Бухорода Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр қилинган "Китоблар" тақдимот тадбири бўлиб ўтди
Muallif: . .
Sana: 25.11.2021
562

Бугун Бухоро вилоятида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси мажлислар залида Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги масъуллари, Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта-махсус ислом билим юрти раҳбарияти, ўқитувчилари, талабалари иштирокида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан бугунги кунга қадар нашр этилган китоблар тақдимотига бағишланган тадбир ташкил этилди. Тақдимот тадбирида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган 30 дан ортиқ китоблар, жумладан, Имом Мотуридийнинг "Таъвилот ал-Қуръон" асари 29- жузи, Мулла Али Қорининг "Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар", Бурҳониддин Марғинонийнинг "Ҳидоя" асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржималари тақдим этилди. Тадбир давомида, юртимизда етишиб чиққан олимлар ҳаёти ва илмий мероси тадқиқ қилинган 10 дан ортиқ рисола ва замонавий исломшунослик масалаларига доир китоблар, "Мотуридийлик" илмий-маърифий журналининг нишона сони ҳам тақдим этилди. Тадбирда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Лобар Асророванинг "Тариқатнинг етти пири", "Бухорони шариф этган зот Сайфуддин Бохарзий", "Абу Ҳафс Кабир Бухорий" (рус ва ўзбек тилларида), "Бухоро мадрасалари тарихидан", "Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ва Мири Хурд Вобкандий" каби китоб ва рисолалари ҳам тақдим этилди. Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Давронбек Махсудов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев, Мисрлик мотуридийшунос олим Аҳмад Саъд Даманҳурийлар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда илмий тадқиқот ва манбашунослик саҳасида сўнги йилларда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар, ушбу ислоҳотларнинг маҳсули сифатида ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказифаолияти натижалари тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида Мир Араб олий мадрасаси ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида англашув меморандуми имзоланди.






















. .