Олий мадрасада Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи таржимаси тақдимоти ўтказилди
Muallif: . .
Sana: 06.10.2021
528

2021 йил 6 октябрь куни Мир Араб олий мадрасаси томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ушбу тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан таржима қилинган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи таржимаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э.Мажидов, ЎМИнинг Бухоро вилоятидаги вакили Ж.Элов ва бир қатор имом хатиблар, Мир Араб олий мадрасаси, Мир Араб ва Жўйбори Калон ўрта-махсус ислом билим юртлари устоз ва талабалари иштирок этди.

Ушбу таржима Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига қилган ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси бўйича амалга оширилгани барчамизни қувонтирди.

Таъкидлаш лозимки, диёримиз мусулмонлари мотуридия таълимоти асосида эътиқод қилишлари ва муаллиф аллома ҳам ўз ватандошимиз бўлишига қарамай, “Таъвилот ал-Қуръон” ҳозирга қадар юртимизда жиддий ўрганилмаган эди. Турли фитналар гирдобидан омон қолиб, эътиқодни соғлом тутиш машаққатли бўлиб бораётган, жаҳонда мураккаб ва кескин сиёсий-ижтимоий жараёнлар кузатилаётган, бузғунчи кучлар исломдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган бугунги вазиятда дину диёнатимизнинг энг муҳим асосларидан бири бўлган бу асарни ўзбек тилига таржима қилиш ўта зарур ва ғоят долзарб ишлардан бирига айланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан олиб борилган изланишлар натижаси ўлароқ, бугун ўзбек тилидаги “Таъвилот
ал-Қуръон” асари дастлабки 30-жузининг нашри дунё юзини кўрди ва бу, албатта, давлатимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

. .