«Ўша парта ва ўша дарс, лекин таълимга муносабат бутунлай бошқача»
Muallif: . .
Sana: 06.04.2021
48

«Ўша парта ва ўша дарс, лекин таълимга муносабат бутунлай бошқача» – Женева университети магистри билан суҳбат

Швейцария деганда кўпчилик кўз олдида гўзал табиат манзаралари, сўлим гўша ва ишончли ҳамда мустаҳкам банк тизимига эга мамлакат гавдаланади. Kun.uz’нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукни ва Uzbek.Life лойиҳасининг бу галги меҳмони ушбу давлат университетида магистратурада ўқиб келаётган ўзбекистонлик Жалолиддин Хушвақтов бўлди.

— Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз? Ҳозирда қайси университетда таълим оляпсиз?

— Мен тўғрисўз, эътиқодли, ўртамиёна зиёлилар оиласида улғайган оддий бир ўзбек йигитиман. Ҳозирда Швейцариянинг Женева университети магистратурасида таҳсил оламан.

Отам шифокор, онам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўзларининг илмий иш билан шуғулланишга имконияти бўлмаган, шу сабабли бизнинг ўқишимиз учун доимо шароит яратиб беришга ҳаракат қилишади ва қўллаб-қувватлашади.

Ўзбекистон Миллий университети кимё факультетида бакалавр таҳсилини олганман. Ўқиш давомида бир неча халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиби бўлганман. Кейинчалик, Каримов фонди орқали Швейцариянинг Женева университети магистратурасида ўқишни давом эттириш имкониятини қўлга киритдим.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишим керакки, Каримов фонди – бу шунчаки бизнинг харажатларимизнигина молиялаштирадиган ташкилот эмас, балки ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлашга тайёр иккинчи оиламиз, деб биламан.

Ҳозирда, ZHAW (Zurich University of Applied Science)да ишлатилган қаҳва қолдиқларини озиқ-овқат соҳасида қўллаш устида магистрлик илмий ишимни олиб боряпман.

— У ердаги таълим жараёнлари Ўзбекистондан нимаси билан фарқ қилади? Швейцария таълимининг сизга ёққан жиҳатлари?

— Тўғриси, мен таълим соҳасида мутахассис эмасман ва Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ўзгаришларнинг барчасини кузатиб бораман, деб ҳам айта олмайман, лекин ўзим мисолимда саволингизга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўраман.

Четдан юзаки қараганда кўп фарқ йўққа ўхшайди, ўша парта, ўша стол ва дарс ўтиш — ҳаммаси деярли бир хилдек. Ҳолат ўзгармагандек, лекин муносабат бутунлай бошқача. Дарслар икки томонлама манфаат устига қурилган: профессор ўзи тадқиқот олиб бораётган соҳадаги сўнгги билимларини улашиб завқланса, талаба юқори малакали кадр бўлиш учун ўз устида ишлайди.

Қуйида ўқиш тизимининг менга ёққан жиҳатларини санаб ўтмоқчиман:

1. Академик эркинлик. Университетимизнинг менга энг ёққан жиҳати – бу талабаларга бериладиган эркинлик.

Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ўқиш давомида бошқа турли олий ўқув юртлари (EPFL, Копенгаген университети ва ZHAW)да ўқиш ва малака ошириш имкониятига эга бўлдим. Университет сизни ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлайди. Ўйин қоидалари жуда оддий, асосий мақсад яхши кадр етиштириш.

2. Академик муҳит. Университетда ўқиш учун ажойиб муҳит яратилган.

Муҳит деганда университет биноси ёки моддий-техник базасини эмас, балки талабаларнинг ўқишга бўлган муносабатини назарда тутмоқдаман. Дарс вақтида деярли барча талабалар максимал тарзда конспект олишга ҳаракат қилиши, кутубхоналарнинг талабалар билан тўла туриши, лабораторияларда турли хил тадқиқотлар устида ишланиши, албатта, мени жуда руҳлантирган.

