Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ҳиро ғорида ёлғиз қолишларидаги ҳикматлардан бири
Muallif: . .
Sana: 14.10.2021
395

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ ёшга етганларида, вақти-вақти билан узлатда ёлғиз қолишни ёқтириб қолдилар. Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни ёлғиз қолиши учун Ҳиро ғорини суюкли қилди. (Ҳиро – Макканинг шимоли ғарбий тарафидаги тоғда жойлашган ғор).

У ерда бир неча кунлар қолиб ибодат қилар эдилар, гоҳо ўн кун, баъзан ойлаб қолардилар.

Бу ҳолат у зотга ваҳий келгунига қадар давом этди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлишларидан бироз аввал холи қолишни ёқтиришларида омма мусулмонлар, хоссатан илм аҳллари учун улкан ибратлар бор.

Инсоннинг иймони комил бўлиши учун фарзлардан ташқари кўплаб турли ибодатлар ила зийнатланиши лозим. Зеро, холи қолиб ўз нафсини ҳисоб-китоб қилади, борлиқнинг кўриниши борасида фикр юритади ва мана шулар Аллоҳнинг улуғлигига далил эканини ҳис этади.

Инсон нафсида бир қанча офатлар бўлиб, унинг давоси фақат одамлардан йироқлашиш бўлади.

Кибр, ужб, ҳасад, риё ва дунё муҳаббати улкан офатдир. Булар нафсга ҳукмронлик қилиб, қалб тубигача кириб боради. Натижада инсоннинг зоҳири қанчалар гўзал ибодат ва солиҳ амаллар билан безанганига қарамасдан, ичида бузғунчи амалларни қилдиради. Бу касалликларнинг ягона давоси инсон вақти-вақти билан ёлғиз қолиб, борлиқ борасида ва дунёга нима сабабдан келгани ва қай томон кетаётгани ҳақида фикр юритишидир. Шундай қилиб моғорлаган қалби яна қайтадан жонланади ва дунё муҳаббатларидан асар ҳам қолмайди.

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли

Мир Араб олий мадраса ходими

. .