“ҲИЖРАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ МОҲИЯТИ НИМА?
Muallif: . .
Sana: 07.03.2025
58

“Ҳижрат” сўзи араб тилида “ажрамоқ”, “тарк этмоқ” маъноларини билдиради. Ҳижратнинг шаръий истилоҳдаги маъноси эса Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”ни тарк этиб, “Ислом диёри”га кўчиш ҳисобланади.

“Ислом диёри” – жамоат намозлари, азон, жума, ҳайит ва бошқа Ислом шиорлари ва ҳукмлари амалда бўлиб турган юртдир.

“Куфр диёри” – куфр ҳукмлари очиқ-ойдин бўлган ерлар. Яъни, у ерда Ислом ҳукмлари ва шиорлари зоҳир эмас, балки, куфр ҳукмлари устун бўлади.

Уламолар ҳижратнинг ҳукми борасида турли қарашларни баён қилганлар:

1) Исломнинг аввалида ҳижрат мандуб, яъни тарғиб қилинган амал эди. Кейин Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш фарз бўлди. Макка фатҳ қилинганда эса ҳижратнинг вожиблик ҳукми бекор бўлди. Иш яна мандубликка қайтди. Демак, фарз ҳижрат тугатилиб, мандуб ҳижрат қолган. Ўз мазмунига кўра ҳижратнинг Қиёмат кунигача давом этишини ифода этувчи ҳадисларда ана шу мандублик назарда тутилган. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Шофеъийлардан

Ал-Хаттобийнинг қарашларидир. Бизнинг ҳанафий уламолари мана шу фикрни таъкидлайдилар (Ал-Хаттобий “Маъолимус-сунан, Имом Сарахсий “Мабсут”, Косоний “Бадоиъус-саноиъ”, Ибн Обидин “Раддул-муҳтор”, Алий Қори “Мирқотул-мафотиҳ”).

Бу ерда шуни эслатиб ўтамизки, ҳижрат деганда доим “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш тушунилади. Демак, мазкур имомларимиз “Куфр диёри”дан “Ислом диёрлари”га кўчишни мандуб ҳукмида қолди, вожиб ҳукмида эмас, деганлар. Албатта, уларнинг мандуб деган гаплари “Ислом диёри”дан чиқиб кетаётганларга тегишли эмас;

2) Маккадан Мадинага ҳижрат қилишнинг вожиблиги Макка фатҳи куни бекор бўлган. Чунки Макка ўша кундан эътиборан “Ислом диёри”га айланган. Макка фатҳигача ким у ердан Мадинага ҳижрат қилган бўлса, ҳижратнинг савобини олган, бошқаларга бу насиб бўлмаган. Энди қиёматгача боқий қолган ҳижрат эса “Куфр диёри”да иймон келтирган кишининг ҳижратидир. Унга Ислом ҳукмлари жорий бўлиши учун “Ислом диёри”га келиши вожиб бўлади.

Бу фикрни айтган уламолар ҳам ҳижрат “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га бўлишига урғу бермоқдалар. Улар янада фикрларини ривожлантириб, Аллоҳ таоло учун илм излаш, Маккадаги Масжидул-Ҳаромни, Мадинадаги Масжидун-набавийни ва Қудусдаги Масжидул-Ақсони зиёрат қилиш, ватанини душмандан ҳимоя қилиш, ҳалол ризқ топиш учун сафар қилиш ҳам боқий қолган ҳижрат турларидандир, дейдилар;

3) Аллоҳ таоло жаннатни ваъда қилган ҳижрат, яъни, бор будидан маҳрум бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларига келиш Макка фатҳи билан тўхтаган. Энди қолган ҳижрат гуноҳу ёмонликлардан четланиш ҳижратидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Албатта, ҳижрат икки хислатдир: гуноҳлардан четланиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига ажралиб келиш...” (Имом Аҳмад ривояти, 1671-ҳадис).

Бошқа ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Ҳижрат қилувчи хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир” (Имом Ибн Можа ривояти, 3934-ҳадис).

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади.

Яна бир ҳадисда эса, “Умму Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда, унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Табароний, 6735-ҳадис).

Тарихдан маълумки, узоқ асрлар давомида юртимизда Ислом аҳкомлари устувор бўлиб, аждодларимиз унга ихлос билан амал қилиб келганлар. Шундан сўнг юртимизни ғайридинлар истило қилган бўлса-да, бу даврларда ҳам мусулмонларнинг ҳаммаси бошқа юртларга кўчиб кетмаганлар. Балки, мўмин-мусулмон ота-боболаримиз ватанда қолиб, қўлларидан келганча динимизга амал қилишга ва келгуси авлодга дин омонатини етказишга ҳаракат қилганлар.

Шукрки, ватанимиз истиқлолга эришганидан кейин яна юртимиз мусулмонлари динга ошкора амал қилиш, тоат-ибодатларни жамоат бўлиб масжидларда адо этиш, ҳаж ва умра каби амалларни ҳам кенг миқёсда бажариш имкониятига эга бўлдилар. Шу сабабли юртимиз “Ислом диёри” ҳукмида қолгандир. Шундай экан, юртимиздан гўёки ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб эканини даъво қилаётган шахсларнинг айтаётган сўзлари шаръий асосга эга эмас. Балки, диний тушунчаларни бузиб талқин қилиш ҳисобланади. Барчамиз бундан огоҳ бўлишимиз лозим.

АСРОРХОН МАҲМУДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .