Маколада “мазҳабга эргашиш бидъат” деган даъводан инкори қилиб, мазҳаблар бидъат эмас, балки саҳобалар ва тобеинларнинг илмий мероси асосида шаклланган тартибли жараёндир, деб асосланади.
• Тўрт имом (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий, Аҳмад) Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсга таяниб, саҳобалар фикрини тизимлаштирганлар.
• Ал-Нафровийга кўра, мужтаҳид даражасига етмаган мусулмон учун тўрт мазҳабдан бирига эргашиш вожиб (мажбурий) эканлигида уламолар ижмоъ қилганлар.
• Хулоса сифатида, мазҳабларга эргашиш – салифи солиҳларнинг Қуръон ва суннатни тушуниш усулидир, бу эса уммат бирлигини сақловчи шартдир.
Cocoon AI Summary
Бугунги кунда айрим кишиларнинг: “Бизга Қуръон ва суннатнинг ўзи кифоя, мазҳабга эргашиш бидъат”, деган даъволари қулоққа чалиниб қолади. Бир қарашда бу гап жозибадор кўринади. Чунки ҳар бир мусулмон Қуръон ва суннатга эргашиши лозим. Аммо савол шундаки, ҳар бир мусулмон Қуръон ва суннатдан бевосита ҳукм чиқариш даражасидами? Ҳар бир инсон мужтаҳид даражасига етмаган ҳолда шариат аҳкомларини мустақил равишда чиқара оладими?
Аслида мазҳабнинг илк кўриниши саҳобалар даврининг ўзида мавжуд бўлган. Тўрт машҳур мазҳаб имомлари – Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ динда янгиликни жорий қилмадилар, балки саҳобалар ва тобеинлар илмий меросларини тизимлаштирдилар. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳаммаси бир даражада фатво бермаганлар. Одамлар илм ва фатвода етук саҳобаларга мурожаат қилганлар. Масалан, Куфа аҳли кўпроқ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фиқҳий мактабига эргашган. У кишининг шогирдлари – Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Иброҳим Нахаъий каби тобеинлар мазкур мактабни давом эттирдилар. Кейинчалик айнан шу илмий занжир Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига асос бўлди.
Худди шунингдек, Мадина аҳли кўплаб диний масалаларда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу каби билимдон саҳобаларнинг фатволарига эргашганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари ҳам ана шу Мадина фақиҳларининг илм ва амалий мероси асосида шаклланган.
Демак, фиқҳий мазҳаблар кейинчалик ўйлаб топилган янги йўл эмас. Балки улар саҳобаларнинг динни тушуниш ва унга амал қилиш йўлининг тобеинлар ва табаъут-тобеинлар орқали тартибга солиниб, авлоддан авлодга етказилган кўринишидир. Машҳур мазҳаб имомларининг ўзлари ҳам айнан шу йўлдан борганларини уларнинг сўзларидан кўриш мумкин. Жумладан, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабларининг асосларини шундай баён қилганлар: “Мен Аллоҳ таолонинг Китобини асос қилиб оламан. Агар ундан ҳукм топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қиламан. У зотдан келган саҳиҳ ривоятлар ишончли ровийлар орқали кенг тарқалган бўлса, уларни қабул қиламан. Агар бу иккаласидан ҳам ҳукм топа олмасам, саҳобаларнинг сўзларига таянаман. Аммо масала Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан Басрий ва Ато каби тобеинларга келиб тақалса, улар қилганидек мен ҳам ижтиҳод қиламан” (Имом Заҳабийнинг “Маноқиб Аби Ҳанифа” китоби, 34-бет).
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Ҳеч ким бир нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида илмга таянмасдан сўз айтиши мумкин эмас. Илмнинг манбаи эса Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсдир” (Байҳақийнинг “Маноқибу-л-Имом аш-Шофеъий” китоби, 371-бет).
Ушбу иқтибослардан маълум бўладики, мужтаҳид уламоларимиз ҳалол-ҳаром ва бошқа шаръий масалаларда шахсий хоҳиш ёки ақлий мулоҳазаларга эмас, балки аввало Қуръони карим ва суннати набавийяга, шунингдек, ижмоъ ва қиёс каби шаръий далилларга таянганлар.
Тўрт мазҳаб имомлари буюк олим бўлибгина қолмай, ўз даврининг энг тақводор, суннатга энг маҳкам эргашган ва динни энг нозик англаган зотлар эдилар. Улар Қуръон ва суннат матнларини чуқур ўрганиб, саҳобаларнинг фаҳми асосида шариат аҳкомларини истинбот (чиқариб олганлар) қилганлар. Аллоҳ таоло уларнинг илмий меросига барака берди ва уни уммат орасида кенг ёйилишини насиб этди. Натижада уларнинг фиқҳий мероси асрлар давомида мусулмонлар томонидан эҳтиёткорлик билан сақланди, тартибга солинди ва авлоддан авлодга етказиб келинди. Умматнинг мазкур мазҳабларга мурожаат қилиши аслида Қуръони каримнинг:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмасангиз, илм аҳлидан сўранглар” (Наҳл сураси, 43-оят) деган амрига амал қилишнинг амалий кўринишидир.
Қолаверса, мусулмонларнинг асрлар давомида машҳур тўрт мазҳабдан бирига эргашиб келиши Ислом умматининг фиқҳий бирлигини сақлаш, шариат аҳкомларини тартибли ва изчил равишда татбиқ этиш ҳамда ҳавойи нафс ва тартибсиз фатволарнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шунинг учун кейинги уламолар мужтаҳидлик даражасига етмаган мусулмон учун мазкур мазҳаблардан бирига эргашишни шарт, деб ҳисоблаганлар. Бу ҳақда ҳижрий 12-асрда яшаб ўтган олим Шиҳобиддин ан-Нафровий шундай деганлар: “Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳум каби тўрт имомдан бирига эргашиш вожиб экани ва уларнинг мазҳабларидан чиқиш жоиз эмаслигига уламолар ижмоъ (якдил фикр) қилганлар” (“Фавокиҳуд-давоний” китоби, 356-бет).
Хулоса қилиб айтганда, фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш бидъат эмас, балки салафи солиҳлар Қуръон ва суннатни қандай тушунган бўлсалар, ўша манҳажга эргашишдир. Аксинча, асрлар давомида уммат тан олган илмий мактабларни рад этиб, ҳар кимнинг Қуръон ва суннатдан мустақил ҳукм чиқаришга даъват қилиш яқин тарихда пайдо бўлган ёндашув бўлиб, умматнинг бирдамлигига раҳна солувчи бидъатдир.
Абдулатиф домла Турсунов
Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
