Абу Ҳанифанинг фиқҳи:
Muallif: . .
Sana: 13.06.2024
282

Ҳадис фуқаҳоларининг энг машҳури Имом Молик бўлганидек, Абу Ҳанифа р.а. Раъй фуқаҳоларининг энг машҳури саналади. Раъй дейилганда қуйидагилар назарда тутилади: фақиҳ фатво бераётган масалада шаръий нас топа олмаган тақдирда у ўз фатвосида диннинг руҳига мос бўлган жиҳатига суяниши, ёки муфтийнинг назарида умумий жиҳатдан шариат аҳкомларига мувофиқ келишига эътибор қаратиши, ёҳуд шаръий нас билан келган масалага унга ўхшаш нарсаларни бир бирига қиёслаши. Шунга кўра, Раъй тушунчаси қиёс, истиҳсон, масолиҳул мурсала ва урф каби усулий қоидаларни ўз ичига олган қарашдир. Аҳли раъйлар билан аҳли ҳадислар ўртасидаги асосий ихтилоф суннат билан ҳужжат айтишда эмас, балки раъйни қўллаш ҳамда раъй асосида масалалар ишлаб чиқишдадир. Дарҳақиқат, аҳли ҳадислар раъйни ҳужжат сифатида қабул қилмас, фақат ўта зарурий ҳолатдагина унга мурожаат қилишар, воқеъ бўлмаган масалалар устида ҳукм чиқармас, балки фақат воқеъликда содир бўлган масалаларга фатво беришар эди. Аҳли раъйлар эса, кўпинча ижтиҳод қилаётган масалалари борасидаги ҳадис саҳиҳ бўлмаса раъйга асосланиб фатво беришар, фақат воқеъликда содир бўлган масалаларгагина ҳукм чиқариш билан кифояланмай, балки ҳали воқеъ бўлмаган, фаразий масалаларнинг ҳам ҳукмларини раъй асосида чиқарар эдилар. Аҳли ҳадис уламоларнинг аксари Ҳижозда яшаганлар. Ҳижоз саҳобаларнинг ватани, ваҳй нозил бўлган макон бўлгани учун, у ерда яшаган тобеинлар кўпам раъйга берилмаган саҳобалардан таълим олган эдилар. Аҳли раъй уламоларнинг аксари эса, Ироқда яшаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг кўпчилиги Ибн Масъуднинг шогирдлари саналадилар. Маълумки, Ироқ уламолари, жумладан Ибн Масъуд ҳам Расулуллоҳ с.а.в.дан ҳадис ривоят қилишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлганлар. Яъни, Расулуллоҳ с.а.в.дан ворид бўлмаган, ёки ишончли бўлмаган ҳадисни ривоят қилишдан ўзларини эътиёт қилишар эди. Шунинг учун ҳам ҳадис ишончли бўлмаган ҳолатда раъй асосида ижтиҳод қилар эдилар. Бунинг яна муҳим бир сабаби, Ироқ қадимий илмлар ўқитилган мадрасалар ва фалсафалар ватани бўлиб, унинг аҳолиси ҳадис ривоят қилиш шароитларига эга бўлмаган эди.

Абу Ҳанифа р.а. фаразий ва тақдирий масалалар устида ижтиҳод қилиш билан ҳам танилган эди. Воқеъ бўлмаган масалаларни фаразан кашф қилиб, уларнинг ҳукмини ва далилларини ҳам айтиб кетар эди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай деган: Биз бало келишидан олдин унга тайёр турамиз. Воқеъ бўлганда унга қандай кириб, қандай чиқишни биламиз. Шу тарзда Абу Ҳанифа тақдирий, фаразий фиқҳнинг ривожига катта хисса қўшди.

Уламолар Абу Ҳанифага мансуб бўлган муснад ҳадислар ва асарлар тўплами бор эканлигини айтиб ўтишган. Лекин, кўпчиликнинг фикрига қараганда Абу Ҳанифа р.а.нинг фиқҳ борасида бирорта ҳам китоби йўқ. Аниқроғи, Абу Ҳанифанинг шогирдлари унинг фиқҳий қарашларини китобга ёзиб боришган. Гоҳида Абу Ҳанифанинг ўзи имло қилиб турган бўлса, гоҳида ёзилган китобни кўздан кечириб, тўғрилаш керак бўлган жойларини тўғрилаб, тўғрисини қолдирар эди. Шогирдлари билан бўлган илмий мажлисларда Абу Ҳанифа ўртага бирин кетин малаларни ташлар, масала юзасидан ўзининг фикрини айтар, шогирдларининг фикрларига қулоқ солар ва биргаликда мунозара қилар, токи фикрлари бир ерга келиб тўхтагач Абу Юсуф уни асл масала қаторига киритар эди. Шу зайлда барча аслий масалалар ўз исботини топиб, Абу Ҳанифанинг мазҳаби вужудга келган. Ундан кейин шогирдлари бобларга ажратиб, тартибланган шаклда битилган китоблар тарзида мазҳабни ёйилишига хизмат қилдилар.

Абу Ҳанифанинг шогирдлари нақл қилган масалалар аксар ҳолда далилларсиз келтирилади. Фақатгина нақл қилинган асар ёки машҳур хабар ёхуд саҳобийнинг фатвоси, гоҳида бирор тобеийнинг фикригина зикр қилиб ўтилади. Аммо, қиёс ёки истиҳсон эса жуда камдан кам зикр этилади. Шубҳасиз, бу бизни Абу Ҳанифа қиёсни қандай қўллаганлигини яқиндан билишимизга тўсқинлик қилади. Ваҳолангки, Абу Ҳанифа ўз замонасининг энг кучли қиёсловчиси, истеҳсоннинг асосчиси бўлган. У қиёслаган ёки истиҳсон қилган масалада унга қарши боришга ҳеч ким журъат қила олмаган.

Абу Ҳанифанинг шогирдаларидан кейинги келган табақа уламолар масалаларнинг далилларини келтириш, қиёсланган ҳукмларни аниқлаш, истиҳсон қўлланилган ўринларни баён қилиш ҳамда урфга асосланган ҳукмларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилганлар. Лекин биз ҳақиқатан ҳам улар келтираётган далиллар айнан Абу Ҳанифанинг фикрлари ва ҳукм чиқаришда тутган йўлларими йўқми эканлигини комил ишонч билан айта олмаймиз.

. .