Олимнинг тўлиқ исми Ҳофизиддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафий бўлиб, Муҳаммад Шафиқ Гирболнинг “Ал-Мавсуъа ал-арабийа ал-муйассара” асарида унинг таваллуди милодий 1232 йил деб кўрсатилган. Ҳанафий уламоларининг таржимаи ҳолларига бағишланган манбаларда ва бошқа асарларда олимнинг туғилган санаси ҳақида аниқ маълумот берилмаган бўлсада, исми-шарифи борасидаги маълумотлар тўлиқ зикр қилинган ва бир-биридан фарқ қилмайди.
У туғилиб, яшаган давр илмий, маданий ва иқтисодий жиҳатдан анчагина ачинарли аҳволда эди. Чунки ўша пайтларда мўғуллар Мовароуннаҳрни Чиғатой улуси таркибида тўла бошқараётган ва илм-фан, маданият ҳамда иқтисод сўнган эди. Шу сабаб манбаларда Абул Баракот Насафий яшаган давр, ижтимоий-маданий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар деярли учрамайди. У пайтда Шарқ таназзулга юз тутган, мўғуллар кўзга кўринган зиёлилар, илм пешволари ва дин аҳлини ўлдирганлар, омон қолганлари ҳам бошқа юртларга кўчиб кетганлар. Масалан, тафсир китобини ёзган ва “Қозилар пешвоси” номига мушарраф бўлган Абу-Сано Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳмуд аз-Зинжоний 656/1258 йилда Бағдодда қатл этилган. Буюк сўфий олим Нажмиддин Кубро эса 618/1221 йилда Хоразм жангида ҳалок бўлган. Ибн ал-Асирнинг маълумот беришига қараганда, мўғуллар давлатларни эгаллаганда одамларни тиғдан ўтказиб, уй ва биноларга ўт қўяр эдилар. Фақат қочиб, таслим бўлиб ёки ўликлар орасида ўзини ўликка солганларигина тирик қолар эди. Абул Баракот Насафий ҳақида кўплаб араб биографик манбаларида қисқа ва бир-бирини такрорлайдиган маълумотлар берилган. Мазкур адабиётларда у кишини қуйидагича тавсифланган:
“Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, Ер аҳлининг устози, суннат ва фарзнинг жонлантирувчиси, Қуръон маъноларини кашф қилувчи, таъвилнинг нозик жиҳатларини билувчи, Илоҳий калом таржимони, маъони ва баён илмлари соҳиби, фиқҳ ва усул ал-фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, Ислом ва мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмлари меросхўри, етук мужтаҳид, муҳаққиқ олимларнинг машҳури”.
У Насафда туғилган бўлса-да, Бухорода таълим олган, ёшлик даври диний-илмий оилада ўсган, илм талабида кўплаб мамлакатларга борган ва катта обрў-эътибор топган. Илмга берилиб, сиёсий жараёнлардан узоқда бўлган ва илмий доираларда катта шуҳрат қозонган. Унинг номи жуда кўп жойларга тарқалган. Тахминан 1280 йилларда Кирмон шаҳридаги “ал-Қутбия ас-султония” мадрасасида мударрислик қилган. Сўнг, Бағдодга келиб, у ерда талабаларга таълим берган. Ан-Насафий жуда тақводор ва диёнатли бўлган. Араб ва форс тилларини мукаммал даражада билган.
Абдулҳай ал-Лакнавий у зотни: “Замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ олимларининг етакчиси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган”, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773/1372-852/1449) эса “Алломаи дунё”, деб таърифлаганлар.
Абдулҳай ал-Лакнавийнинг “Ал-Фавоид ал-баҳийя” асарида Ибн Камол Бошонинг ан-Насафий ҳақида: “Рожиҳ (мужтаҳид олимларнинг фиқҳий масалалар борасида айтган кучли, қувватли гаплари) билан маржуҳ (заиф гап) орасини ажрата оладиган, асарларида рад этилган сўзлар ва кучсиз ривоятларни келтирмайдиган муқаллид, фақиҳ олимлар жамоасидандир. У билан ижтиҳод даври тугаган, ундан кейин мазҳабда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид қолмаган”, – деб айтган гапи келтирилади. Мазкур асарда яна айтилишича, “Ҳофиз ад-дин”, яъни “Динни ҳимоя қилувчи” деган шарафли номга фақат икки киши – Абул Баракот ан-Насафий ва Ҳофиз ад-дин Абул-Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Кабир ал-Бухорийлар муяссар бўлганлар холос. Бу икки аллома ҳам ўша даврнинг етук олими Шамс ал-аимма ал-Кардарийдан таълим олганлар.
Бундан ташқари, “Абул Баракот” кунясига эга Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Саид ат-Тикритий ҳам ўз замонасининг адиб ва шоири бўлган. Дастлаб, у ҳанбалий, сўнгра ҳанафий ва кейинроқ шофиий мазҳабига ўтган. Бундай куняли яна бир файласуф ва физик олим Абул Баракот Ҳибатуллоҳ ал-Бағдодий ал-Баладий (470/1077-560/1164-6) ҳам бўлиб, у “Авҳод аз-замон” (Замонасининг тенгсиз олими) шарафига муяссар бўлган.
Абул Баракот Насафийнинг етук олим бўлиб етишишида устозларининг меҳнати катта бўлган. Ана шундай устозларидан бири таниқли олим Абул Важд Шамс ал-аимма Муҳаммад Кардарийдир. У бўлажак олимга тафсир, фиқҳ ва калом каби шариат илмларини пухта ўргатади. Кардарий ҳам ўз вақтида “Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғиноний ва “Фатово Қозихон” асарининг муаллифи Фахриддин Қозихон каби устозлардан таълим олган. Маълумотларга қараганда, дастлабки фиқҳ илмини ёйган зот Абу Зайд Дабусий бўлса, ундан кейин бу илмни қайта жонлантирган зот Шамс ал-аимма Кардарий деб эътироф этилади. Шу сабаб бўлса керак, Мовароуннаҳр диёрида юзлаб фиқҳ олимлари етишиб чиқади. Бундан ташқари, Насафийнинг Ҳамид ад-дин аз-Зарир Али ибн Муҳаммад ибн Али Ромиший ва Бадриддин Жавоҳирзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим сингари устозлари ҳам бўлган. Шундай машҳур устозлар илмидан баҳраманд бўлган Абул Баракот “Ҳафиз ад-дин”, яъни “Диннинг ҳимоячиси” деган шарафли номга сазовор бўлган.
Абдулҳай Лакнавийнинг “ал-Фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-ҳанафийя” асарида Абул Баракот ан-Насафий Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Аттобийдан “Зиёдот”ни ривоят қилгани айтилади. Лекин олимлар буни инкор этиб, у икки олим яшаган давр бошқа экани, ал-Аттобий 586/1190 йилда, ан-Насафий эса 710/1310 йилда вафот этганини далил қиладилар.
Абул Баракот ан-Насафийнинг асарлари асосан тафсир, калом, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ илмларни ўз ичига қамраб олади.
Эҳтимол, олимнинг ўз асарларида динга оид бу илмларни қамраб олишига асосий сабаб мўғуллар даврида ушбу илмларни қайта жонлантиришга эҳтиёжнинг пайдо бўлганидадир.
Имом Абул Баракот ан-Насафий Мовароуннаҳр юртидан чиққан мутааххир уламоларнинг зоҳидларидан (яъни, тақводорларидан) ҳисобланади. Имом Насафий ўз замонасининг зиддиятлари, сиёсат оламидаги қаттиққўллик, ҳар тарафлама ҳужум қилаётган истилочиларнинг зулмларига қарамасдан ўз асрининг фиқҳ ва усул илмларида етук олим, ҳадислар ва уларнинг маъноларини билимдони, Аллоҳ таолонинг китобини яхши англовчи – муфассир эдиларки, ҳозиргача уламолар ва илм толиблари ўртасида олимнинг китобларидан кенг ва самарали фойдаланилади.
