Аннотация. Ушбу мақола мутасаввиф фикр ва қарашларида инсоннинг олий мақоми, қалб ва руҳий камолоти, шунингдек, инсон ва Аллоҳ ўртасидаги муҳаббат муносабатларини таҳлил қилади. Мақолада Мусохон Даҳбидий таълимотига мувофиқ, инсон борлиқнинг маркази сифатида кўрилади, қалб эса Ҳаққа етиш йўлида тоза ва пок бўлиши лозимлиги таъкидланади. Шунингдек, мақолада комил инсон сифатида Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.) ва бошқа пайғамбарлар мисолида маҳбубият, муҳаббият ва руҳи камолат тушунчалари ёритилган. Инсоннинг вужудий, руҳий ва қалбий жиҳатлари орасидаги уйғунлик, ирфонийнинг тафаккурий таҳлили орқали очиб берилган. Мазкур мақола ирфоний ёндашувда инсоннинг моҳияти, яратилиş мақсади ва камолот йўлини тушунтиришга қаратилган.
Калит сўзлар: Мутасаввифлик, инсоннинг олий мақоми, комил инсон, қалб ва руҳий камолот, маҳбубият, муҳаббият, ирфоний тафаккур, пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.), вужуд ва руҳ уйғунлиги, Аллоҳ билан муносабат
Мутасаввиф фикру қарашларида инсон юксак мақомни эгаллайди. Унинг таъбирича, одам борлиқ мевасидир. Вужуд силсиласининг мартабалари унинг хизматида. Олам яратилиши, барча улуғлик ва азаматлиги билан бир инсондек ҳисобланади. Одам ёлғиз ҳолда барча оламларнинг жамловчисидир. Қалб доирасининг марказий нуқтаси эса Ҳақдир. Қалбларнинг исми Аъзамга етишувидан туғилган бу нидо ва фиғонлар ихтиёр ва иродасидан озод бўлсагина пок ва холис бўлади. Агар у ихтиёр ва иродадан ажрала олмаса, бу нидолар ихлос саройига асло кира олмаслар.
Мусохон Даҳбидий комил инсон деб Муҳаммад (С.А.В) ни билади. “Билмоқ керакки, ҳазрати пайғамбаримиз (С.А.В.) икки исм билан исмлангандирлар. Ул зотнинг иккала муборак исмлари Қуръони мажидда яширилгандир. Биринчи исмлари Муҳаммаду-р-расулуллоҳдир. Ва яна руҳуллоҳ башорат қилиб айтган ҳикояларида исмуҳу Аҳмад. Ҳар иккала исмнинг валояти алоҳидадир. Валояти Муҳаммадий гарчи унинг маҳбубийят - мақомидан келиб чиққан бўлсада аммо маҳбубийяти сирф (пок маҳбубийят) бўлиб, муҳаббатдан бир белги бордир. Ва валояти Аҳмадий маҳбубийяти сирфдан келиб чиққандиркимуҳаббат шоибаси йўқдир. Бу валоят олдинги валоятдан пешқадамдир. Ва бир марҳала (масофа) матлубга яқинроқдир. Ва муҳибга марғуброқдир. Маҳбуб гарчи (ҳар қанча) маҳбубийятда етук бўлса ҳам, унинг истиғно ва бениёзлиги (муҳтож эмаслиги) комилроқ (етукроқ) бўлади. Ва муҳаббат назарида зебороқ (гўзалроқ) ва раънороқ кўринади. Муҳибни кўпроқ мутажаззиб қилади.
Байт:
На танҳо офатам зебои у-аст,
Балои ман зи нопарвои у-аст[1].
Мазмуни: Менинг офатим фақат унинг гўзаллиги эмас, Менинг балойим унинг бепарволигидандир.
Махдуми Аъзам таълимотича, қачонки инсон айтиб ўтилган йўллар орқали кўнгил кўзгусини ҳар қандай зангу ғуборлардан покиза қилсагина, ўша замон ҳақиқий маҳбуб жамол ва жалол сифатида кўнгилнинг кўзгусида тажаллий (намоён бўлиши) қилади:
Раб (Ҳақ) нинг зоти тажаллий қилар бўлса,
Қасам бердим сенга ғофил қолмагил.
Ҳар бир нафасинг билгил бир гавҳардур,
Ҳар бир зарранг Ҳақ йўлига раҳбардур.[2]
Мусохон Даҳбидий комил инсондаги маҳбубийят, муҳиббийят ва муҳаббат масаласига алоҳида эътибор беради. “Маҳбубийяти зотийя камолотининг зуҳури хотаму-н-набиййин (С.А.В) га мусалламдир. Маҳбубийят томонида икки камол бордир: феълий ва инфиолий. Феъл аслдир ва инфиол унга тобе. Лекин инфиол ғойибий иллатдир. Гарчи вужудда мутааххир бўлса-да, аммо тасаввурда мутақаддим. Муҳаббатийя камолоти зуҳури ҳазрати Калимуллоҳга (Мусо а.с) насиб бўлгандир. Нафси муҳаббат абу-л-башар ҳазрати Одам (ало набиййию ва алайҳи-с-салот васалом) га аввало ўша жойда машҳуд бўлди (кўринди) ва кейинчалик ҳазрати Иброҳимга ҳам ўша ерда машҳуд бўлди. Учинчи марта ҳазрати Нуҳ ҳам ўша эътиборда назарга кирди. Вал – амру илаллоҳ субхонаҳу ҳазрати зоти таъоло ва тақаддис, чунончи, ўзини дўст тутади. Ўзининг асмоий, сифотий ва афъомий камолотини ҳам дўст тутади. Ҳазрати зоти таоло ва тақаддиснинг ўз асмо ва сифотига бўлган бу муҳаббатининг зуҳури ҳазрати Халилда батамом бордир. Асмоий ва сифотий ва афъолий маҳбубийят зуҳури бошка пайғамбарларда ҳам муҳаққиқдир. Буларнинг муҳаббати зуҳурига ўхшаш, вужуд, асмо, сифот ва афъолнинг соялари бордир. Ўша зилол маҳбубиятининг зуҳури уларнинг усуллари воситасида авлиёи мардон ва маҳбубларнинг насибидир. Авлиёи муридин ва муҳибинларга муҳаббат шаклида насиб бўлган ўша зилол муҳаббати зотия мақомидан юқори бўлган «хубб мақомидирки, уларнинг ижмоли варизомақоми мақоми муҳаббат ва хубб» дан устундир. Ризо мартабаси муҳаббат мартабасидан юқоридир. Чунки муҳаббатда вужуд нисбатдир. Ризо мақомида ҳазрати зотга муносиб бўлган ҳадафи нисбат бордир [3].
Маҳбуб (Аллоҳ - Ҳ.Ю.) севгисининг алангаси ошиқ қалбида туташганидан кейин, унинг қалбидаги ҳақиқий маҳбуб васли йўлида тўсқинлик қилиб турган барча ҳижобларни ёндириб ташлайди.
Мусохон Даҳбидий инсон тушунчасини ирфоний таҳлил қилиб қуйидаги фикрни келтиради: “одамзод жомеа бир нусхадирки, у ажзои ашарадан, аносири арбаадан, нафси номиқа, қалб, руҳ, сир, хафий, ихфодан таркиб топгандир. Инсонга мавжуд бўлган қувват ва бошқа жавоҳирлар тупроққа қайтгувчидир. Бу ажзолар (кўриниб турган) дир. Шунингдек халқ оламининг амр оламига бўлган зиддияти ҳувайдо (мавжуд)дир. Амр оламининг ҳар бири бир амрга махсусдир. Нафси номига эга ўз ҳаво (ҳавас) сига эга бўлган худхоҳлардир. Улар бир – бирига бўсунмайди. Худобанди жалла султонаҳуни инояти бу ашёйи мутазодани ўз комил қудрати билан ҳар бирининг суратини бўлак-бўлак жамлаб унга хос мажоз ва ваҳдоний ҳайъат ато этгандир. Хос мазоже ва ваҳдоний ҳайъатдансўнг ўз етук ҳикмати билан унга сурат бергандир. Токи ажезои мутафариққа ҳифзи унинг мутазодасини кўрсатсин. Бу мажмуани инсон деб атаб, жомеият ва ваҳдоний ҳайъат ҳусули эътибори билан халофат истеъдоди шарафига мушарраф қилган. Бундай давлат инсондан бошқа ҳеч бир нарсага муяссар бўлмагандир. Олами қодир (буюк олам) гарчи бузрук бўлса-да жомеиятдан холидир ва ваҳдоний ҳайъатдан бенасибдир. Бу ҳол барча инсоний афродга собитдир.Инсоннинг хавоси (хослари) ва авоми (олийлари) бу маънида шерикдирлар»[4].
Мутасаввиф аввало инсон ким? Нега яралган? Уни яратишдан мурод нима? каби масалаларни ёритиб, кейин тана ва руҳ алоқадорлиги, унинг камолоти масаласига тўхталган.
ЮлдашходжаевҲайдар Ҳашимханович,
Янги аср университети кафедра мудири, доцент, тарих фанлари номзоди
Адабиётлар рўйхати:
1.Мирзиёев. Ш. Янги Ўзбекистон стратегияси. – Т.: O`zbekiston, 2021. – Б. 236.
2.Мирзиёев Ш.М. Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари. –Тошкент:Ўзбекистон,2020. . –Б. 43.
3.Наврўзова Г. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва маънавий мероси.– Тошкент: Фан, 2021. – Б. 41.
4.Maulana Fahr ad-din ’Ali b. Husayn Va’iz Kashifi. Rashahat ’ayn al-hayyat / Noshir ’Ali Muiniyat, jild-i avval. – Tehron, 1975. – S. 32–33, 59–61.
5.Хисматуллин А.А. Суфийская ритуальная практика (на примере братства Накшбандия). – Санкт-Петербург.: Петербургское Востоковедение, 1996. – С. 44.
6.Paul Ju. Doctrine and Organization. The Khwajagan/Naqshbandiya in the first generation after Baha’ad-din. Anor-1. – Halle-Berlin, 1998. – Р. 20-26.
- 7.Каттаев К. Махдуми Аъзам ва Даҳбед. - Самарқанд:Сўғдиёна, 1994. – Б.24.
8.Мир Муҳаммад Сиддиқ. Таржима-йи ҳоли Мусохон. – Тошкент: ФА ШИ, Қўлёзма, инв. № 2663/I.
9.Жумақули Хумулий. Тарих-и Хумулий. – Тошкент: ФА ШИ. Қўлёзма, инв. № 37/VI.
10.MULLA JUM'A-QULĪ KHUMŪLĪ, TĀRĪKH-I KHUMŪLĪ. Edited by Ghulom Karimiy and Iroda Qayumova. Editor-in-chief: Haydar Yuldashkhojayev. Samarkand-Tashkent: IICAS, 2013. Text: 243 pages. Introduction (in English and in Uzbek): 42 pages.
[1] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақā’иқ. – Т.: ФА ШИ. Қўлёзма, инв № 6576/I. – В. 79А.
[2] Махдуми Аъзам Даҳбидий. Рисола - йэ вужудия. –25 в.
[3] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақā’иқ. – Т.: ФА ШИ. Қўлёзма, инв № 6576/I. – В. 81А.
[4] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақā’иқ. – Т.: ФА ШИ. Қўлёзма, инв № 6576/I. – В. 51А.
