"...УЛАР БИЛАН ТОТУВ ТУРМУШ КЕЧИРИНГИЗ…"
Muallif: . .
Sana: 17.11.2022
194

Оила қуриш йигит билан қизнинг динимиз ҳукмлари асосида дўстлик, меҳр-оқибат, ҳурмат-эътибор, муҳаббат, кечиримлилик, самимийлик каби инсоний фазилатлар асосида ҳаёт кечиришга аҳдлашувидир.

Оила кўрки бўлган аёллармизга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилишимиз лозим. Уларнинг феъл-атворидаги бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш, уларни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ҳамда уйларнинг пок ва озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги миннатсиз хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандларни вояга етказиши шундай яхшиликлар сирасига киради. Бу ҳақда ҳазрат Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: "Мўмин эркак мўмина хотинига ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади" (Имом Бухорий ривояти).

Ислом дини ўзаро муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби инсоний хислатлар оила мустаҳкамлигининг муҳим омилларидан эканини айтади. Булардан бирортасига арзимас нарса боис дарз етмаслиги зарур.

Шундан келиб чиқиб, комилликка интилган ҳар бир эркак оилада ўзига ҳаётий ҳамроҳ бўлаётган аёлининг барча ахлоқ ва хилқатини тўла тушуниб боради. Унинг туғма хусусиятлари ва табиатига қараб ҳаёт тарзини белгилаши лозим бўлади. Лекин шуни айтиб ўтамиз, кишининг аёлини ўзи кўзлаган ва тасаввур қилган ҳолатга келтириши учун ҳаракатлари ҳамиша ҳам яхши натижа бермаслиги мумкин.

Бунга қатор сабаблар бор. Биринчидан, рафиқа бўлган аёлнинг муомала, кийиниши, овқатланиши ўзи туғилиб ўсган бошқа оила турмуш тарзига мослашган. Иккинчидан, таълим-тарбияси ҳам ўз ота-онасининг ёши, касбу кори, дунёқараши, урф-одатларидан келиб чиқиб шаклланган. Учинчидан, аёл ўзининг хилқатидан келиб чиқиб, ҳаёт тасаввурига эга. Бу каби жиҳатларга эътибор бериш, янги оилага мослашиб олиш учун аёлга муайян вақт керак бўлади. Куёв келинчакни ўз ҳаёт тарзига мослаб, кўниктириб олиш учун мулойимлик, кечиримлиликка суянмаса, қўполлик ва ғазаб қилса, оила ажримга юз тутиши мумкин. Жуфтлик муқаддаслигини ва унинг муаммоларини яхшиликча ҳал қилиш мақсадини онгу шуурига сингдирган инсон оилага кенг қамровли ахлоқ нуқтаи назари ила ёндашади. Бундай оила бошлиғининг хонадони осуда, сокин, бахтли, келажаги хайрли бўлади.

Қуръони каримнинг ушбу оятларида жуфт яшаш лозимлиги айтилади:

"Унинг аломатларидан (яна бири) сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир" (Рум, 21);

"У сизларни бир жон (Одам (алайҳиссалом)дан пайдо қилган зотдир. Демак, (инсон учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонатгоҳ (экан). Фаҳмлайдиган қавм учун оятлар тафсилотини бердик" (Анъом, 98)[1];

"(У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди (дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Аллоҳ – Раббингиздир. Ҳукмронлик фақат Уникидир. Ундан ўзга (ҳеч) илоҳ йўқ. Бас, (Унга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!" (Зумар, 6).

Бу оятларда жуфтлик асослари ва унинг одоблари тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Буни ҳар бир ақлли, заковатли ва имонли инсон тушуниб етиб, уларга амал қилиши лозим. Ҳар бир яратилган мавжудотнинг асоси борлиги, бундай яратилишга амал билан итоат этиш бошқа ибодатлар каби фарз экани маълум қилинмоқда. Гоҳида инсон якка-ёлғизлик ёки танҳоликни хоҳлайди, иродаси заифлик килади, тушкунликка тушади, бу ҳолатларнинг барчаси яратилиш низомига имон келтирмаслик оқибатидир. Зеро, дунё ҳаёти жуфтликка асосланган экан, ҳар бир инсон бу омилни умрининг охиригача ижро қилиши лозим.

Яна таъкидлаш мумкинки, бу жуфтлик фақат никоҳ билан пок сақланади. Ана шу никоҳнинг доимийлигини таъминлаш мақсадида эр зиммасига бир қатор моддий, ҳуқуқий, маънавий, ахлоқий масъулиятларни бажариш шарт қилиб қўйилди.

Аёллар ахлоқида баъзи бир камчиликлар содир бўлса, ақл-заковат билан ўз ўрнида бартараф этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда катта ҳикматлар, фойдалар борки, унинг эвазига оила баракотга эга бўлади. Қуйидаги ояти каримада баён қилинганидек:

"...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин" (Нисо, 19-оят).

Иродали, иймонли эр Аллоҳ таолонинг бу оятидан чиройли таълим олиши ва уни ҳаётида қўллаши керак бўлади.

Кези келганида шуни айтиш керак, инсон нуқсондан холи эмаслиги барчамизга маълум. Бу ояти каримада ҳам инсонда камчилик бўлиши эслатиб ўтилмоқда. Демак, хато-камчилик мавжуд экан, унинг кечирими ҳам бўлиши керак. Хато-камчиликни адоват ва ситамга сабаб қилмаслик олижанобликдир. Зеро, кечирмаслик, нифоқни кучайтириш ажримга олиб борадиган кўприк эканини унутмаслик керак. Баъзи бир воқеа-ҳодисалар биз хоҳламасакда, содир бўлади. Ояти каримада бундай ҳолатларга яхшилик билан ечим топишга чақирилмоқда. Мана шу маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисида ҳам таъкидланади: "Иймони комил мўмин мўмина аёлга ғазаб килмайди. Аёлнинг бир хулқи ёқмаса, бошқа хулқи ризосини ифода этади".

Хулоса қиладиган бўлсак, эркак киши мустаҳкам оила барпо этиш учун ўзининг ҳар бир ишига муомала маданиятини сингдириши, оила мустаҳкамлигини асрашни асосий мақсад қилмоғи зарур.

Мир Араб Олий мадрасаси талабаси

МАДАМИНОВ Муҳаммадюсуф

. .