
Бугун 1 октябрь мамлакатимиз миқёсида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» кенг нишонланмоқда. Дарҳақиқат бизнинг динимиз устоз ва муаллимларни доимо эъзозлаш ва уларни ҳурматини жойига қўйишга тарғиб қилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда олим ва устозларни мақом ва мартабаларини юқорига кўтариб, бундай марҳамат қилади:
«Биладиганлар ва билмайдиганлар тенг бўлурми». (Зумар сураси, 9-оят)
Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга ҳам «Роббим илмимни зиёда қилгин деб дуо қилгин» маъносида ваҳий нозил қилинган. (Тоҳа сураси, 114-оят)
У зот ўз ҳадиси шарифларида илмни афзал эканини ифолайдиган гапни айтганлар: «Бир фақиҳ (фиқҳ илмининг олими) шайтонга мингта обид инсондан ашаддийроқдир». Бу сўзлар эса ўз навбатида илмни, таълимни ибодатдан афзал эканини ифодалайди. Зеро илмга асосланмаган ибодат самарасиздир.
Куни кеча Республика миқёсида устоз ва мураббийлар кунига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва юртумиздаги барча устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан муборакбод этди.
Шунингдек президент ўз нутқида ўқитувчи ва мураббийларни табриклаш асносида таълим соҳасига оид бир қанча ютуқлар ва камчиликларни ҳам санаб ўтди.
Таълим соҳасида ХХI асрда бизнинг юртимизда учинчи ренессансни амалга ошириш вақти келгани ва бунинг учун барча устоз ва муаллимлар бир ёқадан бош чиқаришлиги, таълим соҳасида изчил ўзгаришлар қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Бунинг учун бизга таълимнинг узвий боғлиқлигини таъминловчи асосий тўррта таянч бўлиши кераклиги уқтирилди. У ҳам бўлса фидоий боғча тарбиячилари, малакали профессор ўқитувчилар, илмий соҳадаги тадқиқотчилар ҳамда ота-оналардир. Айнан шулар биргалашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсалар биз айтган натижа амалга ошиши мумкин.
Шунингдек муҳтарам Президентимиз ўз нутқининг давомида таълим соҳасига доир ютуқларни зикр қилар экан, жумладан, соҳада Республикада кўзга кўринган ва ривожланган мактаблардан бири Бухоро вилоятининг Қоракўл вилоятида жойлашган, математикага ихтисослаштирилган 52-мактаб интернати ва 1-академик лицейининг муваффаққиятларини алоҳида таъкидлаб, бу мактабнинг асосчиларидан бўлган Жумаев Тўхтамурод домлани «Эл юрт олдидаги хизматлари учун» ордени билан тақдирлади.
Ҳақиқатдан ҳам ушбу мактаб ва лицей ўқитувчилари бунданда катта мукофотларга лойиқдир. Зеро ҳар йили ушбу даргоҳ битирувчиларининг 95% дан зиёди олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлади. Қарийб юзга яқин ўқувчи республика ва яна юзга яқин ўқувчилар эса халқаро олимпиядалар совриндоридир. Шунинг учун президент барча вилоят ҳокимларига, таълим мутасаддиларига ушбу билим юртидан ўрнак олиб, унинг услубини ўзларига татбиқ қилишларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шу муносабати билан Мир Араб Олий мадрасаси ректори Ҳ.Йўлдошхўжаев бошчилигидаги бир қанча устозлар шу куннинг ўзидаёқ Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган Бухоро давлат университети қошидаги биринчи академик лицейга ташриф буюрдилар.
Ушбу таълим муассаса раҳбарияти, устоз ва мураббийларини касб байрамлари билан муборакбод этилди. Ҳамда ушбу ўқув даргоҳининг фаолияти билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Академик лицейни битирган талабаларнинг билим савияси юқори даражада эканини кўрган инсоннинг хаёлига бирданига таълим муассасасининг моддий техник базаси, шарт шароитлари жуда замонавий ва ўта яхши бўлса керак, деб ўйлайди. Аммо таълим даргоҳи билан танишиб чиққач шуни хулоса қилиш мумкинки, ўқув даргоҳининг ҳолати, жиҳозланганлик, таъмирланганлик даражаси унчалик юқори савияда эмас. Республикада керак бўлса моддий техник базаси бу таълим муассасасидан яхши бўлган жойлар талайгина. Шундай бўлса ҳам бу жой ўқувчиларининг билим савияси юқори даражада. Бу эса ўқувчиларнинг кучли билимга эга бўлиб чиқаётганига асосий сабаб, улар учун яратиб берилаётган шароитларнинг зўр эканида эмаслигини, балки, ушбу лицей талабаларининг Республикада илғор бўлишларига муасаса ўқитувчиларининг талабалар билан мунтазам ишлаб бориши, уларни тинимсиз назорат қилиши, уларнинг ота-оналари билан тез-тез мулоқот қилиб туриш, дарсдан ташқари вақтларда улар билан қўшимча ишлаш, каби омиллар ўқувчиларнинг яхши билим олишларига таъсир қилган деган фикр келади. Таълим муассасасида назорат шунчалик ўрнатилган эканки, ҳатто ўқувчилар ўзлари билан бирга телефон ускуналаридан фойдаланишлари, ўқишга келганларидан то ҳафтанинг охирги ўқиш куни – шанба кунигача таълим муассасасидан ташқарига чиқиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган экан. Шунинг учун ҳам ушбу таълим муассасасида ўқиш истагида бўлган ўқувчилар сони талайгина бўлиб, мамлакатимизнинг турли жойларидан ушбу жойда ўқиш истагида Қоракўл туманига келганини кўриш мумкин.
Ўқув муассасаси билан танишиб чиқар эканмиз, олий мадраса ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, олий диний таълимга ҳам ушбу таълим муассасасида бўлган айрм тартиб интизомларни жорий қилиш кераклигини айтиб ўтди. Дарҳақиқат, таълимнинг ривожланишида ўзаро фикр, тажриба алмашиш катта роль ўйнайди. Тажриба бу оқибат ойнасидир.
Шундай экан, биз олий мадраса ўқитувчи ва мураббийлари ҳам олий мадрасанинг таълимини юқори чўққиларга олиб чиқиш, Бухорони қайтадан исломнинг қуббаси, диннинг ўчоғи қилишни мақсад қилдик. Албатта, бунинг учун кўплаб, изланиш, тинимсиз меҳнат, қаттиқ тартиб интизом керак бўлади.
Аллоҳ таоло диний соҳани ривожлантириш учун қилинаётган, ҳамда қилиниши режа қилинган ишларни муваффақиятли амалга оширишда ўзи ёрдамчи бўлсин. Юртимиздан яна Бухорий, Термизий, Марғинонийлар каби буюк инсонлар етишиб чиқишини насиб қилсин. Омин!
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
РўзимуҳаммадТўхтасинов
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
