Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг махфий даъват қилишларидаги ҳикматлар
Muallif: . .
Sana: 17.10.2021
52

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари мобайнида қилган даъватлари тўрт босқичга тақсимланади. Шулардан энг аввалгиси махфий тарзда даъват этганларидар.

Набий алайҳиссалом оммавий йиғинларда ошкора даъват қилмас, фақатгина яқин қариндош ва биродарларини пинҳона исломга чақирардилар. Исломни қабул қилган зотларнинг биринчилари Ҳадича розияллоҳу анҳо, Али розияллоҳу анҳу, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу, Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва бошқа бир қанча саҳобалар.

Шубҳасиз, пайғамбар алайҳиссалом даъватни пинҳона олиб боришлари ўзларига бирор зарар етишидан қўрққани сабабли эмас. Зеро, пайғамбарлик юклатилган вақтда у зот инсонларга Аллоҳ таолонинг элчиси эканини ва Аллоҳ Ўз набийсини ҳар қандай мушкилликдан ҳимоя қилишини аниқ билганлар.

Ушбу даъват бир қанча босқичдан иборат эканига биноан ҳозирги кунда ҳам ислом пешволари барча замонда ҳолатга қараб махфий, ошкора ва мулойимлик ила даъват қилишлари мумкин. Муҳими ҳар қандай ҳолда ҳам, мусулмонларнинг манфаати кўзлансин, уларга бирорта зарар етмасин.

Шунинг учун фақиҳ уламолар ижмо қилганлар “мусулмонларнинг сони оз, заиф бўлиб, душманга қарши турса қирилиб кетиши аниқ бўлса, жонни сақлаб қолиш тарафи муқаддам қилинади”.

Бу иш зоҳиран жон сақлаш бўлиб кўринсада аслида динни сақлашдир. Чунки, динни ривожи ва келажак авлодга етказиш учун мўминлар тирик бўлишлари зарур.

Хулоса шуки: агар ошкора чақириқ қилинганда инсонларга зарар ва талофат етса, келишув ёки пинҳона даъват этиш вожиб бўлади.

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли

Мир Араб олий мараса ходими

. .