ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ
Muallif: . .
Sana: 23.09.2022
192

Ўзбекистон Республикасида терроризмга қарши кураш борасидаги муносабатлар бир қатор қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мамлакатимизда 2000 йил 15 декабрда бу борада алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат - “Терроризмга қарши кураш тўғрисида” Қонун қабул қилинган.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари шахс, жамият ва давлатнинг терроризмдан хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашдан иборат бўлиб, Қонунда бу билан боғлиқ қуйидаги масалалар баён этилган.

Терроризм - сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар бўлиб ҳисобланади.


Қонунга асосан қуйидагилар тақиқланади:

терроризмни тарғиб қилиш;

террорчилик гуруҳлари ва ташкилотларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши;

террорчилик фаолиятига дахлдор юридик шахсларни, уларнинг бўлинмалари (филиаллари) ва ваколатхоналарини (шу жумладан чет эл ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини) аккредитация қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши;

террорчилик фаолиятига дахлдор чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши;

тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатларига оид маълумотлар ва фактларни яшириш.

Терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Террорчилик ҳаракати оқибатида жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси уларни нормал ҳаётий фаолиятга қайтариш мақсадида ўтказилади ҳамда мазкур шахсларга ҳуқуқий ёрдам беришдан, уларнинг руҳий, тиббий, касбий реабилитациясидан, уларни ишга жойлаштиришдан, зарур ҳолларда уларга обод турар жой ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ёрдам беришдан иборат бўлади.

Терроризмга қарши курашда иштирок этаётган шахслар давлат ҳимоясидадир.

Терроризмга қарши курашни бевосита амалга ошираётган бўлинмаларда хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ҳамда давлат органларининг ходимларига пенсия тайинлашда хизматнинг бир куни икки кунга, террорчиликка қарши операция ўтказишда иштирок этган даврда хизматнинг бир куни уч кунга ҳисобланади. Террорчиликка қарши операция ўтказишда иштирок этишга жалб қилинган мутахассислар ва бошқа шахсларга пенсия тайинлашда мазкур операцияда иштирок этишнинг ҳар бир куни уч кунга ҳисобланади.

Шахс террорчилик фаолиятида иштирок этишдан ўз ихтиёри билан қайтган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг ва террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида” Қонуни тинчлигимизни сақлаш, хавфсизлигимизни таъминлаш борасида муҳим қонун бўлиб ҳисобланади. Юртимизда мазкур Қонун асосида кўплаб қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди ва улар ҳозирги давр талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги;, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикасида, шунингдек, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ҳозирги даврнинг энг глобал муаммоси - терроризмга қарши кураш соҳасида кенг қамровли фаолият олиб бормоқда.

Зеро, давлатдаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш кафолати бу борадаги мавжуд қонунчилик ҳамда унинг амалиётдаги ижросига боғлиқдир.

М.ХОДЖАЕВ Мир Араб олий мадрасаси ходими




. .