Бугун Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Муҳаммад Мустафо Рўзметовнинг “Ҳанафий мазҳаби ҳақида асосий тушунчалар таҳлили” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Учқун Авлиёқулов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчилари, гуруҳ мураббийлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Мазкур монографияда ҳанафий фиқҳининг қисқача тарихи, мазҳаб доирасида ёзилган илк асарлар, шарҳ, матн, фатово китоблари ҳамда фақиҳлар табақалари атрофидаги ихтилофлару уларнинг ечимлари ҳақида зарурий маълумотлар берилган. Бундан ташқари, ҳанафий мазҳабида ёзилган китоблар ва унда зикр қилинган қавллар орасини ажратиб, энг рожиҳроғини танлаш имкониятини берувчи омиллар ҳамда мазҳабдаги муҳим асослар билан ҳам бойитилган.
Тақдим қилинаётган ушбу монография олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабалар, соҳа мутахассислари ҳамда ҳанафий мазҳаби ҳақида бирламчи маълумотларга эга бўлиш истагида бўлганлар учун мўлжалланган.
Мазкур тадбирда Олий мадраса катта ўқитувчиси, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Рўзимуҳаммад домла Тўхтасинов “Ҳанафий мазҳаби ҳақида асосий тушунчалар таҳлили” китобининг аҳамиятини китобни ёзиш асносида фойдаланилган манбалар билан ҳам кўриш мумкинлиги, мазкур манбаларни алоҳида тадқиқот учун мавзу сифатида ҳам олиш мумкин экани ҳамда китоб учун олдига қўйилган мақсадларни тўлиқ очиб берилганини таъкидлади.
Шунингдек, ўқитувчи Муҳаммад Мустафо Рўзметов томонидан ушбу китоб ҳанафий мазҳаби ҳақида қисқа муддат ичида керакли маълумотларни олиш учун керакли асар экани, китобда ҳанафий мазҳабининг қисқа тарихи, мазҳабда ёзилган илк асалар ва мўтабар манбаларни аниқлаш йўллари ҳақида баҳс юритилган ҳамда китоб учун қўйилган мақсадлар 4-бўлимда очиқлаб берилгани тўғрисида маълумот берди.
Тадбир якунида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги борасида дуойи хайрлар қилинди.
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
