Буюклар бисотидан
Muallif: . .
Sana: 19.12.2024
246

Машаққатли замонлар эди. Исломга кирган киши азобланар, "Раббим Аллоҳ" деб баралла айтган одам турли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий қийноқларга дучор бўларди. Мушриклар нима қилиб бўлса ҳам ислом нуфузини пастлатишга ҳаракат қилардилар.

Шундай кунларнинг бирида Ямомалик Аъша номли машъҳур шоир Маккага келди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни излай бошлади. У даврнинг шоирлари хабар тарқатиш ва жамиятни ўзига эргаштириш вазифасини жуда яхши эплашарди. Макка зодагонлари Аъшанинг келганини эшитиб унинг ёнига тўпланишди. Салом-аликдан кейин суҳбат бошланди:

- "Бу ерларга ташрифингиз сабаби нима?" сўради Маккаликлар.

- "Муҳаммаднинг динини тўғри деб билдим. Исломга кирмоқчиман" деди Аъша.

- "Ундай қилманг. У зинони ҳаром дейди" дейишди.

- "Менинг ёшим ўтиб қолган. Зино билан ишим йўқ" деди.

- "У хамр (маст қилувчи ичимликлар) дан ҳам қайтаради" дейишди.

- "Маст қилувчи ичимликлар ақлни кетказувчи ва эркакни хору залил қилувчи нарсаку" деди у.

Бу гаплари фойда бермаётганини тушуниб етган Маккаликлар бошқача таклиф билан чиқдилар:

- "Агар бу динга кирмасдан ортга қайтсангиз сизга юзта туя берамиз" ...

- Юзта туя?!" Аъша бу таклифни ўйлай бошлади. Чунки бу жуда катта мол эди. Бироз ўйлаб, сўнг:

- "Юзта туяга розиман, майли" деб қайтишга рози бўлди. Унга юзта туя йиғиб беришди. У туяларни ҳайдаб ўз шаҳрига қайтди.

Йўл юриб ўз юртига яқинлашганда тўсатдан миниб кетаётган туяси тепиниб кетди. Аъша туя устидан йиқилди ва бўйни синиб ўша ернинг ўзида ўлди. На Ҳаққа эргашди, на туялардан фойдалана олди...Ессиз умр...

Азизлар, дунё шундай! Ақлингизга қулоқ солганда, қалбингиз билан ёлғиз қолганда Ислом ҳақ эканини, Аллоҳнинг кўрсатмасига мувофиқ яшаш кераклигини англаб етасиз. Аммо, бироз ўтиб дунё яна ўз домига тортиб кетаверади. Шундай юриб - юриб ажал келиб қолганини сезмай қоламиз! Ажал эса келдими - албатта олиб кетади.

Аллоҳ оқибатимизни хайрли қилсин!

Муаллиф: Устоз Улуғбек Бухорий

. .

Eng ko'p o'qilgan Nuqtai nazar