ОГОҲЛИК
Muallif: . .
Sana: 18.11.2022
193

Охирги пайтлар диндан гапирадиганлар кўпайиб кетди. Ислом умматининг олимлари тўлиқ эътироф этган ва уларнинг илми, фазли олдида тиз чўккан буюк имомлар, алломалар ҳақида тил учида гапирувчи пасткашлар, таг-туби номаълум одамлардан эшитиб олган гапларини дин деб ҳамманинг олдида жар солаётган жоҳиллар, нима ҳақида гапираётганини ҳам англаб етмаётган, ўз соҳасида ҳеч бир натижага эришолмаган майдагаплар ижтимоий тармоқларда авжига чиқди. Аллоҳнинг дини ҳақида ҳар ким ҳам гапиравермайди, буни яхши тушунайлик ва тушунтирайлик. Бу улкан гуноҳ. Бунинг зарари охиратдан олдин шу дунёнинг ўзида жамиятларни пароканда бўлиши, мусулмонларни янада заифлашиши, давлатларнинг нотинч бўлиши ва одамларга динни ёмон кўрсатиб қўйиш билан намоён бўлади. Сал ҳаддимизни билайлик. Бир масалани гапиришдан олдин, дўппини ечиб қўйиб: "Тўхта, ўзи мен гапирсам бўладиган масалами шу? Динимизнинг манбаларини қанчалик ўрганганманки, мен гапирай..." деб ўйлаш керак. Одамда ақл-фаросат бўлиши керак. Ўзини кимлигини билмаганлар ҳар қандай мавзуда гапираверади.

Биттаси "Аллоҳ аршда ўтирибди" деб пост қўйса, иккинчиси, "Манимча, зам сура ўқишда суралар кетмакетлигига риоя қилиш керакмас" дейди. Яна бири "Ҳақиқий мусулмонлар Ваҳҳобийлардир" деса, бошқаси "Сўфийлик исломданмас" деб жар солади. Ким санлар? Сенларга ким ҳуқуқ берди Аллоҳнинг дини ҳақида гапиришга, омма олдида жар солишга? Эътиқодинг шахсий ишинг, аммо бунақа нозик масалаларда сенларни гапиришга умуман ҳаққинг йўқку. Аллоҳдан қўрқмайсанларми?

Буларнинг жоҳиллиги ва кимларга эргашаётгани кўпчилик аҳли илмларга маълум. Аммо, оддий халқ буларнинг гапларига эргашиб адашиши одамни маҳзун қилади.

Буларнинг гапларига жавоб қайтариш, булар билан баҳслашиш аслида нотўғри деб биламан. Чунки улардан катталари ҳам мунозарадан қочади, далилни қабул қилмайди. Оддий илмсиз одамлар алданиб қолаётганини кўрмаганимда, тоифалар ҳақида ёзиб ҳам ўтирмасдим. Аммо, огоҳлантириб қўйишни вазифам деб билдим.

Азизлар, илмни ўзингиз билган, яхши таниган аҳли илмлардан олинг. Динимиз биз учун энг азиз нарсамиздир. Уни Интернетдан ёки дин ҳақида гапираётган ҳар кимдан ҳам олиб кетаверилмайди. Биргина қиммат нарса сотиб олмоқчи бўлсангиз, адашиб-алданиб қолмаслик учун қанча суриштирасиз, қанча изланасиз. Охирида, яхшисини топганингизда олишга қарор қиласиз. Нега? Чунки, биргина пулингиз нотўғри жойга сарфланмаслиги учун, дунё матосида куйиб қолмаслик учун. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, динингиз бу сизнинг ҳам дунёйингизни, ҳам охиратингизни обод қилувчи илоҳий йўлдир. Буни ўтган-қайтган ҳаммадан ўрганаверсангиз, дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой берасиз. Огоҳ бўлинг. Ҳозирда, минг йилдан ошиқ вақт мобайнида халқимиз амал қилиб келаётган мазҳабни, эътиқодни ва ахлоқий йўлни йўқотишга катта уринишлар аллақачон бошланган. Динингизни арзон санаманг. Қўлида дори кўринган ҳар қандай одамнинг ташхисига ишониб, ундан дори сотиб олиб, истеъмол қилаверсангиз, тезда ҳалок бўласиз.

Фитнали замондамиз. Ўзингизни асранг! Иймонингизни асранг! Динингизни ҳимоя қилинг!


Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Устоз Улуғбек БУХОРИЙ

. .