Ҳаёт – энг улуғ неъмат
Muallif: . .
Sana: 08.12.2020
911

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтар эдилар: “Агар, кечга пайт келса, тонгни кутма. Агар, тонга етсанг, тунни кутма. Саломатлик вақтингдан унумли фойдалан, эртага бемор бўлишинг бор. Тириклик ҳолингдан фойдалан, эртага вафот топишинг бор”. (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисни қисқача шарҳлайдиган бўлсак. Бу дунёда инсон, Аллоҳ таоло қанча яшашини истаган бўлса шунча умр кечиради. Сўнг барибир бир куни дунёдан кетади. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасининг 185- оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир”.

Инсон қанчалар узоқ умр кўрмасин, барибир бу дунё фонийдир. Бу очиқ-ойдин ҳақиқат. Биз ҳар куни бунга гувоҳ бўлмоқдамиз ва ҳар лаҳзада ҳис этмоқдамиз. Сўнгра, инсон абадий, ниҳоясиз ҳаётда яшашни давом эттиради. Бу эса, охират ҳаётидир. Қиёматда Аллоҳ таоло инсонларни қабрларидан қайта тирилтириб, амалларига биноан ҳисоб қилиб, Жаннат ва ёки, Жаҳаннамга ҳукм қилади.

Ақлли мўмин бу дунёсини ғанимат билади. Ва беғам яшамайди. Балки, ҳом хаёлларга берилмай, солиҳ амаллар уруғини дунёга сочади, эрта қиёматда йиғиб олиш мақсадида. Мўмин кимса дунёда худди, сафарга отланган мусофир каби яшайди. У дунёга суянмайди, унинг безаклари ва алдовларига учмайди. Чунки, бу дунё аслий ватан эмас. Балки, охиратдадир ҳақиқий яшаш жойи.

Шунинг учун мусулмон одам ҳамиша яхши амалларни бажариш ва ибодатларни кўпайтиришга шошилмоғи зарур. Турли ҳом хаёлларга берилиб, бепарво умр ўтказиши мумкин эмас. Чунки, қачон, қаерда ва қандай вафот этишини Аллоҳдан ўзга ҳеч зот билмагай.

Аллоҳ таоло барчамизга мазмунли, солиҳ амалларга тўла ҳаёт берсин!

Мир Араб олий мадраса талабаси Муҳаммад Юнус Муҳаммад Муса ўғли манбалар асосида тайёрлади.

. .