
Барчамизга маълумки, давлат жамиятдан, жамият эса оилалардан ташкил топади. Демак, бир бутун давлат ўлароқ шаклланишимиз учун оиладаги муҳит жуда катта таъсир қилади. Оилада шаклланган бошқарув ва бу бошқарувнинг бош бўғини ҳисобланган ота ёки она бу оиланинг келажаги учун масъул ҳисобланишади. Мақоламизда эътибор қаратилаётган мавзу ёш оилалардаги келишмовчиликлар ва ажримлар ҳақидадир. Яқинда эълон қилинган оилалардаги ажримлар статистикаси ҳар бир инсонни бироз бўлсада ўйлашга мажбур қилади. Энг ачинарлиси, қуйида келтириладиган рақамлар бор йўғи уч ой ичида бўлган ажримлардир.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича 12 167 та ажралиш ҳолатлари қайд этилган.
2022 йилнинг дастлабки 3 ойида ҳудудлар кесимида қайд этилган ажралишлар сони:
Қорақалпоғистон Р. – 554 та;
Андижон вилояти – 1240 та;
Бухоро вилояти – 666 та;
Жиззах вилояти – 416 та;
Қашқадарё вилояти – 1073 та;
Навоий вилояти – 347 та;
Наманган вилояти – 1078 та;
Самарқанд вилояти – 1269 та;
Сурхондарё вилояти – 679 та;
Сирдарё вилояти – 431 та;
Тошкент вилояти – 1265 та;
Фарғона вилояти – 1171 та;
Хоразм вилояти – 494 та;
Тошкент шаҳри – 1484 та.
Бу ажримларга ким ёки нима сабаб бўлаяпти?, деган саволга, аввало, ажримлар энг юқори бўлган вилоятларни оладиган бўлсак, тўйда бош-қош бўлиб турган катталар томонидан тўйдан олдин келин томонга бериладиган ваъдалар, тўйларда жуда кўп исрофгарчиликка йўл қўйиб ҳаддан ошиқ дабдабали қилишлар, тўйдан кейин келин томонга куёв томондан турли хил “бож” лар солиниши бир тараф бўлса, айнан келин ва куёв яъни ёшларнинг виртуал олам таъсирида енгил-елпи ҳаётни хоҳлашлари, ҳаётни худди кино ва сериаллардигидек тасаввур қилишлари ва энг ачинарлиси ажралишни жуда осон ва енгил қабул қилишлари сабаб бўлмоқда.
Кўпинча оилаларда тўйдан кейин қайноналар ёш оила ишига аралашишлари, келин ва куёвни бир-бири билан ўйнаб кулишларига қаршилик қилишлари, келин бир хато қилиб қўйса дарров маломат қилиниши ва баъзи вилоятларда эшитиб қолганимиз, келинлар тонг саҳарда ювиниб кўча супуришга чиқишади 18-19 ёшар келин шамоллаб турли касалликларга дучор бўлади, натижада уйдаги катталар бу келиндан “қутилиш” пайига тушиб қолишлари ёки тўйдан қарз билан чиққан оиланинг кам-кўстини тўлдириш мақсадида бир ой ўтмасидан куёв чет элга ишлашга кетиши натижасида уйдаги ёш келиннинг кўча-куйда юриши, телефондаги шубҳали гаплашувлари... Хуллас, ёш оила қарасаки олдинги ҳаёти бу ташвишлар олдида яхшидек туюлиб қолади ва осонгина ажрашишга қарор қилишади. Бунга эса баъзи оила катталари қарши чиқиш ўрнига бу таклифни қўллаб-қувватлаб туришади.
