Мир Араб олий мадрасасида қабул имтиҳонларини ўтказиш куни белгиланди
Muallif: . .
Sana: 26.08.2020
1142

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими томонидан қабул имтиҳонлари борасида қуйидагилар маълум қилинди.

Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий таълим муассасаларида қабул имтиҳонларини карантин талабларига қатъий амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, абитуриентларнинг узоқ вақт бир жойда ўтириб қолишига йўл қўймаслик мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, қабул имтиҳонлари учта фандан иккита фанга ўтказилди, ижодий имтиҳонлар қисқартирилди. Қабул имтиҳонларини карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда очиқ майдонларда ўтказиш белгиланди.

Мир Араб олий мадрасасида қабул имтиҳонлари 2020 йил 10 сентябрь куни “Фиқҳ ва ақоид”, “Ўзбекистон тарихи” фанларидан тест синовии шаклида ўтказилади.

Имтиҳон ўтказиш жойи – Бухоро вилояти Когон тумани Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ҳудудида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси биносининг очиқ айвон қисми.

Абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда қабул имтиҳонларига киритилади:

- дизенфекция тоннелидан ўтказилади;

- тана ҳарорати масофадан ўлчаш қурилмаси орқали ўлчанади;

- тиббий ниқоб, қўлқоп ва кепка билан таъминланади.

Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойга киритиш эрталаб соат 6:00 дан 6:30 гача давом этади, 6:30 дан 7:00 гача саволлар китобчалари ва жавоблар варақасини тарқатиш, жавоблар варақасини тўлдириш тартиби тушунтирилади.

Тест синовлари эрталаб 7:00 дан 9:20 гача давом этади, тест синовлари бошлангандан кейин келган абитуриент имтиҳонларга киритилмайди.

Абитуриентлар қабул имтиҳонларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва имтиҳонга кириш рухсатномаси билан келиши шарт. Мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда абитуриент имтиҳонларга қўйилмайди.

Имтиҳонга кириш рухсатномаси qabul.muslim.uz портали орқали абитуриент томонидан чиқариб олинади.

Эслатиб ўтамиз, қабул имтиҳонлари ўтказиладиган жойларда абитуриенталарнинг ота-оналари ва яқинлари учун алоҳида жойлар тайёрланмайди.

М.ХОДЖАЕВ

Мир Араб олий мадрасаси проректори

. .