МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИК ВА УНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ (давоми...)
Muallif: . .
Sana: 26.03.2021
557

Саҳоба ва тобеъийларнинг даврида мужтаҳид бўлмаган кишилар ўзлари билмаган масалаларни мужтаҳид бўлган саҳоба ва тобеъийлардан сўрашар эдилар. Мазкур мужтаҳид саҳоба ва тобеъийлар сўровчиларга ҳеч қандай инкор қилмай жавоб берар эдилар. Агар ҳаммага ижтиҳод қилиш лозим бўлганда, сўровчилар савол бермас ва сўралганлар уларга “Ўзингиз ижтиҳод қилинглар”, деб айтар эдилар. Чунки саҳобаларнинг ичида мужтаҳид муфтий бўлганлари бор эди. Улар бошқа саҳобаларга нисбатан камроқ эди. Саҳобалар ичида фатво сўрайдиган, тақлид қиладиганлари ҳам кўпчиликни ташкил қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динини билмайдиган жойларга фақиҳ саҳобаларини юборар эди. Мисол учун Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборган эдилар. Ушбу ҳолат ижтиҳодга илми ва қурби етмаган шахс мужтаҳидга тақлид қилиши кераклигига яққол далилдир.

Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий муассасалар савиясида бўлар эди. Ҳар тараф ўз имконига ва ўзидаги илмга қараб ҳаракат қилар эди. Замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ўзига яраша муносабатни тақозо қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди.

Юзага келган вазиятга жавоб ўлароқ Ислом Фиқҳи Академиялари тузила бошлади. Бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича Академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва Академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар. Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага ва овозга қўйилади. Кўпчилик овоз ила қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади. Шу тарийқа, замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда. Баъзи бир уламолар кейинги пайтларда якка шахслар ижтиҳод даражасига етиши имконсиз бўлса ҳам, жамоавий ижтиҳод имкони борлигини худди шу Ислом Фиқҳи Академиялари фаолиятидан олиб айтмоқдалар.

Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Лекин бир икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, дейдилар. Агар қудрати етмайдиган кишини ижтиҳод қилишга амр этилса, уни қудрати етмаган ишга таклиф қилинган бўлади. Шариатда эса, бундай қилиш жоиз эмас. Зотан, Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида айтади:

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْسًا إِلاَّ وُسْعَهَا

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас” (286–оят).

Мужтаҳид бўлиш учун керакли илмларни талаб қилиш узоқ вақт давом этади. Агар барча одамлар бу иш билан машғул бўлсалар, яшаш учун зарур бўлган бошқа ишларни ким қилади? Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мажтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деган гапга жавоб қуйидагича.

Тўғри, баъзи уламолар ўз замонларида шариат ва ижтиҳод ишларида тутуриқсизлик авж олгани, ким кўринган ўз фикрини ўтказишга ҳаракат қиладиган бўлиб кетгани учун ҳижрий учинчи асрнинг охирида “Ижтиҳод эшиги ёпилган” деган фатвони беришган ва шу йўл билан ҳар хил ғаразгўйларнинг шариатни ўйин қилишларига чек қўйишган.

Аммо бу нарсани фиқҳий ижтиҳод қилиш шариатда маълум замонга ва шахсларгагина фарз бўлган деган тушунчага айлантириб қўймаслик керак.

Ҳозирги даврда Абу Ҳанийфа, Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма иттифоқ қилган. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши қийин ҳам. Аммо мазҳаб ичида ва янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилишда ҳамда фатвода ижтиҳод содир бўлиб турибди.

Ижтиҳод қилиш ҳуқуқи ўта муҳим фиқҳий савол бўйича мустақил қарор чиқариш уларга хосдир. Аслида ислом умматини икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчи мужтаҳидлар, иккинчи муқаллидлар.

Инсон мужтаҳид бўлиши учун қуйидаги илмларни тўлиқ эгаллаган бўлиши шарт.

Қуръон илми, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари илми, салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми, усулул фиқҳ илми, луғат илмини чуқур ўзлаштирган бўлиши, қиёс илми.

Бу шартларни қисқача изоҳлаб ўтамиз.

Биринчи шарт – Қуръон илми. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг бу умматга нозил қилган ҳидоят китоби бўлиб исломнинг дастури, асосий қонуни ҳисобланади. Шунинг учун барча шаръий масалаларнинг ечимида аввало шу китобга мурожаат қилинади. Мужтаҳидликни даъво қилаётган киши Қуръон оятларининг ҳар бир сўзи, жумласини шаръий ва луғавий маъносини жуда яхши билиши, уларни маъно ифода этишдаги хусусиятларини яхши билиши лозим. Тўғри ҳукм чиқаришда боғлиқ бўлган оятга тегишли ҳукмларни билиш ва бундан ташқари унинг нозил бўлиш сабаларигача ёддан билиш, оятларнинг носих ва мансухларини билиш лозим.

Иккинчи шарт – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари илми. Бу ҳудди Қуръон оятларининг ҳар бир сўзи, жумласини шаръий ва луғавий маъносини жуда яхши билиш талаб қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳком ҳадисларини матни ва санадини билиш, ушбу ҳадисларнинг ровийларини адолатлими ёки адолатли эмасми яхши билиш, ҳадисларни носих ва мансухларини билиш лозимлиги талаб қилинади.

Учинчи шарт – Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми. Мужтаҳидликни даъво қилаётган киши ўзидан аввал ўтган салаф уламоларининг ижмоъ қилган масалаларини чуқур ўрганган бўлиши зарур. Токи уларнинг ижмоъсига қарши ҳукм чақариб қўймасин. Чунки, ижмоъ билан келтирирлган хужжат қатъий ҳисобланади.

Тўртинчи шарт – Усулул фиқҳ илми. Мужтаҳид далиллардан ҳукм чиқариб олиш қоида ва масалаларни жуда яхши билиши даркор. Шунинг учун ҳам Имом ар Розий: “Мужтаҳид учун энг муҳим илм усулул фиқҳ илмидир” деганлар.

Бешинчи шарт – луғат илми. Мужтаҳидликни даъво қилаётган киши араб тилини етарли даражада яхши билиши керак. Бунинг учун араб тили қоидаларини, шу тилда битилган адабиётларни, фанга ва санъатга оид илмларни, услубларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Бу одам араб тилини ўз она тилидек ҳис қиладиган, ундан завқланадиган даражага етган бўлмоғи лозим.

Олтинчи шарт – қиёс илми. Мужтаҳид бўладиган одам қиёснинг турларини ва муътабар шартларини яхши ўзлаштирган, бу борада чуқур билим соҳиби бўлиши, қиёс усулларидан фойдаланишни ўзлаштириш ва унинг барча шартлари ва йўналишларини билиш лозим. Қиёс илми деб, Қуръон ва Суннатда очиқ ойдин зикр қилинмаган ҳукмларни қиёслаш орқали чиқариб олиш илмига айтилади.

Давоми бор..

Мир Араб олий мадраса талабаси

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо тайёрлади

. .