ХАТТОТЛИК — МАЪНАВИЯТ, САНЪАТ ВА МЕРОС УЙҒУНЛИГИ
Muallif: . .
Sana: 28.09.2026
12

Бугунги кунда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг эстетик диди, маънавий дунёқараши ва ижодий қобилиятларини юксалтириш муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ноёб санъат турларини асраб-авайлаш, уларни ёшларга ўргатиш ва кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Мир Араб олий мадрасасида Хаттотлик хонаси ташкил этилди.

Хаттотлик — ёзувни нафис ва бадиий шаклда ифодалаш санъати бўлиб, асрлар давомида Шарқ маданияти ва ислом цивилизациясининг ажралмас қисми сифатида ривожланиб келган. Хусусан, араб ёзуви ва унинг турли хат услубларининг такомил топишида Марказий Осиё алломалари ва хаттотларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Хаттотлик нафақат гўзал ёзув маҳорати, балки сабр-тоқат, диққат-эътибор, нафосат ва юксак дидни шакллантирувчи санъат тури сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Мир Араб олий мадрасасида ташкил этилган Хаттотлик хонаси талабаларни хаттотлик санъатининг тарихи, ривожланиш босқичлари, машҳур хат турлари ва буюк хаттотлар мероси билан яқиндан таништиришга хизмат қилади. Хонада жойлаштирилган баннерлар, кўргазмали материаллар ва хаттотлик намуналари орқали талабаларга мазкур санъатнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида кенг маълумотлар берилади.

Хаттотлик санъатида ҳар бир чизиқ, ҳар бир ҳарф ва унинг ўзаро уйғунлиги муҳим ўрин тутади. Шу боис хаттотлик билан шуғулланиш инсондан диққат, сабр ва машқни талаб қилади. Бу жараён талаба-ёшларнинг нафақат амалий кўникмаларини, балки эстетик диди, диққатини жамлаш қобилияти ва масъулият ҳиссини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.

Аждодларимиз қолдирган қўлёзмалар, нодир асарлар ва хаттотлик намуналари халқимизнинг бой маданий-маънавий меросидан дарак беради. Уларни ўрганиш орқали ёшлар миллий тарихимиз, илм-фан ва маданиятимиз тараққиётида китобат ва хаттотликнинг тутган ўрни ҳақида тасаввурга эга бўладилар. Шу жиҳатдан, хаттотлик санъатини ўрганиш миллий меросни англаш ва уни келгуси авлодларга етказишнинг муҳим воситаларидан биридир.

Хаттотлик хонасидаги ушбу маърифий муҳит талабаларни гўзалликни ҳис этишга, китоб ва ёзув қадрини англашга, аждодларимиздан қолган маънавий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлишга ундайди. Айни пайтда бу маскан талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларда ижодий қизиқиш ва амалий кўникмаларни шакллантириш учун ҳам муҳим имконият яратади.

Шу нуқтаи назардан, Мир Араб олий мадрасасида Хаттотлик хонасининг ташкил этилиши таълим жараёнини бойитиш билан бир қаторда, ёш авлодни миллий санъат ва маънавий меросимизга яқинлаштиришга қаратилган муҳим маърифий ташаббусдир. Бу ерда илм ва санъат, тарих ва маънавият, анъана ва замонавий таълим ўзаро уйғунлашади.

Зеро, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни ёш авлодга етказиш ҳар бир давр учун муҳим вазифадир. Мир Араб олий мадрасасида ташкил этилган Хаттотлик хонаси ҳам ана шу эзгу мақсад — илмли, маърифатли, эстетик диди юксак, миллий меросини қадрлайдиган ва маънавий етук ёшларни тарбиялаш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.

Азамат Хакимжонов
Мир Араб олий мадрасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими

. .