Насафийнинг шариат илмлари – тафсир, фиқҳ ва калом соҳасида ёзган қатор асарлари ҳозирга қадар олим ва талабалар орасида мўьтабар манбалар сифатида қадрланиб ўқилмоқда, тадқиқотчилар томонидан ўрганиб келинмокда. Жумладан, унинг ислом ҳуқуқи соҳасидаги “Канз ад-дақоиқ” – “Нозик масалалар хазинаси”, “Ал-Вофий” – “Тўлиқ” ва унинг шарҳи “Ал-Кофий” – “Кифоя қилувчи” каби асарларини санаб ўтиш мумкин. Уламолар “Канз ад-дақоиқ” асарини ислом ҳуқуқи бўйича “Ҳидоя”дан кейинги ўринга қўядилар.
“Канз ад-дақоиқ” китобида фиқҳий масалалар кенг ёритилган бўлиб, унда Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва Имом Шофиъий каби мужтаҳид олимларнинг фикрлари, ривоятлари келтирилган, ибодат (намоз, рўза, закот, ҳаж), муомалот, жазолар ва шу каби масалалар баён этилган. Асарнинг форс тилидаги нусхаси ҳам бўлиб, у Насруллоҳ ибн Муҳаммад Кермоний томонидан ўгирилган. Урду тилидаги таржимаси эса Абдуллоҳ ибн Шайх Абдурраҳим томонидан амалга оширилган. Бундан ташқари, асар бир неча бор қўлда қайта кўчирилган ва нашр этилган.
“Канз ад-дақоиқ” мўьтабар китоблардан бўлгани боис унга ўндан зиёд шарҳлар ёзилган. Жумладан, Имом Фахруддин Усмон ибн Али Зайлаъийнинг “Табйин ал-ҳақоиқ лимо фиҳи ма интазаъа мин ад-дақоиқ” – “Ад-Дақоиқдан олинган масалаларнинг ҳақиқатларини ёритиш”, Зайн ал-Обидин ибн ан-Нужайм ал-Мисрийнинг “ал-Баҳр ар-роиқ фи шарҳ Канз ад-дақоиқ” – “Канз ад-дақоиқнинг шарҳи борасидаги тиниқ денгиз” шарҳлари илм аҳллари орасида жуда машҳурдир.
Абул Баракотнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид яна бир мўьтабар асари “Ал-Вофий” – “Тўлиқ”дир. Бу асар шунчалик қадрланадики, ҳатто баъзи олимлар уни Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”си қаторида кўрадилар. Мазкур фикрни Котиб Чалабийнинг “Кашф аз-зунун” – “Гумонларни ечиш” асарида ҳам ўқиш мумкин. Унда айтилишича, Абул Баракот “Ҳидоя”га шарҳ ёзмоқчи бўлади, лекин ўша замоннинг буюк олимларидан Тож аш-шариъа уни бу фикридан қайтаради. Сўнгра, Абул Баракот фиқҳга оид “Ал-Вофий” ва унинг шарҳи “Ал-Кофий” асарларини ёзади. Бу билан у гўё “Ҳидоя” китобини тасниф этиб, унга шарҳ битгандай бўлади. Мазкур асар бошқа машҳур китоблар қатори катта обрўга эга бўлади.
Олимнинг “Ал-Манор” – “Машъал” номли асари усул ал-фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги асослари) ва унинг қонун-қоидалари ҳақида битилган бўлиб, унда Қуръон ва ҳадис асосида ҳукм олиш, ижмо ва қиёсни қўллаш услублари каби масалалар баён этилган. У олимлар томонидан усул ал-фиқҳ соҳасидаги қисқа, лекин жуда фойдали асарлардан, деб тан олинган.
Абул Баракот ан-Насафийнинг саналганлардан ташқари қуйидаги асарлари ҳам мавжуд:
Илми каломга бағишланган “Ал-Мусаффо фи шарҳ ал-манзума ан-Насафийа” – “Насафий назмининг шарҳи борасидаги мусаффо”;
Ислом ҳуқуқшунослигига оид “Ал-Мустасфо фи шарҳ ал-фиқҳ ан-нофи” – “Фойдали фиқҳ шарҳи борасидаги танланган асар”;
Абул Баракот ан-Насафийнинг тафсир илми бўйича ёзилган, аҳли илмлар орасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” – “Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари” китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” тафсири дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир.
