Чин фидокорлар синовли дамда юзага чиқади
Muallif: . .
Sana: 04.04.2020
1252

Халқимизда чиройли бир ҳикмат бор: дўст кулфатда билинади. Машаққатли кунларда елкадош бўлиш одамларимизга хос хусусият. Ҳозир ҳам шундай синовлардан бирида турибмиз. Бу оғир кунларда халқимиз, фуқароларимиз ҳимояси учун бир неча соҳа вакиллари камарбаста бўлиб, хизмат қилиб турибдилар. Хусусан, тиббиёт ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, қолаверса, ушбу хизмат йўлида чарчамай юртим, диним, деб тиним билмай ҳаракат қилаётган имом домлаларимизнинг ўрни беқиёс. Улар одамларимизни мусибатли дамда ваҳимага тушмай, бир ёқадан бош чиқариб, омон-эсон ўтиб олишимиз учун руҳан далда бериб, қўллаб-қувватламоқдалар.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Иккинчи Жаҳон урушининг машаққатли даврида марҳум муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари раҳбарлиги остида уламоларимиз халқни бирлаштириб, уруш майдонида юрган аскарларга иссиқ кийим, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар билан ёрдам қилишга тарғиб қилганлар. Бугунги кундаги имом домлаларимиз ҳам уларга муносиб издош бўлиб, кўринмас бир душманга қарши туришда халқимизни сабр-бардошга, Ўзбекистон ҳукумати чиқараётган қарорлар, тартиб-қоидаларга амал қилишга чақиряптилар. Зеро, ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу мисралари бугун ҳар доимгидан-да долзарб:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Бу мисралар, ўз навбатида, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: "Фарз амалларидан кейин Аллоҳ таолога энг суюкли амал — мусулмоннинг қалбига хурсандчилик улашишдир", - деган ҳадисларига мувофиқдир.

Бугун орамизда кам таъминланган оилаларга ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак бериб келаётган ва бу хайрли ишга одамларни, саховатпешаларни тарғиб қилаётган аҳли илм вакиллари талайгина. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари, сон-саноқсиз тиббиёт ниқоблари халқимизга беғараз етказиб бериляпти. Тиббиёт ходимлари бизни жисман соғлом бўлишимиз учун тер тўкаётган бўлсалар, аҳли илм уламоларимиз ҳам уларга ҳамоҳанг халқ дардига малҳам бўлмоқдалар. Ҳурматли Юртбошимиз бошчилигида барча соҳа вакиллари биргаликда хизмат қилаётган бир даврда, келинг азизлар, биз ҳам уларнинг ишларига кўмакчи бўлиб, карантин қоидаларига риоя этиб уйда ўтиришимиз ва белгиланган қонун-қоидаларга бўйсунайлик. Юртбошимиз, тиббиёт ходимлари, ички ишлар вакиллари ҳамда бизнинг пешволаримиз бўлган имомларнинг беминнат хизматларини Аллоҳ таоло қабул қилсин!

Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев

. .