МЕҲМОННИ ИКРОМ ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ
Muallif: . .
Sana: 02.11.2026
20

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Қайси бир мўъминнинг хонадонига меҳмон келса, мезбон меҳмонга кулиб боқса, унинг кўзларига дўзах ўти ҳаром қилинади».

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом кундузи таом емоқчи бўлсалар, бир ёки икки мил юриб бўлса ҳам, бирга овқатланиш учун бир меҳмон ахтарар эдилар.

Кимки меҳмонни икром қилмаса, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан эмас ва ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ҳам эмас. Кимки Аллоҳ таоло ризоси учун меҳмонга таом берса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади.

Ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу дедилар: «Уйимга меҳмон келди, уйда тоза сув ва қаттиқ нондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Меҳмонга боримни қўйдим, кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меҳмоннинг фазилати ҳақида сўрадим.

Шунда ул зот менга дедиларки:
«Етти қават осмон фаришталари йиғилсалар ҳам, бунинг тавсифини келтира олмайдилар. Ким Аллоҳнинг севикли бандаларидан бўлишни хоҳласа, меҳмони билан бирга таом есин».

Бир киши: «Бунинг (меҳмонни икром қилишнинг) савоби нима, ё Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам?» – деб сўради. «Бунинг савоби бир йил нафл рўза тутган, Байтуллоҳни ҳаж ва умра қилган, Аллоҳ йўлида душман билан жанг қилган кишининг савобичадир».

«Кимки меҳмоннинг гўзал қадам товушларини эшитиб, хурсанд бўлса, унга шаҳидларнинг савоби берилади ва токи жаннатдаги жойини кўрмагунича дунёдан чиқмайди».
Осим ибн Ҳамза дедилар: «Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳузурларига кирдим, у зотни ғамгин ҳолда кўрдим ва: «Аллоҳ таоло сизга ғам-ташвишни кўрсатмасин!» – дедим. Шунда у зот: «Етти кундан бери меҳмон келмайди, шу туфайли Раббим мени хор қилмаса деб қўрқаман!» - дедилар...

Шайх Аҳмад Ғаззолий,
"Баҳрул-маҳабба" ("Муҳаббат денгизи"") асаридан.
Араб тилидан Устоз Мирзо Кенжабек ва Устоз Абдулмажид Исҳоқ таржимаси.

. .