

Бизга берилган бу синов ва имтиҳон ҳам беҳикмат эмаслигини, Аллоҳ таоло бандаларига ҳаргиз зулм қилмаслигини, хоссатан, мўмин ва мусулмонларни ҳаргиз азоблашни истамаслигини ҳис қилиб, қалбимиз бир томондан таскин топади. Бу пайтда киши тафаккур, шукр ва сабр қилса, бу имтиҳон ҳам у учун хайриятли бўлиши мумкин.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ дейди: "Бошга тушган аянчли воқеа ва ҳодисаларни ёмон кўрманглар. Эҳтимол, ўша кариҳ, ёқимсиз кўрилган иш нажотингиз бўлиши мумкин. Эҳтимол, сизга (яхши) таъсир қилган иш ҳалокатингиз бўлиши мумкин.

Аллоҳ томон юзланишга сабаб бўлган мусибат Аллоҳ зикридан ғафлатда қолдирувчи неъматдан яхшироқдир.

(Гоҳида) банда учун яхши кўрган нарсасидан кўра ёқтирмаган нарсаси яхшироқ бўлади. Чунки, ёқтирмаган нарсаси (сабабидан аламланиб, озорланиб ва у нарса уни) дуо қилишга ундайди. Яхши кўрган нарсаси эса (баъзан, ҳақ йўлдан) чалғитади.”

Барчага маълумки, дунёнинг икки юзга яқин давлатларини қамраб олган бу коронавирус падемияси бизнинг ҳам юртимизни четлаб ўтмади.

Хўш, бундай синовли кунларда мусулмон киши ўзини қандай тутиши ва нималарга кўпроқ эътибор бериши лозим.

Мутахассислар бу касалликдан қутулиш йўлларидан бири инсонларга аралашмасдан ёлғизда бўлиш эканини таъкидлашмоқда. Шунинг учун ҳам бугун “Уйда қолинг!” шиори бутун дунё шиорига айланди. Бу шиор худди Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидан олинган каби эшитилади.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Мусулмон киши вабо ёки бирор бир юқумли ёмон касаллик тарқалган вақтда ўз уйида, оила аҳлини ҳимоя қилган ҳолда ўтириши керак. Бу ҳақда Имом ал-Бухорий ўзларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки:

“Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан тоъун (вабо) ҳақида сўрадим. Шунда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “У Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган бир азоби бўлиб, хоҳлаган бандасига юборар эди. Лекин, мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг раҳматидир. Кимки, мана шу тоъун тарқалганида ўз шаҳрида ёки ўз уйида сабр қилиб, савоб умид қилган ҳолда ва унга Аллоҳ таолонинг ёзганидан бошқа нарса етмаслигига ишонган ҳолда ўтирса, унга шаҳиднинг ажри баробарида ажр берилади”, - дедилар”.

Бунги вазиятда Ҳукуматимиз раҳбарияти, тиббиёт мутахассислари нимани тавсия этаётган бўлса, шунга амал қилиш, эҳтиёт чораларини кўриш шариат томонидан ҳам қўллаб-қувватланади. Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир” (Нисо сураси, 59-оят).

Жисмонан покликка чорлаган динимиз, ботиний, руҳий, маънавий покликни ҳам унутмасликни таъкидлайди. Яшаб турган бу дунёмиз сабаблар олами ҳисобланади.

Одатда одамнинг бошиига мусибатлар уларнинг гуноҳлари сабабидан келади. Гуноҳларни кетказгувчи даслабки амал Роббимизга истиғфор ва тавбада бардавом бўлишдир. Сўнгра Аллоҳ таолонинг ибодати, зикри, Каломининг тиловатида ва унга дуода доимо машғул бўлиш керак. Ўзимиз ва Роббимизга маълум, аммо одамларга сир бўлган, агар улар билса, шармандамиз чиқадиган гуноҳларимизни тарк, ҳа, бутунлай тарк қилишимиз керак. Шунга яраша қатъий тавба қилишимиз керак.

Уламолар инсон бошига келган мусибат, балолардан сақланиш учун қуйидаги ҳадисга амал қилишни тавсия қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда: “Бисмиллаҳиллазий ла язурру маъасмиҳи шайун фил арзи ва ла фис-самаи ва ҳувас самийъул алийм”, деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, дедилар.

Маъноси: Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир.

Тарихдан вабо ёки шунга ўхшаш касалликлар тарқаган вақтда қандай тадбирлар амалга оширилгани билсак бўлади.

Масалан, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Ал-бидая ван ниҳая" китобидан келтирадилар: "Ироқ, Ҳижоз ва Шомда касаллик, безгак ва ўлат тарқалди. Ҳатто саҳродаги қушлар ҳалок бўлди. Навбат ҳайвонларга келди. Қора шамол қўзғолди. Дарахтлар синиб тушди. Момоқалдироқ гумбурлади.

Сўнг халифа Муқтадий Биамриллоҳ амру маъруф ва наҳйи мункарни янгидан бошлашни, беҳуда лағв ва ўйинларни тўхтатишни амр қилди. Ана шундан сўнг вазият яхшиланди".

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ “ал-Миръот”да 449 (тўрт юз қирқ тўққизинчи) йилдаги ҳодисаларни ёритар экан, шундай дейди: “Жумодул охир ойининг охирларида менга Бухородан мактуб келди. Унда шундай дейилганди:

Биз тарафларда мисли кўрилмаган даҳшатли ўлат тарқалди. Бир куннинг ўзида шаҳарни 80 минг нафар одам ташлаб чиқиб кетди. Самарқандда касаллик шу даражада авж олиб кенг тарқадики, ҳар куни олти мингдан зиёд одамнинг ёстиғи қуриб борди. Тирикларнинг асосий қиладиган иши кечаси ҳам кундузи ҳам фақат ўлик ювиш, кафанлаш ва дафн этиш бўлиб қолди.

Касалларнинг ўпкаси йиринглаб, оғзидан қон келиб ўларди. Баъзиларининг эса оғзидан қонга буланиб, қандайдир номаълум қурт ҳам чиқарди. Шаҳар аҳолиси ўта ночор аҳволга тушиб қолди. Одамлар ўлат олдида мутлақ ожиз эдилар. На бирор табиб ва на бирор руқячи бу дардни даволай олмади. Фақат ва фақат Аллоҳдан нажот кутишдан бошқа чора қолмади.

Ўлатдан қутулиш учун мутасаддилар тарафдан кўчага чиқиш қатъий тақиқланди. Икки мингдан ортиқ ҳовлининг дарвозалари ичида одамлари билан ташқаридан дамбалаб ташланди. Азим шаҳар кўчалари худди арвоҳ шаҳридек ҳувиллаб қолди. Халқ ўлатдан халос бўлиш учун ёппасига Аллоҳга ёлбориб тавба қила бошлади. Бойлар оммавий тарзда садақа тарқатишни йўлга қўйди. Эркаклар масжидлардан чиқмасдан жамоа бўлиб, Аллоҳга йиғлаб дуо қилди. Қорилар тинимсиз хатми Қуръон ўқишди. Ароқхўрлар ичишни ташлади ва уйларидаги ароқларини ахлатга оқиздилар. Ароқ ишлаб чиқарувчилар асбоб-ускуналарини синдириб улоқтиришди. Ҳукумат тарафдан одамларнинг уйида ароқ ва шу каби ҳаром ичимликлар қолган-қолмаганини текширадиган махсус гуруҳ тузилди. Улар ҳар бир ҳовлига биттама-битта кириб текшира бошлашди. Шу тарзда бало чекина бошлади”.

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолодан бу балони биздан аритишини, касаллик билан фаол курашаётган мутасаддилар ҳамда тиббиёт ходимларига куч-қувват, сиҳат-саломатлик беришини, халқимизга эса офият сӯраймиз. Ўзимизга керакли хулосани чиқариб, шахсимизни ислоҳ қилишимизни Аллоҳ насиб этсин.

САИДОВ ИБРОҲИМЖОН

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .