МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИК ВА УНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ (давоми)
Muallif: . .
Sana: 29.03.2021
44

Шайх Муҳаммад Саиъйд Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Бундай ҳаракатлар эса ҳадисларда ва уламоларнинг асарларида қатъий қораланган. Қайд этилган мулоҳазалар “Қуръон ва ҳадисгагина амал қиламиз”, – дея ўзларини мужтаҳид билиб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилаётганлар аслида, бу ҳаракатлари билан диний бирлик ва ақидавий якдилликка раҳна солаётганлигини исботлайди. Қолаверса, бундай иддаолар асрлар давомида мавжуд бўлиб келаётган мазҳаблар асосчилари ва уларнинг таълимотларига нисбатан бўҳтон бўлиб, мусулмон шахсини адаштиришга қаратилганлигини хулоса қилиш ўринли бўлади.

Чунончи, Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) мусулмон шахсиятини ҳурмат қилиш, айниқса илмли кишилар иззат қилиш қилиш лозимлигини уқтирганлар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса У зот ихтилоф қилмаслик ва унинг оқибати яхшиликка олиб бормаслигини таъкидланган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий айтадилар: “Одамлар ўзларининг раҳбар ва олимларини ҳурмат қилишда бардавом бўлсалар, Аллоҳ уларга фаровонлик ва тинчликни ато этиб қўяди. Акс ҳолда, улар мазкур неъматлардан маҳрум қилинадилар”. Имом ас-Саффароний эса: “Албатта, олимлар ва уларнинг сифатлари буюкдир, кимда ким уларни обрўсизлантиришга уринса, у энг пасткаш ва разил одамлардандир. Ким уларни ёмон кўрса, у Шайтонга эргашганлардандир”, – дейди.

Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида зикр қилинадиган бошқа сабабларга кўра фиқҳий мазҳабларда хилма-хиллик юзага келган. Буни баъзи кишилар динга зарар келтирувчи шахсий ихтилофлар деб ўйлайдилар ва ўзларича танқид қиладилар, қоралайдилар. Гоҳ-гоҳида фиқҳий мазҳабни инкор қилиб мазҳабсизликка чақирувчилар ҳам чиқиб туради. Улар доимо жуда ҳам озчиликни ташкил этиб, маълум бир тоифага мансуб кишилар бўлади. Бундай кишилар, асосан, фиқҳдан бехабар, илм остонасига эндигина қадам қўйган ёки ҳақиқий илмдан бебаҳра қолган одамлар бўлади. Улар ўзларича фиқҳий мазҳабчиликни айб ва нуксон деб биладилар, ўз фикрларини исботлаш мақсадида ҳатто улуғ мазҳаббоши имомларга тил теккизишгача етиб борадилар

Бу ҳакда Робитатул Оламил Исломия фиқҳ академияси мудири, фазийлатли доктор Аҳмад Муҳаммад Мукрий ўз мақолаларидан бирида шундай ёзадилар: «Вақти-вақти билан Ислом фиқҳини ўз илмлари ила бойитган мужтаҳид имомлар, атоқли уламоларга қарши танқидларни эшитиб турамиз. Одатда, бундай танқидлар, уламоларни танқид қилиш у ёқда турсин, балки уларнинг мазҳаблари, усуллари ва қоидаларига назар солишга қурби етмайдиган, эндигина талаби илмни бошлаётган кишилар тарафидан бўлади». Бу фикрни уламоларнинг ҳаммалари қўллаб-қуввтлайдилар. Аввал ҳам, ҳозир ҳам ғайратли уламолар фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчи тоифа ва шахсларга раддиялар бериб келишган.

Аввал қайд қилинганидек, ақида бобида ихтилоф дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръон ва суннатда тўлиқ баён қилинган. Шунингдек, динимизни асл рукнларида ҳам ихтилоф дуруст эмас. Буни ҳам Қуръон ва суннатда баёни келган. Ҳеч ким ижтиҳод ҳам қила олмайди, ихтилоф ҳам. Ҳеч ким беш вакт намозни тўрт ёки олти вақт бўлишини айтмаган ёки ҳажни зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошқа жойда вуқуф қилишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Биз фиқҳий ихтилофлар деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган баъзи шаклиёт нарсаларда, холос. Ва бу нарсаларда турли туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради. Уламоларимиз пайғамбарнинг (с.а.в.): «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир», деган ҳадисларини худди шу фиқҳий ихтилофларга тегишли, дейдилар.

Дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод. Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қурукликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар бўлмайди. Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳакозолар бор. Улар ўзгараиб туради. Чунки ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.

Ҳудди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас. Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган. Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонларни ақлларини ишлатиб, ижтиҳод килишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари асосан ҳудди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади. Биз эса буни ихтилоф демокдамиз.

Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом дининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб, иш юритганлар. Келинг, бу фикрни тасдиқлаш учун бир мисол келтирайлик.

Фиқҳий китобларимизда олди-сотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки, бу иш асосан ризқ топишга қаратилган, ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ бўлиши керак. Савдода «хиёр» деган нарса бор. Яъни бир киши бирор нарсани сотиб олса, ўзаро келишувга биноан, маълум муддатда савдодан айниб, сотиб олган нарсани эгасига қайтариб бериш ихтиёри «хиёр» дейилади. Бу жуда кенг масала бўлиб, фиқҳ китобларида батафсил муҳокама қилинади. Шу бобда «харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўягани нуқсонми ёки зиёда, фазлми?» деган савол тушган. Шунга биноан қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб сотувчига нуқсоннинг ҳақини кўшиб бериши, зиёда бўлса, ўз ҳаққини сотувчидан олиши керак.

Ушбу саволга жавоб излаб эски фиқҳ китобларига мурожаат қилсак, баъзиларида, хиёр вактида қорага бўяш зиёдадир, дейилган, бошқаларида эса бу иш нуқсон, деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб, яна жиғийбийрон бўласиз, одийгина саволга икки хил жавоб, фақиҳлар ихтилоф қилгани дунёга келган эканлар ўзи, дейсиз. Лекин шошмаслик керак. Олдин мазкур китоблар кимники ва қачон ёзилгани ва бошқа маълумотларни ўргансак, ҳамма нарса равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга шошмаслик керак, улар ҳужжат, далилсиз иш қилмайдилар. Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл ҳисоблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган зотлар. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда қадрли ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам ўз даврининг талабларидан келиб чиқиб, кийимни хиёр вақтида қорага бўяш зиёда ва фазлдир, деб фатво берганлар. Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир, деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яшаганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво берганлар. Демак, икки тарихнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва ўринли. Бунинг нимасини ихтилоф дейишимиз мумкин?

Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олганлар.

Мисол учун имоми Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайтларида маълум фатволар чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди.

Сиз билан бизга ихтилоф бўлиб кўринаётган нарсаларнинг ўзига яраша сабаблари бор

Давоми бор..

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо тайёрлади

. .