Қадимдан бизнинг юртларимиз ислом оламининг илм бешикларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунга қадар боболаримиз қолдирган улкан илмий меросдан бутун дунё аҳли фойдаланиб келмоқда десак муболаға бўлмайди. Шулардан бири Ҳайдар Хоразмий (XIV асрнинг охириXV асрнинг I ярмида яшаган) шоир ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларидан саналади. Бу зотнинг бир байтларини келтириб, ундаги ҳикматларни қисқача баён қиламиз:
Оқил агар сўз била сўзни ёпар,
Ориф ўшул сўзда ўзини топар. (Ҳайдар Хоразмий).
Яъни: ақлли инсон ўзига бирор айб нуқсон айтилса, масалан, манабу сўзингизда ёки ишингизда камчиликка йўл қўйдингиз дейилса, гапга эпчиллик ва абжирлик билан ўзини оқлайди ҳатто айбсиз эканини исботлайди. Ориф – Аллоҳ таолони ҳақиқий таниган инсон эса, бирор камчилик айтилса, гарчи у нуқсон унда бўлмасада ўзини нуқсонли ва камчилик эгаси деб билади. Зеро, барча нуқсонлардан пок Зот ягона Аллоҳдир!
Мир Араб олий мадрасаси ходими,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти
Муҳаммад Юнус СОЛИЕВ
