Буюклар бисотидан
Muallif: . .
Sana: 19.11.2024
140

Мисрнинг Ақсур вилоятида яшовчи бир йигит уйланди. Тўйдан кейин бир неча ой ўтиб у автоҳалокатга учради ва боши қаттиқ чайқалгани боис кўзи кўрмайдиган бўлиб қолди. Бормаган дўхтири, изламаган чораси қолмади. Аммо, шифокорларнинг бари "Аллоҳнинг тақдирига рози бўлишдан бошқа чорангиз йўқ. Кўзингизнинг кўриши ўта мушкул. Шунинг учун сабр қилинг. Буни даволаб бўлмайди" дейишди. Йигит шу тарзда зулмат ичида қолиб кетди. Маҳзунлик уни тобора ўз домига тортар, гўзал манзараларнинг хумори уни жуда хафа қиларди. Шу йўсинда йиллар ўтди. Бирин кетин фарзандлари дунёга келишди. Биринчи ўғил, кейин икки қиз, кейин яна бир ўғил фарзанд кўрди. Ўз фарзандларининг юзларини кўролмаслик ҳам уни кўп қийнарди. Йигирма уч йил шу тарзда ўтди. У ҳар кун масжидда намоз ўқир эди. Қўни қўшни ёки атрофида яшайдиганлар уни масжидга етаклаб олиб боришар, йўллардан ўтказиб қўйишарди. Кунларнинг бирида жамоат билан намозни адо қилиб турганда ажийб бир воқеа содир бўлди. Унинг ўзи у воқеани шундай эслайди: "Жамоат намозида имом Юсуф сурасини зам қилди ва ўша сурада келган Яъқуб алайҳиссаломнинг "Мен ғамимни ва маҳзунлигимни фақат Аллоҳга шикоят қиламан" деган сўзини ўқиди. Шунда қалбим тўла умид ва муҳаббат билан "Я Аллоооҳ, Я Аллоооҳ, Я Аллоооҳ! Мен ҳам фақат сенга айтаман дардимни, Сендан ёрдам сўрайман" деб юбордим ва йиқилдим. Ўзимга келганимда имом саждада экан. Саждага бориб Аллоҳдан кўзимнинг нурини қайтаришни чин дилдан оҳу нола билан сўрадим. Ҳўнграб йиғладим. Бошимни саждадан кўтарганимда дунё ўзгарган эди. Кўзим кўраётганини ҳис қилиб қувончдан ичимга сиғмай кетдим. Ҳа, мен кўришни бошладим. Намоздан кейин ҳамма мени табриклаб йиғлашарди. Унутилмас ҳолат.

Ҳар қандай эҳтиёжингиз бўлса ва унинг раво бўлишини хоҳласангиз таҳорат олинг ва чин дилдан ихлос билан икки ракат намоз ўқиб Аллоҳдан сўрасангиз албатта раво бўлади".

Азиз ўқувчи! Аллоҳ барча нарсага қодир зот. Биз тўғри сўрай олсак бўлди, албатта беради!

Муаллиф: Устоз Улуғбек Бухорий

. .

Eng ko'p o'qilgan Nuqtai nazar