​Замонавий ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти
Muallif: . .
Sana: 24.01.2020
1158

Биз бугун кучли ривожланган, ўта глобаллашган замонда яшаябмиз. Барча соҳалар сингари замонавий ижтимоий тармоқлар тизими ҳам жуда ривожланиб, янги қиёфа касб этмоқда. Интернет тармоқларида янги илмий дарсликлар, аудио китоблар, ёшларимиз илм ўрганиши учун зарур бўлган барча электрон воситалар жуда кўп. Лекин масаланинг иккинчи томони мавжуд. Ёшларимиз замонавий ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда бир қанча маданиятсизликларга йўл қўйишмоқда. Интернет тармоқларида тарқалиб кетган турли беҳаё материаллар, ёвузликка, ёмонликка ундовчи аудио, видеоларни кўришни динимиз ман қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

يَعۡلَمُ خَآئِنَةَ ٱلۡأَعۡيُنِ وَمَا تُخۡفِي ٱلصُّدُورُ ١٩

“У зот кўзларнинг ҳиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур”. (Ғофир cураси 19 оят.)

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ёшлар орасида тарқалган бир қатор иллатларни олдини олишга эътибор қаратишимиз лозим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида “Ҳаёнинг ҳаммаси хайрлидир”, дедилар. (Имом Муслим ривояти.)

Ижтимоий тармоқлдардан фойдаланиш айниқса, ёшлар орасида авж олмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз асарларида шундай дейдилар: “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунё қараши билан боғлиқ. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ҳис этадиган - ёшлар”.

Ҳақиқатда ёшларимиз таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, ибо-ҳаёси биз учун биринчи даражали вазифа бўлмоқлиги лозимдир. Ёшларимизни ижтимоий тармоқларнинг кераксиз қуршовидан бекорчи вақтларидан, фойдасиз ишларидан ман қилиб, уларни илм-маърифатга, муқаддас динимиз аҳкомларига жалб қилишимиз лозимдир.

Бугунги ижтимоий тармоқлар ривожланган даврда барчаларимиз Аллоҳга тақво қилиб, савоб умидида ҳаё қилмоқлигимиз зарур. Хусусан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам. Ёшларимизнинг ижтимоий тармоқлардан ўзларининг яхши мақсадлари йўлида, илм ҳосил қилишлик йўлида фойдаланишлари яхши бўлади.

Ижтимоий тармоқлардан нотўғри мақсадларда, ножўя ўринларда фойдаланаётган кишиларни кўрганимизда бефарқ бўлмаслигимиз керак. Чунки Аллоҳ таоло “Тавба” сураси 71-оятида шундай марҳамат қилади:

وَٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ

“Мўъмин ва мўъминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликкка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар”.

Ҳақиқий мусулмон киши бир биродарининг ножўя ишини кўрса унга қараб туролмайди. Бизлар ҳам баъзи биродарларимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятига чақирайлик.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу айлайҳи васаллам “Бефойда нарсаларни тарк қилган киши исломининг чиройлилигидандир”, дедилар.

Бизлар ҳам биродарларимизнинг исломи чиройли бўлишига, ҳаёси чиройли бўлишига, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда маданиятли бўлишга ҳисса қўшмоқлигимиз лозимдир.


Жобир Элов

ЎМИ Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имоми

. .