Тўғриси, талабалар “ботаник” (китобдан бош кўтармайдиган) десам хато бўлади, улар фақатгина режа асосида ўқиб, бўш вақтларида жуда яхши дам олишга ҳаракат қилишади.

3. Лабораториядаги муҳит. Лаборатория иши билан шуғулланиб баъзи вақтлари реактивларни режадан кўп ишлатиб қўяман, лекин касбдошларим камроқ ишлат, кўп ишлатяпсан, деб айтишмайди. Балки сен реактивлар ҳақида ўйлама, сенга шароит яратиб бериш бизнинг вазифамиз, агар лабораториямизда топилмайдиган реактивлар керак бўлса, айт, буюртма берамиз, деб доимо қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишади.

Реактивларни истаганча ишлатиш мумкин бўлган ҳолда бир дўстим доимо уларни тежарди. Қизиқиб, дўстим, нега доимо реактивларни тежайсиз, деб сўраганман. У: “Ҳозир бажараётган ишимни кичикроқ ўлчамда олиб борсам ҳам бир хил натижа оламан, лекин табиатга нисбатан камроқ чиқинди чиқади”, деб жавоб берганди.

4. Имтиҳон. Имтиҳонлар шу қадар қийин бўладики, мавзуларни тўлиқ ўзлаштириш имтиҳондан ўтиш кафолати эмас, камлик қилиши мумкин.

Даставвал имтиҳонлар бошланишидан олдин шижоатим шу қадар юқори эдики, биринчи имтиҳонга 6 дан (энг юқори баҳо) 6 оламан, деб кирганман, имтиҳондан кейин эса, илоҳим шарманда қилма, баҳом ўтиш балига етган бўлсин, деб чиқдим.

Кейинги имтиҳонларга янада максимал тайёрланганман, лекин асосий мақсад имтиҳондан ўтиш бўлган, холос. Ишонсангиз, охирги имтиҳонга келиб, ҳали бу фандан имтиҳон топширишга тайёр эмасман, имтиҳонга кирмасдан ёзда қайта топширсамми, деб ўйлаб қолгандим.

5. Дарс контенти. Дарсларнинг асосий контенти, айни соҳадаги сўнгги билимлар, чоп этилган мақолалардан тузилган. Дарс вақтида профессорлар мавзу ҳақида иложи борича кўп маълумот беришга ҳаракат қилишади. Дастлабки даврларда янги тизимга мослашишим қийин бўлган, миям шунчаки “ўчарди” ва анализ қилишдан тўхтарди.

Профессорнинг оғзидан чиққан ҳар битта сўз мавзуни мукаммалроқ тушуниш учун ёрдам беришини имтиҳонолди диктофонга ёзиб олинган барча дарсларни қайта эшитиб кўрганимдан кейин тушуниб етганман.

6. Давомат. Талабалар дарсга “nb” олмаслик учун эмас, балки мавзу бўйича қизиқарли маълумотларни ўтказиб юбормаслик учун келади.

Барча қизиққани учун келади десам лоф бўлади, лекин дарсни ўтказиб юборган талаба аниқ биладики, кейинчалик имтиҳондан муваффақиятли ўтиши учун мавзуни ўзлаштиришга мажбур, бошқа йўл йўқ. Мен ҳар доим янги мавзуни мустақил ўргангандан кўра, соҳа мутахассиси дарсларида қатнашишни афзал биламан.

7. Ижтимоий ҳимоя. Университетда талабаларнинг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратишади. Турар жой билан таъминлаш, иш топиб бериш, пандемия вақтидаги ижтимоий ёрдамлар каби.

