“Кибержиноятлар ва уларга қарши курашиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Muallif: . .
Sana: 13.02.2026
100

Бугун Мир Араб олий мадрасасида Бухоро муҳандислик техника университети билан ҳамкорликда талаба-ёшлар онгида ахборот хавфсизлиги маданиятини шакллантириш ва уларни турли кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган “Кибержиноятлар ва уларга қарши курашиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Бухоро муҳандислик техника университети ўқитувчиси Азамат Муртазоев, Олий мадраса Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, гуруҳ мураббийлари, ходимлар ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбир давомида кибержиноят тушунчаси, унинг турлари ва замонавий ахборот маконида юзага келаётган таҳдидлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш, фейк ахборот тарқатиш ва ижтимоий тармоқлардаги турли хавф-хатарлар хусусида мисоллар келтирилди.

Тадбирда Бухоро муҳандислик техника университети ўқитувчиси Азамат Муртазоев талабаларни ахборот хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоялаш, шубҳали ҳаволалар ва номаълум манбалардан эҳтиёт бўлишга чақирди. У ўз маърузасида интернет орқали амалга ошириладиган молиявий фирибгарликлар, шахсий маълумотларни ноқонуний ўзлаштириш, ижтимоий муҳандислик усуллари каби ҳолатларга алоҳида тўхталиб, талабаларни ҳушёрликка чақирди. Шунингдек, кучли пароллар яратиш, икки босқичли ҳимоядан фойдаланиш, шубҳали ҳаволаларни очмаслик каби амалий тавсиялар ҳам берилди.

Тадбир савол-жавоблар билан давом этди. Талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиб, кибержиноятларнинг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг масъулияти катта эканини англаб етдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида интернет тармоғидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, фирибгарлик, фишинг, зарарли дастурлар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали содир этиладиган турли кибержиноятларнинг олдини олиш юзасидан тушунча ва тавсиялар беришдан иборат

. .