
Аёлларни эъзозлаш, жамиятда уларга ўзларининг мос ўринларини бериш бизнинг нафақат фарзандлик, балки инсонийлик бурчимиз ҳамдир. Юртимизда аёлларни ҳурмат қилиш, уларни нафақат моддий-жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам ҳимоялаш анъанаси чуқур илдиз отган.
Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси тарихдан маълумки, аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Термизий, фалакиёт илми билимдони Мирзо Улуғбек, дунё тиббиётига устоз бўлган Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбия қилишган. Ушбу илм дарғаларининг болалик йилларига назар солинса, бошланғич таълимни гўдаклик чоғларида оналаридан олишгани маълум бўлади.
Албатта, бундай шахслар камолоти замирида аёл меҳнати ётади. Масалан, Ҳаким ат-Термизий кўп аёл муҳаддислардан сабоқ олгани манбаларда келтирилган. Аллома Имом Ғаззолий ҳаёти ўрганилса, маърифатпарвар онанинг улкан хизмати кўзга ташланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар” – деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам ўзига берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланмоқда, жамиятда ва оилада улкан ютуқларга эришмоқда. Уларни турли ёмонлик, хавф-хатар ва иллатлардан ҳимоялаш ҳамда уларни ҳурматини жойига қўйиб, чиройли муносабатда бўлиш эса эркакларнинг зиммамиздадир.
Бунинг самараси ўлароқ, бугун фан-таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, санъат ва маданият, давлат идоралари тизими ва сиёсат соҳасида муносиб ютуқларга эришиб, юртимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётганларнинг катта қисмини опа-сингилларимиз ташкил этмоқда. Улар сафида давлатимизнинг юксак унвонлари, давлатимизнинг орден ва медаллари, ижодий йўналишдаги давлат мукофотлари билан тақдирланганлар кўпчиликни ташкил этади.
Қуръони каримда 176 оятли бир суранинг номи “Аёллар сураси” деб номланиши, юзлаб оятларда аёлларга доир ҳукмларнинг баён этилиши, ҳадиси шарифларда аёлларга хос алоҳида кўрсатмалар берилганлиги муқаддас динимизда аёл кишининг нақадар юқори эътиборга молик эканидан далолатдир.
Буюк олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг “Оила” номли рисоласида шундай дейилади: “Бир инсон нақадар бою нақадар мартаба соҳиби бўлса-да, унинг тарбияли хотуни бўлмаса, у бахтли эмас. Зеро, бахт оиласи ичида роҳатли умр кўрмакдан иборат бўлиб, оила ичида роҳат кўрмаган инсон, оила ташқарисида ҳам роҳат кўра олмас. Шу сабабдан ҳам хотунларнинг тарбияли бўлишлари зарур ва бунинг фойдаси ҳам бутун миллатга мансуб бўлур”.
Аёл биринчи навбатда у онадир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг комил инсонлар бўлиши бугунги кунда аёлларнинг баркамол бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. “Миллатнинг келажаги оналар қўлида”, - деган француз ёзувчиси Оноре де Бальзак.
Шунинг учун ҳам юртимизда соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасида жуда кўплаб хайрли ишлар бажарилмоқда. Аёлларга кўрсатиш лозим бўлган олий ҳурмат намунаси “Жаннат - оналар оёғи остидадир” каби, пурмаъно сўзларда ўзининг юксак эътирофини топган.