Калом илмига оид “Умдат ал-ақоид” – “Ақидалар асоси” китоби. Бу асар “Кашф аз-зунун” соҳиби Ҳожи Халифа таърифлаб ўтганидек, инсонлар қалбида иймоний ақидаларни мусаффо ҳолда жо қилиш учун кифоя қиладиган, калом илмига оид энг муҳим қоидаларни ўз ичига олувчи мухтасар китобдир.
Дарҳақиқат, бу китобга бир қанча шарҳлар битилган. Дастлаб, унга мусанниф Абул Баракот ан-Насафийнинг ўзлари ўрта ҳажмдаги бир шарҳ ёзиб, уни “Ал-иътимод фил-иътиқод” – “Эътиқодда таянч бўлувчи асар” деб номлаганлар. Шунингдек, “Умдат ал-ақоид” – “Ақидалар асоси” асарини Жамолиддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Қунавий (в. 880 ҳ.) ҳам шарҳлаб, уни “Зубда” – “Ақида масалаларининг қаймоғи, хулосаси” дея номлаган. Бундан ташқари асарга Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф ибн Илёс ар-Румий ал-Қунавий (788 ҳ.), Шамсиддин Муҳаммад ибн Иброҳим ан-Наскорий (в. 901 ҳ.), Акмалиддин ал-Бобартий (в. 786 ҳ.), Аҳмад ибн Ўғуз Донишманд ал-Ақшаҳарий ал-Ҳанафий, Исмоил ибн Судкин ибн Абдуллоҳ Абу Тоҳир Шамсиддин ан-Нурий (в. 646 ҳ.) каби олимлар томонидан ҳам ғоятда аҳамиятга молик шарҳлар ёзилган.
Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келган ва шу йили рабиъул-аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж шаҳрида (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) дафн қилинган.[1]
Сўзимиз сўнгида айтишимиз мумкинки, юртимиздан етишиб чиққан Абу Мансур ал-Мотуридий, унинг издошлари бўлган Абул-Муъин ан-Насафий, Умар Насафий, Нуриддин ас-Собуний ҳамда Абул-Баракот ан-Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссалари беқиёсдир. Улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш бугунги кунимизга келиб яна ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги кунда турли номлар остида намоён бўлаётган, адашган, бидъатчи тоифаларнинг такфирчиликка асосланган ҳолда мўмин-мусулмонларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблашга қаратилган ғояларига қарши шаръий далилларга таянган ҳолда кучли раддияларни бериб, иймон моҳиятини кенг оммага тушунарли тарзда баён қилишда аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳаби уламоларининг ўрни беқиёс. Шундай экан биз динимизни ўрганишда асл манбаларга, ишончли алломаларимизнинг шу соҳада ёзиб қолдирган бебаҳо асарларига мурожаат қилишга ҳар доим муҳтожмиз.
АСРОРХОН МАҲМУДОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
[1] Ҳожи Халифа, Кашф аз-зунун, 2-жуз, 1640-б. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий, Тафсир ва муфассирлар, 340-343 б. Ибн Ҳажар Асқалоний, Ад-Дурар ал-комина фи аъён ал-миъа ас-сомина, 2-жуз, 247-б. Тошкуброзода, Табақот ал-фуқаҳо, 113-б. Муҳаммад Алий Мударрис, Райҳонат ал-адаб, 4-жуз, 190-б. Абдулҳай Лакнавий, Ал-фавоид ал-баҳийя фи тарожим ал-Ҳанафийя, 176-б. Ибн Қутлубуғо, Тож ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафийя, 64-б. Ибн Абул-Вафо ал-Қураший, Ал-Жавоҳир ал-музийа фи табақот ал-ҳанафийя, 2-жуз, 82-84 б.
