ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚҚИ
Muallif: . .
Sana: 28.02.2022
641

Бугунги кунда қанча-қанча одамлар қўшниларини таом чиқариб йўқлашга лоқайд қарайди. Баъзилар хонадонида эҳтиёждан зиёда таом тайёрланади, ортиб қолгани эса ахлатга ташлаб юборилади. Ваҳоланки, қўни-қўшнилари орасида нима билан қоринни тўйғазишни билмай юрган, очин-тўқин уйқуга ётувчи кишилар ҳам бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қайси бир майдон (маҳалла) аҳлида бир киши кечаси билан оч ҳолда тонг оттирса, ундай одамлардан Аллоҳнинг ҳимояси кўтарилибди” (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари).

Ушбу ҳадис кишиниўйлантирадиган, ҳушё қиладиган , мулоҳаза юртишга чорлайдиган мазмунга эга. Зеро, ҳаммамиз ҳар лаҳзада Аллоҳнинг ҳимояси, риояту иноятига муҳтожмиз. Қайси қавмдан Аллоҳнинг зиммаси ва кафолати кўтарилса, ундай жамоа албатта ҳалокатва фалокатга нишон бўлгай. Ўз ён атрофидаги қўшниларини очликдан қийналишларига бепарво қарайдиган одамлар ана шундай уқубат билан жазоланадилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар: “Ўзи тўйиб, ёнидаги қўшниси оч бўлган одам (комил) мўмин эмас!”. Ҳадиснинг бошқа ривоятида :“Кечаси ўзи тўқ ҳолда уйқуга ётиб, қўшниси оч қорин билан тунни ўтказган киши (комил) имон келтирмабди”, дейилади (Муслим ривояти). Уламолардан бири бу ҳадисга шарҳ ёзар экан, шундай дейди: “Ҳадис бой, ўзига тўқ бўлган кишилар учун қўшниларини оч-наҳор ҳолда қийналишларига қараб туриш ва уларни шу аҳволда ташлаб қўйиши ҳаром эканига очиқ-ойдин далолат қилади” деганлар.

Демак,бундай кишилар зиммасида ўзларининг оч-яланғоч ҳолда қолган қўшниларига, қоринларини тўйғизадиган ва устларини бут қиладиган даражадаги нарсалардан тақдим қилишлари вожибдир. Ушбу муборак ҳадисда бой кишилар зиммасида закотдан бошқа ҳақлар ҳамборлигига ишора бор. Шундай экан, бадавлат кишилар закотимизни бердик, энди ҳеч нарсадан сўралмаймиз, дея асло хотиржам бўлмасликлари лозим.

Мўмин киши қилган яхшилиги, савобли амали ва бировнинг қалбига шодлик улашганидан ўзини бениҳоя бахтиёр ҳис қилилишлиги маьлум. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Бир мўмин қалбига сурур олиб киришим, мен учун бир йиллик (нафл) ибодатдан афзалроқдир”- деганлар.

Жамиятимиздаги ҳар бир нарсанинг ислохи бу қўшничилик ҳақларини жойига қўйиш, бу ишларга алохида этиборли бўлишлигимиз ваораларимизда меҳр-муҳаббатни зиёда қилиш, жамоат тадбирларида фаол бўлмоғимиз ва ораларимизда хайр-эхсонларни кўпайтиришимиз лозим. Аллоҳ барчаларимизга қўшниларимиз билан яхши муомалада бўлмоқлигимизни ва уларни ҳақларини ўз ўрнига қўймоқлигимизни насиб қилсин.

Мир Араб олий мадрасаси 4 босқич талабаси

ЭГАМОВ ОРИФЖОН

. .