8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинган кун миллий давлатчилик тарихида ўта муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеа сифатида эътироф этилади. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Асосий қомусимиз мустақил демократик давлат қуриш йўлида пойдевор вазифасини бажарди ва мамлакатнинг ҳуқуқий тизими, инсон ҳуқуқлари ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланиши учун асос яратиб берди.
2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ёқлаб овоз берди (90,21%).
Янги таҳрирдаги Конституция 2023 йил 1 майдан бошлаб кучга кирди. Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири муқаддима, 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат. (аввалгиси , 6 бўлим, 26 боб, 128 модда)
Конституциянинг 6 та бўлимлари қуйидагилар:
1.Асосий принциплар
2.Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари
3.Жамият ва шахс
4.Ма’мурий-ҳудудий ва давлат тузилиши
5.Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши
6.Конституцияни ўзгартириш тартиби
8 декабрь — Конституция куни мамлакатимизда фақат ҳуқуқий байрам сифатида эмас, балки маънавий-маърифий аҳамиятга эга умумхалқ куни сифатида ҳам нишонланади. Бу кунда таълим муассасалари, ташкилот ва жамоатчилик ўртасида Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритишга қаратилган тадбирлар, давра суҳбатлари ва илмий анжуманлар ўтказилади. Ушбу тадбирлар ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз мустақиллиги ва демократик ривожланишининг асосий қонуний пойдевори бўлиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида устувор аҳамиятга эга. 8 декабрь эса бу қомуснинг аҳамиятини янада чуқур англаш, унинг қийматини юксалтириш ва фуқаролар ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қиладиган муҳим сана ҳисобланади.
Азамат Хакимжонов
Мир Араб олий мадрасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими
