МУСОХОН ДАҲБИДИЙНИНГ ХОЖАГОН-НАҚШБАНДИЯ ТАЪЛИМОТИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ
Muallif: . .
Sana: 13.07.2026
81

Аннотaция: Ушбу мақолада нақшбандия-мужаддидия тариқатининг йирик вакили Мусохон Даҳбидий томонидан комил инсон тушунчасининг талқин этилишидаги ўзига хос ёндашувлар ҳақида сўз боради. Даҳбидий ўз асарларида Нақшбандия таълимотидаги “комил инсон”, “комил жамият”, “ноқислик”, “камолот”, “одамнинг яратили” масалалари кенг ёритилган. Шунингдек пирлик–шайхлик мақоми мутасаввиф алоҳида эътибор қаратган жиҳатлардан бўлиб, у бу даражани “энг мукаммал мақом” дейди.

Taянч сўзлар: ҳадис, шариат, суфий, ирфон, комил инсон, комил жамият, ноқислик, “камолот”, одамнинг яратили, нафс, мушоҳада, тажаллий.

КИРИШ

Мусохон Даҳбидий асарларида инсон камолоти масаласи

Нақшбандия-мужаддидия тариқатининг намоёндаси Мусохон Даҳбидий катта орифий илм соҳиби бўлганлигини фақат унинг шогирдлари ва фарзандлари тўплаган маноқиблар тасдиқлаб қолмасдан, балки ўзи ёзган илмнинг турли соҳалари, айниқса, Нақшбандия тариқатининг назарий ва амалий муаммоларини тадқиқ этишга бағишланган асарлари ҳам тасдиқлаб турибди.

Мусохон Даҳбидийнинг тўлиқ исми Муҳаммад Мусохонхожа ибн Муҳаммад Исохожа ибн Муҳаммад Бобохожа ибн Муҳаммад Розиқхожа ибн Абд ал-Мўминхожа ибн Хожа Ҳошим ибн Муҳаммад Аминхожа (Хожайи Калон) ибн ҳазрат Махдуми Аъзамдир. У Махдуми Аъзамал-Косоний (1461-1542)нинг еттинчи авлоди бўлиб, Самарқанддан 15 км. шимол тарафда жойлашган Даҳбид мавзесида дунёга келган. Тадқиқот жараёнида дуч келинган муаммолардан бири Даҳбидийнинг туғилган санаси билан боғлиқдир. Мазкур шахснинг ҳаёти билан шуғулланганлар орасида ҳам ушбу масала тугал ечимини топмаган. Тадқиқотчи Комилхон Каттаев, унинг тахминан 1708-1709 йилларда таваллуд топгани хусусида маълумот беради. Аммо Даҳбидий замонасига яқин даврда яшаган Мир Муҳаммад Сиддиқ унинг 80 ёшлар чамаси умр кўрганини ёзади. Демак, Мусохон Даҳбидий тахминан 1698-99 йилларда таваллуд топган, деб белгилаш мумкин.

Мусохон Даҳбидийнинг ёшлиги Мовароуннаҳрда иқтисодий ва сиёсий таназзул жараёнлари кечаётган бир паллага тўғри келган. Шу боис дастлабки таҳсилни Самарқанддаги Тиллакори мадрасасида олган Даҳбидий илм истагида отаси билан Ҳисор яқинидаги Қарнак қабиласига – тоғаси Муҳаммад Ризо Қарнакий ёнига борган. Муҳаммад Ризо Ҳисордаги Кубравийа тариқатининг кўзга кўринган шайхларидан эди. Бир қанча вақтдан сўнг Мусохон Даҳбидий амакисининг маслаҳати билан ҳаж зиёратига отланади. Кашмир томон йўлда Нақшбандия-Мужаддидия тариқатининг шайхи – Аҳмад Сирҳиндий авлодидан бўлган – Миён Обид Жаҳонободий (ваф. 1738-39) билан танишади ва унинг муриди бўлиб қолади.

Даҳбидий бу устози қўлида унинг вафотига қадар таҳсил олади. Устозидан сўнг унинг ишини давом эттириб, Мужаддидия тариқатини қайта тиклайди.

Мусохон Даҳбидий ҳазрат Муҳаммад Обид ҳузурида тасаввуфнинг сирларини ўрганиш билан бирга, ўша ерлик олимлардан тафсир, фиқҳ, ҳадис, мантиқ, балоғат, сарф-наҳв каби илмларни ҳам пухта ўзлаштиради.

Мусохон Даҳбидийнинг Нақшбандия-Мужаддидия тариқатига кириши ҳамда унинг Ҳиндистондаги таҳсили тўғрисида Қози Абу Тоҳирхожа ўзининг “Самария” асарида шундай ёзади: “Самарқанд ва унинг атрофида бўлган бузғунчилик ва вайронагарчилик вақтида ҳазрат Мусохон Ҳиндистон мамлакатига кетиб, унда ҳазрати Миён Муҳаммад Обид соҳибига мурид бўлиб, ҳазрати Миён аждодларининг Алфи соний тариқатини янгилади ва шариф боболарининг силсиласини давом эттирди”.

Мусохон Даҳбидий Ҳазрати Эшон Хўжа Ҳошимийни ҳам ўзининг билвосита маънавий устози сифатида кўради. Бу ҳақда “Наводир ал-маориф” асарида шундай қайд этади: “Ҳазрати Эшон Хўжа Ҳошимий (қаддасаллоҳу руҳаҳу) ушбу муаллифнинг (Мусохон Даҳбидийнинг – Ҳ.Ю.) ҳазратларидан биридир. Ҳасби иродатга кўра, бу фақир икки восита бирла унга етади. Насаб йўли билан эса тўрт восита билан (етади)”. Шундан сўнг асарда Хўжа Ҳошимийнинг кароматлари ва тариқат йўлидаги амаллари баёни зикр қилинади.

Шайх Муҳаммад Обид Мусохоннинг Махдуми Аъзамдек пири комилнинг авлодига мансублиги ҳамда ўта зеҳнли ва қобилиятли бўлгани учун унга кўп иззат-икром кўрсатган ва тўрт тариқат: Нақшбандия, Қодирия, Суҳравардия ва Чиштияга раҳнамолик қилиш ижозатини берган. Ҳазрат Муҳаммад Обид вафот этгандан сўнг Мусохон Даҳбидий 1738 йилдан эътиборан ўн саккиз йил мобайнида Ҳиндистонда туриб Хуросон, Мовароуннаҳр ва Шарқий Туркистонгача бўлган мусулмон ўлкаларидаги тариқат аҳлига раҳбарлик қилган. Шундан сўнг Мусохон Даҳбидий ва унинг атрофидаги йирик халифалари Самарқандга кўчиб келадилар. Мутасаввиф Нақшбандия марказини ўзлари билан бирга Ҳиндистондан Мовароуннаҳрга қайта олиб келганлар. Албатта, унинг Самарқандга келиши ҳаммага ҳам маъқул бўлавермайди. Чунки ўша пайтларда Самарқанд ва унинг атрофида ўзини шайх деб билиб, илми ва тақвоси етарли бўлган мансабпарастлар кўпайиб кетган эди. Улар ўз ортларидан эргашиб келаётган халқнинг бошқа томонга бурилиб кетишини хоҳламас эдилар.

Мовароуннаҳр ўлкасидан илм-фаннинг турли соҳалари бўйичаетук олимлар, фозил уламолар, буюк мутафаккирлар ва беназир алломалар етишиб чиққан. Улар илм-маърифатнинг юксалишига хизмат қилиш баробарида ўзлари мансуб бўлган юртнинг номини бутун дунёга таратганлар. Мақолада ҳаёти ва фаолияти таҳлил этилган Мусохон Даҳбидий ўшандай мутафаккирлардан биридир;

Мусохон Даҳбидий минтақада тасаввуф таълимотининг ривожига катта ҳисса қўшган мутафаккир, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек улуғ давлат арбоби ва шоирга устозлик қилган Махдуми Аъзам Косоний Даҳбидийнинг авлодларидандир;

Мусохон Даҳбидий Нақшбандия-Мужаддидия сулукининг назарий ривожига катта ҳисса қўшди, асарларида тариқат таълимотини шариат мезонлари асосида қайта ишлаб чиқди, уни турли нотўғри ақида ва амалиётлардан тозалади. XVII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб маркази Ҳиндистонга кўчган бу тариқатни Даҳбидий ўз ватани – Мовароуннаҳрга қайтариб олиб келди ва ривожлантирди.

Инсоннинг яралиши, моҳияти ва жамиятда тутган ўрни фалсафий муаммолар тизимида муҳим ўрин тутади. Турли фалсафий таълимотларда бу масалалар турлича талқин этиб келинган. Шундай бўлиши табиий ҳам эди, чунки инсон моҳиятан ижтимоий-тарихий ва маданий мавжудот сифатида ҳар бир янги тарихий шароитда ўзлигини чуқурроқ англашга, инсоний моҳиятини рўёбга чиқаришга интилаверади.

Комил инсон ғояси ҳам миллий, ҳам умумбашарий моҳиятга эга бўлган, одамзотга хос энг юксак маънавий ва жисмоний бар­камолликни мужассам этган, уни ҳамиша эзгуликка ундайдиган олийжаноб туйғудир. Бу ғоя нафақат алоҳида шахсларни, балки бутун-бутун халқларни юксак тараққиёт сари етаклаган, уларни маънавият ва маърифат бобида тенгсиз ютуқларга илҳомлантирган. Комилликни орзу қилмаган, баркамол авлодни вояга етказиш ҳақида қайғурмаган халқнинг, миллатнинг келажаги йўқ. Бундай халқ таназзулга маҳкумдир. Ш.Мирзиёев таъкдилаганидек, “бунда, авваламбор, инсон онги ва дунёқарашини ўзгартириш, инсоннинг эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал эгаси бўлишига урғу берилган. “Авесто” битиклари, тасаввуф илми, “фозил инсон”, “комил инсон” ҳақидаги таълимотларда ушбу масалага катта эътибор қаратилган.

Маълумки, ҳар қандай жамият алоҳида инсонлардан ташкил топади. Адолатли ва етук, комил жамиятни фақатгина комил инсонларни тарбиялаш орқали қуриш мумкин[1]. Инсон камолоти барча қадимги битиклар ва фалсафий манбаларда асосий ғоя бўлган.

Бутун маънавият тарихи шуни кўрсатадики, цивилизatsiя дегани – бу инсоннинг ўз-ўзини англаши, ўзини камол топтириш учун олиб борган курашининг ҳосиласидир. Барча динлар, таълимотлар, тафаккур даҳолари инсон қобилияти, руҳияти ва ахлоқини ўрганиш, инсонни тарбиялаб, тўғри йўлга бошлаш, ноқисликлар ва иллатлардан халос этиш билан шуғулланиб келдилар. Қуръони каримнинг Ал-исро сурасида “Ва лақад каррамно бани одама” (Биз одам болаларини азизу мукаррам қилиб яратдик). Инсон яратилишининг мақсади Ҳақ маърифати, яъни яратилган жонзот ичида инсон Аллоҳни таниш ва билиш истеъдодига эгадир. Аллоҳ инсонни ақл-идрок ва комиллик билан шарафлантирган. Инсон руҳиятининг забардаст тадқиқотчиси Жалолиддин Румий руҳни инсон моҳияти, унинг табиатдаги бошқа жонзотдан фарқ қилувчи белгиси сифатида тушунтирган:

Тингла найдин, чун ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардин шикоят айлагай[2].

“Маснавий”да тилга олинган най – инсоний руҳ, орифлик мартабасига эришган комил инсондир. Байтдаги ҳикоятнинг ирфоний маъноси қуйидагича: инсон руҳи “олами малакут” (руҳлар олами)да Ҳақнинг ишқ,маърифати билан машғул ва “мустағрақ” (ғарқ) эди. “Олами носут” (жисмлар олами)га боғланиб қолганидан сўнг, жисмоний сифатлардан бўлган шаҳват ва ғазаб руҳга ғолиб келди. Унинг руҳоний сифатлари, яъни муҳаббат, маърифат ва истиқоматида нуқсон пайдо бўла бошлади. Руҳда ҳол-мастлик (сукр) ҳолати пайдо бўлса, комил инсон суҳбати, ишқ ва аҳли ишқ мутолааси, далил-ҳужжат ёки ишқ мастлиги орқали руҳий ҳолати, аслий сифатларини эслаганида ўз аслини йўқотгани ва нафсига мағлуб бўлганини “қол” тили (ошкора) ёки “ҳол” тили (яширин) билан изҳор этади.

Комил инсон тушунчаси биринчи марта Муҳйиддин Ибн Арабий томонидан муомалага киритилганини қайд этмоқ жоиз. Ибн Арабий наздида “комил инсон-бу ақли аввал ёки нафси аввал, ақли кул”[3] тушунчалари билан маънодошдир. Чунки Тангри таоло илоҳий нурдан илк марта Ақли аввални яратди ва унинг сурату шаклини комил инсон қиёфасида зуҳур этди.

Нақшбандия-Мужадиддия тариқатининг намоёндаси Мусоҳон Даҳбидийрисолаларини таҳлил қилганимизда, мутасаввиф инсон ва унинг камолоти масаласини ирфоний-фалсафий очиб берганлигини гувоҳи бўлдик.

Алломанинг фикрича, “Аллоҳ нуқс ва ҳудус симотидан муназзаҳ (пок) ва мубарродир. Чунки камоли тазаллул ва хузуъ ва инкисор (синиқлик) дан иборат бўлган ибодатга мустаҳик бўлган нарса-инсондир. Барча камолот унга (Аллоҳга) собитдир. Ва барча нуқсонлар ундан маслубдир. Вужуддаги ва вужудга тобе бўлган ҳамма нарса унга муҳтождир. Ва у ҳеч бир ишда ҳеч нарсага муҳтож эмасдир. Унга ҳеч нарса на фойда, на зарар кўрсата олмайди. Ва ҳеч нарса унинг изни (рухсати) сиз бирор ва нафъ (фойда) етказа олмайди. Аллоҳ таолодан бошқа бундай комил сифатларга эга бўлган ҳеч бир кимса йўқ ва бўла олмайди. Агар ғайр (бошқа бирор кимса) бу комил сифатларга бекаму кўст ва бенуқсон мутаҳаққиқ бўлганда эди ғайр бўлмас эди[4].

Комил инсон ҳақида тасаввуф адабиётида кўп асарлар битилган. Ана шундай кишилардан бири ХИИИ асрда яшаган Азизиддин Насафий бўлиб, “Инсони комил” номли рисоласида комил инсонга таъриф бериб, шундай ёзади: “Билгилки, комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳақиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолатга етган бўлсин: яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф”[5].

Мусохон Даҳбидий фикрича, олами кабир ажзо (қисм)ларининг энг ашрафи (шарафлироғи) арши мажиддир. Унга хос бўлган тажаллий бошқа ажзолар тажаллиётидан устундир. Чунки у тажаллий жомедир. Ва у мустажмаъи само ва сифоти вужудийдир. Ва(яна) у доимий тажаллийдир. Комил инсон қалбининг аршга муносабати бор. Уни аршуллоҳ дейдилар. Ўша арший тажаллийдан кўп насибадор бўлади. Ул тажаллий куллийидир. Ва бу тажаллийнинг ўша тажаллийга нисбати бор. Аршда эса йўқ. Ва у шутажаллийга шуурдир. Ва яна қалб мазҳардир ва зоҳирига гирифторлиги бор. Арш эса ўша гирифторликдан холидир. Бас, қалбга шуур(онг) воситасида ва гирифторлик воситасида тараққий мақсуди мумкин ва бор нарсадир. Зероки “алмаръу маа ман аҳабба” ҳукмига кўра, қалб киши биландир ва унга боғлиқлиги бор, унинг муҳаббатининг мафтунидир. Агар муҳиб асмо( исмлар) ва сифатлар бўлса, у (қалб) ўша асмо ва сифатлар биландир. Агар муҳиб зоти таоло ва тақаддас бўлса, дил у билан биргадир[6].

Юлдашходжаев Ҳайдар Ҳашимханович,
Янги аср университети кафедра мудири, доцент, тарих фанлари номзоди

Адабиётлар рўйхати:

1.Мирзиёев. Ш. Янги Ўзбекистон стратегияси. – Т.: O`zbekiston, 2021. – Б. 236.

2.Мирзиёев Ш.М. Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари. –Тошкент:Ўзбекистон,2020. . –Б. 43.

3.Наврўзова Г. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси.– Тошкент: Фан, 2021. – Б. 41.

4.Maulana Fahr ad-din ’Ali b. Husayn Va’iz Kashifi. Rashahat ’ayn al-hayyat / Noshir ’Ali Muiniyat, jild-i avval. – Tehron, 1975. – S. 32–33, 59–61.

5.Хисматуллин А.А. Суфийская ритуальная практика (на примере братства Накшбандия). – Санкт-Петербург.: Петербургское Востоковедение, 1996. – С. 44.

6.Paul Ju. Doctrine and Organization. The Khwajagan/Naqshbandiya in the first generation after Baha’ad-din. Anor-1. – Halle-Berlin, 1998. – Р. 20-26.

  • 7.Каттаев К. Махдуми Аъзам ва Даҳбед. - Самарқанд:Сўғдиёна, 1994. – Б.24.

8.Мир Муҳаммад Сиддиқ. Таржима-йи ҳоли Мусохон. – Тошкент: ФА ШИ, Қўлёзма, инв. № 2663/I.

9.Жумақули Хумулий. Тарих-и Хумулий. – Тошкент: ФА ШИ. Қўлёзма, инв. № 37/VI.

10.MULLA JUM'A-QULĪ KHUMŪLĪ, TĀRĪKH-I KHUMŪLĪ. Edited by Ghulom Karimiy and Iroda Qayumova. Editor-in-chief: Haydar Yuldashkhojayev. Samarkand-Tashkent: IICAS, 2013. Text: 243 pages. Introduction (in English and in Uzbek): 42 pages.



[1] Мирзиёев Ш. Янги Ўзбекистон стратегияси. - Тошкент: “О‘zbекistоп” нашриёти, 2021. – Б.419.

[2]Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. – Б. 8.

[3]Комилов Н. Тасаввуф. Биринчи китоб. -Т.: Ёзувчи, 1996. – 145 б.

[4] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақā’иқ. – Т.: ФА ШИ. Қўлёзма, инв № 6576/I. – В. 46Б.

[5] Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. Биринчи китоб. Т.: Ёзувчи,1996. 147-бет.

[6] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақā’иқ. – Т.: ФА ШИ. Қўлёзма, инв № 6576/I. – В. 51Б.

. .