Энди, ажримларни камайтиришнинг йўли борми, тақдири шундай экан ажрашдида, дейдиганларга шундай жавоб берамизки, фараз қилинг сиз аланга ичида қолдингиз ўзингизни максимал даражада ҳимоя қилиб қочишга ҳаракат қиласиз, тақдирим шу экан оловда куйиб кетишим керак демайсиз тўғрими? Агар куйиб кетишим керак деб ҳеч қандай ҳимояга ўтмасангиз сиз соғлом ақл эгаси ҳисобланмайсиз. Оилада ажрим бўлмаслиги учун аввало йигит ўз оиласига муносиб қиз истасин, бунинг муқобилида қиз томон ҳам ўз оиласига муносибига никоҳлаб берсин, келин борган жойида дунёвий бир мато сабаб камситилмасин. Кейин, янги келин-куёвнинг оила муқаддаслигини ҳис қилиб яшаши учун ўша хонадонда оилабошилар томонидан шароит яратиб бериш, бўлар- бўлмасга ёш оила ишларига аралашмаслик зарур. Биз ўзбекларда бир тушунча борки, ўз фарзандини ўзига тобе қилиб тарбиялашни хоҳлашади. Бу тарбия бола ёшлигида яхши натижа берар лекин, вояга етиб бир оила бошлиғи бўлгандан кейин ҳам давом этса янги келган келин буларнинг орасига тушган бир душман сингари бўлиб туюлаверади. Шунинг учун ёши катталаримиздан илтимос қиламизки, янги келин-куёв ишларига кўп ҳам аралашиш яхшилик аломати эмас...
Яна бизнинг энг катта эътибор қаратмаётган хатойимиз, кўп ҳолларда эркаклар билан ҳал бўладиган тўй-маракаларни аёлларга топшириб қўйганимизда, ҳар бир ишимизни “одамлар нима дейди” деб қилишимиздадир. Одамлар эса доим гапириб келган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобларида бир ҳадис шарҳида шундай дейилади:
“Ҳаётимизда Аллоҳ таоло учун холис қилаётган ишимиз борми ўзи, деб ўйланиб қоламиз. Нима учундир ҳар бир иш олдидан Аллоҳнинг ҳукми эмас, «Одамлар нима дер экан?» деган савол хаёлдан ўтаверади. Қилаётган амалларимизда Аллоҳдан бошқани рози қилишга уриниш одат тусига кириб қолганлиги жуда-жуда ачинарлидир”...
Бундан келиб чиқадики, бевосита одамлар билан ўтадиган тўй-маракаларимизни ёши катталар ва дин пешволари билан маслаҳат қилган ҳолда, шариат қолипига солиб бажаришимиз ва буни бошқаларга ҳам ибрат сифатида кўрсатишимиз лозимдир.
Алий Тантовий роҳимаҳумуллоҳ ҳазратлари бу борада шундай дейдилар:
“Барчамиз бизни танимаганлар наздида оддий одамлармиз. Ҳасад қилувчилар назарида мағрур кўринамиз, бизни тушунадиган учун эса ажойиб одаммиз. Севганларимиз назарида энг яхши, ёқтирмайдиганлар наздида ёмонмиз. Ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бор. Бошқалар олдида яхши кўринишга уриниб, ўзингизни чарчатманг. Аллоҳнинг Сиздан рози бўлиши етарли. Одамларни рози қилиш етиб бўлмас орзу, Аллоҳнинг розилиги эса тарк этиб бўлмайдиган мақсаддир. Бас, етиб бўлмайдиганни тарк қилиб, тарк қилинмайдиганга етишинг”.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу тўймайдиган нафсимиз сабаб, етиб бўлмайдиган ҳою-ҳавасларимиз сабаб ёки ички бир ҳиссиётларимиз сабаб бир оилани парокандақилишга сабабчи бўлиб қолмайлик. Болаларни етим, қилмайлик.
Ёши улуғларимиздан ҳам илтимосимиз шуки, дунёнинг арзимас бир матосини деб ўғил-қизингизни оиласини бузиб юборманг. Ишонинг, дунёнинг жамики бойликлари қўлингизга келсада бир оиланинг ажралиб кетишига арзимайди.
Яна бир эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат шуки, маҳаллалар ичида юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш учун имом-хатиблар ролини кучайтиришда уларга керакли муҳитни яратиб бериш лозим. Бу ўз самарасини кўрсатади деган яхши бир умиддамиз.
Мир Араб олий мадрасаси “Ахборот ва техник таъминот бўлими”
ходими Салават АБДУРАҲМОНОВ