ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ
Muallif: . .
Sana: 21.09.2024
33

Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган.Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти "ўқи" деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далилдир. Яъни "Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми", Аллоҳ таоло яна хабар беради "Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир" (Мужодала сураси 11 оят ). Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмни неъмат сифатида зикр килди, билимдонлар даражаси юқори экани, банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади. Пайғамбаримиз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Бешикдан қабргача илм изла", бошка бир Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Илм Чин (Хитой ) да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгалланг" – деб таълим берганлар.

Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида факиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди", деганларини эшитдим. Або Умома розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: У зот айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди . Шунда Пайғамбаримиз расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, деб марҳамат қилдилар. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпрок фойда келтирадиган нарса йўқ. Шундай экан фарзандларимизни келажакда аҳли солих, баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало унинг ёшлигида олган ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. “Ёшликда ўрганган илм тошга ўйилган нақш кабидир” деб бежизга айтилмаган. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини яхши тушунмаслиги мумкин. Биз ота-оналар фарзандларимизнинг илм эгаллашларига алоҳида эътиборли бўлишимиз даркор.

Нодир Мадиев.
Пешку туман Хўжа рўшноий масжид имом-хатиби

. .