Тасаввуфий бир байтнинг таҳқиқи
Мавлоно Жалолудин Румий айтадилар:
Эй ту аз ҳоли гузашта тавбажў,
Кай куни тавба аз ин тавба, бигў?!
(«Маснвийи маънавий», 1-дафтар, 2204-байт.)
Маъноси: «Эй ўзининг ўтган ҳолидан тавба қилиб юрувчи одам, айт-чи, бу беҳуда тавбадан қачон тавба қиласан?!»
Муҳаммад Шафиъ Усмоний «Мажолиси Ҳакими умма» («Уммат ҳакимининг суҳбатлари») китобида айтадилар:
«Бу шеър одамларни аввалги гуноҳларини қайта-қайта ёдга олиб, такрор-такрор тавба қилиб юраверишдан қайтармоқда. Яъни бир маротаба мукаммал ихлос, зорланиш ҳамда барча шартлари билан тавба қилгандан кейин зеҳнни ундан бўшатиш керак».
Бу гапнинг таҳқиқи ҳақида ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий шундай деганлар: «Олдинги гуноҳларни эслаб, қайта-қайта тавба қилиб юриш авомлар учун фойдалидир. Магар хос аҳлуллоҳлар учун қайта-қайта ўзининг олдинги гуноҳларини ўйлаб юравериш фойдали эмас. Балки, баъзи вақтларда бу ўйлаб юравериш ҳижобга (тўсиқ ва пардага) айланади. Бундай зотлар келажакда Ҳақ таоло билан ўзлари орасидаги алоқани мустаҳкамлаш фикрини қилишлари керак. Мана шунга мукаммал эътибор қаратсинлар. Лекин шарти шуки, улар бир маротаба барча шартлари билан мукаммал тарзда гуноҳлардан тавба қилган бўлсинлар.
Бундан кейин ўтмишнинг ғами билан ўйланиб юравериш баъзи вақтларда парда бўлиб қолади. Чунончи бир улуғ киши: «Мозию мустақбалат пардайи Худост», яъни: «Ўтмишинг ҳам, келажагинг ҳам Аллоҳ билан сенинг ўртангдаги пардадир», деган экан. Чунки тавба – ҳижобни кўтариб олиб ташлаш демакдир. Лекин авомлар учун гуноҳни кўп маротаба ёдга олмаслик ҳижоб бўлади. Масалан, икки кишининг ўртасида ўзаро душманликдан кейин дўстлик бўлиб, қалблар мусаффо бўлгандан сўнг ўтмишдаги адоват ва озорларни эслаш тўғриликка зид ва хилофдир».
Гоҳ бонги зерро қибла куни,
Гоҳ гирйай зорро қубла куни.
«Баъзан «зер» куйини ўзингга қибла қилиб оласан, баъзан йиғи-сиғини ўпасан».
Мулло Ҳодий Сабзаворий нақл қиладилар: «Бир комил киши соликка йўлиқиб: «Қайси мақомда ҳаракат қилмоқдасан?» деди. Солик эса: «Муроқаба ва муҳосабада» деди. Бир неча вақтдан кейин соликка иккинчи бор йўлиқиб яна: «Қайси мақомдасан?» деди. Солиқ эса: «Таваккул мақомидаман» деб жавоб берди. Худди шу тартибда яна бир бор сўраганида солик «Ризо мақомидаман» деб жавоб берди. Шунда пири комил: «Сен доим ўзинг билан машғул экансан, қачон Аллоҳ билан машғул бўласан?!» дебди.
Чун ки Форуқ ойнаи асрор шуд
Жони пир аз андарун бедор шуд.
«Форуқ ҳазратлари Илоҳий сирларнинг ойинаси бўлиб, ҳамма сирлар у зотга ошкор бўла бошлаганидан кейин, Пирнинг, яъни жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жони у зотларнинг замирларида бедор бўлди ва жон мартабасига етишди».
Форуқ – ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг лақаблари. У киши иймон келтирганларидан сўнг ушбу лақабга эга бўлдилар, чунки у зот иймон билан куфр, ҳақ билан ботил, тўғри билан эгри, пок билан нопок ўртасидаги фарқни жуда аниқлик билан ажратувчи бўлдилар.
Ҳамчу жон, бе гиряву беханда шуд,
Жон-ш рафту жони дигар зинда шуд.
«Қачонки жон каби кулгусиз ва йиғисиз бўлди, нафсоний руҳ кетиб, ўрнига Илоҳий руҳ тирилди ва абадий тириклик пайдо қилди».
Кулги ва йиғи жисмоний манбанинг бошланиш жойидир. Йиғи фойда ва лаззатнинг йўқолишидан, кулги эса фойда ва лаззатнинг мавжудлигидан пайдо бўлади. Инсоннинг жони бу иккиси билан сифатланмайди. «Жони дигар»дан мурод Қуддусий ва Илоҳий руҳдир. У ҳайвоний жон таъсирининг йўқ бўлишидан сўнг пайдо бўлади ва инсонга покиза тириклик бахш этади.
Ҳайрате омад дарунаш он замон
Ки бурун шуд аз замину осмон.
«Ўша аснода Соликнинг қалбига бир ҳайрат тушди ва у еру кўкдан чиқди (яъни Ҳақдан бошқасини тарк этди)».
Жустужўе аз варойи жустужў
Ман намедонам, ту медони, бигў!
Ўша мурид шундай нарсаларни талаб қилар эдики, унинг талаб қилган ва қидирган нарсалари оддий талаблардан ташқарида эди, ғайриоддий талаблар эди. Мен уни баён қилишни билмайман. Агар сен билсанг, қўлингдан келса, сен айта қол.
Хулоса
Демак, инсон бир маротаба бошқа гуноҳ қилмаслик шарти билан мукаммал тарзда гуноҳлардан тавба қилиши лозим. Ундан кейин тавбани ўйин қилмаслиги керак. Бундай беҳуда тавбадан тавба қилиши керак!
Авом (оддий) кишилар учун олдинги гуноҳларни эслаб, қайта-қайта тавба қилиб юриш фойдалидир. Лекин Аллоҳнинг хос бандалари, аҳлуллоҳ бўлган зотлар учун қайта-қайта ўзининг олдинги гуноҳларини ўйлаб юравериш фойдали эмас.
Мирзо Кенжабек
«Ҳилол» журналининг 81-сонидан олинди.
