
Тахминан 1390 ҳижрий йил, мен “Ислом қонунлари тарихи” фанидан талабаларга дарс бераётган эдим. Улардан бири мендан сўради: - “Мазҳабларни бирлаштиришга, одамларни бир мазҳабга ундаш ҳақида нима дейсиз?”
Аввалига мен унга қисқача айтдим:
“Бу ҳаракат Аллоҳ таолонинг қонунларида У Зотнинг иродасига, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва улардан кейинги салаф уламоларнинг иродасига зиддир. Шу билан бирга, бу ақлга ҳам тўғри келмайди”.
Кейин айтганларимни батафсил баён қилдим: “Унга айтдим: Аллоҳ таоло қадимдан араблар (قُرُءْ) қуруъ сўзини икки маънода: ҳайз ва поклик маъносида ишлатишларини билмаганмиди?”
У: “Йўқ, билар эди”, деди.
Мен: “Аллоҳ таоло қадимдан Зайд ибн Собит исмли саҳоба ва Абдуллоҳ ибн Масъуд исмли яна бир саҳоба бўлишини, Зайд: “Қуруъ покликдир”, Ибн Масъуд эса унга хилоф қилиб: “Қуруъ ҳайздир” дейишини билмасмиди?”
У: “Йўқ, албатта, билар эди”, деди.
Мен унга дедим: “Ундай бўлса, нега Аллоҳ таоло Ўзининг ثَلاثَةَ قُروءٍ“уч қуруъ” деган сўзини Ибн Масуд ва Зайд ихтилоф қилмайдиган тарзда нозил қилиб: “уч ҳайз” ёки “уч пок давр”, демади? Агар шундай нозил қилса, хилоф юзага келмас ва бирон сўз айтишга ўрин қолмас эдику? Қуръондаги мафҳум ва моҳияти турлича бўлган бошқа оятларда ҳам худди шу каби эмасми?”
Мен унга яна дедим: “Ҳадиси шарифлар ичида ҳам мафҳум ва моҳият турлича бўлганлари бор. Аниқки, биз уларни Аллоҳ таоло томонидан Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий деб биламиз. Шундай экан, нима учун ҳар бир нарсадан хабардор Зот Ўз Росулига бандалари тўғридан тўғри тушунадиган ва ихтилоф қилишига ўрин қолмайдиган лафзлар билан ваҳий қилмади?
Бас, нега Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳандақ жангида яхудийларнинг хиёнатини билганларидан сўнг саҳобаларни Бану Қурайзага тез етиб боришга ундаб, “Аср намозини Бану Қурайза йўлида ўқиб юрмасдан, унга тез етиб бориб, ўша ерда ўқинглар”, демадилар. Балки, “Сизлардан ҳар бир киши аср намозини фақат Бану Қурайзада ўқисин”, дедилар. Шунда асҳоблар ичида баъзилари ҳадиснинг лафзий маъносига амал қилиб, асрни ўз вақтидан ўтказиб, айтилган ерга бориб ўқиди. Баъзи саҳобийлар эса аср намозини йўлда ўқиб, яна йўлга отландилар. Чунки, улар намоз ўз вақтида фарз қилингани ва кечиктириб бўлмаслигини яхши билишар эди. Шу боис Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сизлардан ҳар бир киши аср намозини фақат Бану Қурайзада ўқисин”, деган сўзларидан йўлда бошқа нарсалар билан машғул бўлмасдан Бану Қурайзага шошилиш керак эканини тушундилар. Бу воқеанинг сўнгида эса Ҳабибимиз бирон саҳобийни қилган ишига маломат қилмадилар”.
Мен сўзимни давом эттирб унга дедим:
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги асҳоби икром, тобеинлар ихтилоф қилмадими?”
У: “Ихтилоф қилдилар”, дея жавоб берди.
Мен: “Ақл ва тушунчлар турлича бўлганми?” дедим.
У: “Ҳа, турлича бўлган”, деди.
Мен: “Уларнинг орасидаги бу ихтилоф инсонлар ҳаётида ва жамиятида ихтилофни тақозо этувчи нарсалардан пайдо бўладими ёки бошқа сабабдан?” дедим.
У: “Ихтилофни тақозо қилган нарсадан келиб чиқади”, деди.
Мен унга дедимки: “Демак, мазҳабларни бирлаштириш ва барча одамларни бир мазҳабда жамланишига ундаш ақлсизлик ёки залолатдир!”
Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратнинг “Дин ва илм масалаларидаги ихтилофлар одоби” китобидан таржима қилинди (28-29-бетлар).
АБДУЛАЗИЗ ФУРЗУЛОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси