Киши имомга иқтидо қилгандан кейин ёлғиз ўзи намоз ўқиганидан фарқли равишда айрим нарсаларни ўқиб, айримларини эса ўқимасдан сукут сақлаши керак. Буларнинг барчаси ҳеч қандай ихтилофсиз фиқҳий китобларда бирма-бир баён қилинган. Бироқ иқтидо қилган кишининг Фотиҳа сурасини ўқиши ёки ўқимаслиги тўғрисида мазҳаблар ўртасида фарқ мавжуд. Уларнинг барчаси агар киши имомга рукуъ, сажда ёки ташаҳҳудда келиб қўшилса, Фотиҳа сурасини ўқимаслигига иттифоқ қилишган. Бироқ қиёмда турганда келиб қўшилса ўқийдими ёки имомнинг ўқигани кифоя қиладими деган масалада ихтилоф қилишган.
Жумладан, шофеъий ва ҳанбалийлар жаҳрий намозда ҳам махфий намозда ҳам иқтидо қилган киши имом билан қўшилиб Фотиҳа сурасини ўқийди дейишган ва ушбу сўзларига қуйидаги ҳадиси шарифни далил сифатида келтиришган:
عَنْ عُبادةَ بنِ الصَّامتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ: قالَ رَسُولُ اللهِ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: »لا صلاةَ لِمَن لم يقرَأْ بفاتحةِ الكتابِ.« رواه البخاريومسلم.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фотиҳа сурасини ўқимаган кишининг намози намоз эмас», дедилар» («Саҳиҳ Бухорий», 756-ҳадис, «Саҳиҳ Муслим», 394-ҳадис).
Бундаги хитоб хоҳ жаҳрий намоз бўлсин хоҳ махфий намоз бўлсин ёлғиз ўқувчига ҳам имомга ҳам муқтадийга ҳам тегишли, ким бўлишидан қатъи назар Фотиҳа сурасини ўқимаса унинг намози қабул эмас дейишган.
Моликийлар ҳам бу борада юқоридаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтирилган. Бироқ улар шофеъий ва ҳанбалийлардан фарқли ўлароқ
وَإِذَا قرئ القرآن فاستمعوا لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
«Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз! Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз» (Аъроф сураси, 204 оят), оятига биноан жаҳрий намозларда ўқимайди, махфий намозларда ўқийди, ўқилмаса намоз қабул бўлмайди, дейишган.
Ҳанафийлар эса жаҳрий намозда ҳам махфий намозда ҳам имомга иқтидо қилган киши Фотиҳа сурасини ўқимайди, дейишган. Улар бу сўзларига бир қанча оят ва ҳадисларни далил сифатида келтиришган:
وَإِذَا قرئ القرآن فاستمعوا لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
«Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз! Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз» (Аъроф сураси, 204 оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган», деганлар (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида бир гуруҳ одамлар у зотнинг орқаларида туриб қироат қилди. Шунда «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!» ояти нозил бўлди», деганлар (Ибн Мардвайҳ ривояти).
عَن جابر بن عبد الله رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ: قالَ رَسُولُ اللهِ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: »من كانَ له إمامٌ فقراءةُ الإمامِ لهُ قراءةٌ«. رواه ابن ماجه وأحمد والطحاوي
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг имоми бўлса, бас, ўша (имом)нинг қироати унинг учун ҳам қироатдир», дедилар» («Сунани Ибн Можа», 850-ҳадис, «Муснади Аҳмад», 14643-ҳадис, «Шарҳи маоънил осор», 1294-ҳадис).
عَن أبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ: قالَ رَسُولُ اللهِ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: »إنَّما جُعِلَ الإمامُ ليُؤتَمَّ به، فإذا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا، وَإذا قَرَأَ فأَنصِتُوا«. رَواهُ البُخاري.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом унга эргашишлик учун қўйилгандир. Бас, агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар қироат қилса, сизлар жим туринглар!» дедилар» («Саҳиҳ Бухорий», 734-ҳадис, «Саҳиҳ Муслим», 414-ҳадис).
عَن أبي موسى الأشعريِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ: »إنَّ رسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خطَبَنا فبيَّنَ لنا سُنَّتَنا وعلَّمَنا صلاتَنا، فقال: إذا صلَّيْتُم فأقِيموا صفوفَكم، ثمَّ لْيَؤُمَّكم أحدُكم، فإذا كبَّرَ فكبِّروا، وإذا قرَأ فأنصِتوا.« رواه مسلم.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хитоб қилдилар. Суннатларимизни баён қилдилар, намозларимизни ўргатдилар. «Агар намоз ўқисанглар, сафларингни текисланглар. Сўнгра бирингиз имом бўлсин. Агар такбир айтса, такбир айтинглар, қироатни бошласа, жим туриб тингланглар», дедилар» («Саҳиҳ Муслим», 414-ҳадис).
عن عطاءِ بنِ يَسارٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّه سأَل زيدَ بنَ ثابتٍ عن القراءةِ مع الإمامِ؟ فقالَ: »لا قراءةَ مع الإمامِ في شيءٍ.« رواه مسلم.
Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан имом билан қироат қилиш масласи ҳақида сўрадилар. У зот: «Бирортасида (бирор намозда) имом билан бирга қироат қилинмайди», деб жавоб бердилар («Саҳиҳ Муслим», 577-ҳадис).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким бир ракъат намоз ўқисаю унда Уммул Қуръонни ўқимаса, намоз ўқимабди. Магар имомнинг ортида бўлса (ўқимасин)» (Имом Термизий ривоят қилган ва «саҳиҳ» деган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овоз чиқариб қироат қилган намоздан фориғ бўлиб: «Ҳозир сизлардан бирортангиз мен билан бирга қироат қилдими?» деб сўрадилар. Шунда бир киши: «Ҳа, мен (қироат қилдим), эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтдим-а, нима сабабдан Қуръон (қироати) мен билан тортишиляпди», дедилар. Бас, одамлар буни эшитгач, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овоз чиқариб қироат қиладиган намозларда у зот билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар» («Сунан» соҳиблари, имом Аҳмад, Молик, Табароний, Дароқутний ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имом хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий ўқисин, унинг қироати сенга кифоя қилади», дедилар» (Имом Дароқутний «Сунан»да ривоят қилган).
Убайдуллоҳ ибн Миқсам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Пешин ва аср намозларида имом орқасида туриб қироат қиласизми?» деб сўрадим. У зот: «Йўқ», деб жавоб бердилар» (Абдураззоқ «Мусоннаф»да ривоят қилган).
Муъовия ибн Қурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлган битта устозимдан (менимча, у Абдуллоҳ ибн Муғаффал эди): «Қуръонни эшитган ҳар бир кишига унга қулоқ тутиш ва жим туриш вожиб бўладими?» деб сўрадим. У зот: «Албатта, «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!» ояти имом ортидан қироат қилиш ҳақида нозил бўлган. Агар имом қироат қилса, унга қулоқ сол ва жим тур», дедилар» (Ибн Абу Шайба, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ривояти).
Шаъбий айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имомнинг ортида қироат (қилиш) йўқ», деганлар» (Имом Дароқутний мурсал тарзда ривоят қилган).
Яна Шаъбий айтадилар: «Мен Бадрда қатнашганларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди».
Аллома Ибн Обидийн: «Муқтадийни қироатдан қайтариш саксон нафар катта саҳобалардан, жумладан Али Муртазо, Абодила (Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Зубайрлар)дан ривоят қилинган. Ҳадис олимлари уларнинг барчасини исмлари билан келтиришган», деганлар.
Аллома Анваршоҳ Кашмирий «Фаслул хитоб фи масъалати Уммил китоб» асари якунида «Мен ушбу сатрларни шофеъийларга раддия сифатида ёзмадим, балки ҳанафийларнинг қироатни тарк этиш сабабларини маълум қилиш учун ёздим. Шу боис мен жим турувчилардан бўлдим, тортишувчилардан эмас», деган. Аллома бу сўзлари билан «Қачон сизларга Қуръон ўқилса жим туринглар» ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидаги иқтидо қилувчилар қироатини эшитган пайтларида норози оҳангда «Айтдим-а, нима сабабдан Қуръон (қироати) мен билан тортишиляпди» деган сўзларига ишора қилмоқда.
Шундай экан, биз ҳам ортиқча ихтилофларга берилмасдан, фитна ва тушунмовчиликларга бутунлай барҳам бериб, мазкур оят ва ҳадисларга, уламоларнинг сўзлари ва фатволарига қулоқ тутган ҳолда иш тутишимиз ҳар тарафлама лозим ва лобуддир.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ
