Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари
Muallif: . .
Sana: 19.06.2024
101

Абу Ҳанифа р.а.нинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлган. Уларнинг баъзилари бошқа ўлкалардан келиб, у зотнинг дарсларида қатнашиб, Абу Ҳанифанинг мазҳаблари бўйича йўналишларга эга бўлгач ўз юртига қайтиб кетган бўлса, баъзилари у зотга мулозимлик қилган. Абу Ҳанифа ўзига мулозимлик қилган шогирдлари ҳақида шундай деган: улар ўттиз олти киши бўлиб, йигирма саккизтаси қозиликка ярайди, олтитаси фатво беришга салоҳияти етарли ва иккитаси яъни, Абу Юсуф ва Зуфар эса қози ва муфтийларни тарбиялай оладиган даражададир. Абу Ҳанифа санаб ўтган қозилик ва муфтийликка ярайдиган ҳамда қози ва муфтийларни тарбиялашга салоҳиятли бўлган шогирдлари у зотнинг ҳаётлик вақтларидаёқ илмий жиҳатдан пишиб етилган эдилар. Ўша вақтнинг ўзида уларга бундай масъулиятли вазифаларни ҳеч қандай шубҳасиз ишониб топшириш мумкин бўлган. Улар ёш жиҳатидан ҳам бунга лаёқатли эдилар. Аммо, Муҳаммад ибн Ҳасан эса, Абу Ҳанифа вафот этганида ўн саккиз ёшда эди холос. Уни ёши қозилик мансабига ўтиришга кичиклик қилар эди. Шундай бўлсада, биз хусусан Абу Ҳанифанинг фиқҳини ва умуман ироқликларнинг фиқҳини Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китоблари орқали келажак авлодга етиб келганини ва улар бу соҳадаги энг муҳим қўлланма ва асосий манба бўлиб хизмат қилганлигини кўрамиз.

. .