Университетда 1 м.кв.га 1 соат деган дастур бор. Унга кўра, талабаларга ёши катта ёки ёрдамга эҳтиёжи бор оилалар билан яшашга имкон беришади. Мен 4 ой вақт давомида 93 ёшли жуда ҳам ажойиб буви билан тургандим, менга 16 кв/метрли хона берилган, шунга кўра ойига 16 соат вақт ажратишим керак эди. Қиладиган ишим гулларни суғориш, бозорлик қилиб бериш, бирга айланишга чиқиш ва ҳафтасига бир соат, жума куни 7 дан 8 гача суҳбатлашиш.

Яна қойил қоладиган жиҳати, биринчи куни контракт тузиш мақсадида ташриф буюрганимда, бувижон дафтар билан қаламни олиб ҳисоб-китоб қилишни бошлади ва улар учун ажратаётган ҳар бир соатим 30 доллар туришини айтдилар, агар ой давомида белгиланган кўпроқ вақтимни сарфласам уларга айтишимни ва ҳисоб-китоб қилишимиз кераклигини эслатдилар. Уларнинг мардлигини кўриб жуда таажжубланганман.

Ҳозирги вақтда фақат лаборатория ишлари билан шуғулланяпмиз. Пандемия даврида жуда кўп нарсалар ўзгарди.

— Кундалик турмуш харажатлари учун ишлаб турасизми?

— Албатта, биринчи келганимда пул топишга қизиқиш бўлган. Университет ҳам иш топишда кўмаклашади. Университет сайтида талабалар учун мос иш жойлари (мактаб ўқувчиларига дарс бериш, болаларга қараш, хизмат кўрсатиш ва ҳоказо) мунтазам эълон қилиб борилади. Француз тилини яхши билмаганлигим сабабли кўп жойлардан рад жавоби олганман.

Очиғини айтадиган бўлсам, ҳозир соҳамга тегишли бўлмаган жойдан иш таклиф қилинса ҳам, ишламаган бўлар эдим. Худога шукур, Каримов фонди томонидан ажратиладиган маблағ яхши яшашимиз, вақти-вақти билан саёҳат қилишимиз ва бошқа эҳтиёжларимиз учун бемалол етади.

— Умуман, у ерда яшашнинг “плюс-минус”лари қандай?

— Бу ерда яшашнинг яхши тарафлари ҳақида жуда кўп гапирса бўлади, лекин менимча, энг муҳими бу шахсий ривожланиш. Бу ердаги муҳит – ўқиш, ҳаёт, одамлар ва бошқалар, сизни кўп нарса ҳақида қайта фикр қилиб кўришга ундайди, шахс сифатида ривожланишингиз учун ажойиб мактаб.

Тўғриси, энди келганимда одамларнинг яхшилигини, очиқ кўнгиллилигини, ёрдам сўраган вақтим ҳар доим ёрдам бериб завқланишини, ҳаётдан хурсандлигини кўриб, шунчалик ҳам ёмон одам бўламанми, деб ўзимдан ўзим хафа бўлганман. Энг катта камчилик эса ота-онам, яқинларим ва дўстларим даврасидан йироқда бўлишим, менимча.

— Швейцариядаги ўқишни тамомлагандан сўнг режаларингиз қандай?

— Айни вақтда асосий эътиборимни озиқ-овқат кимёсига қаратганман, соҳада етарлича тажрибага эга бўлганимдан сўнг, Ўзбекистонда озиқ-овқат соҳасида ишлаб чиқариш корхонаси ва корхона қошида тадқиқот маркази очишни режа қилганман.

Энг қизиғи, Швейцарияга келиб биринчи марта дўконга кирганимда, деярли 80- 90 фоиз маҳсулот мен учун янги эди, дўконни айланиб, фақат баъзи сабзавотлар, сут, тухум ва нон олиш билан чегараланганман. Айтмоқчи бўлганим, озиқ-овқат соҳасида Ўзбекистон бозори ҳали деярли бўм-бўш, борлари ҳам асосан четдан импорт қилинади, шунинг учун ўз олдимга соҳани ривожлантириб, юрт ривожи учун кичкина бўлса ҳам ҳиссамни қўшишни ният қилганман.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Манба kun.uz

. .