ИМОМ САККОКИЙ ВА УНИНГ «МИФТАҲУЛ УЛУМ» («ИЛМЛАР КАЛИТИ») АСАРИ (2-МАҚОЛА)
Muallif: . .
Sana: 04.05.2020
1572

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Имом Саккокий ва унинг «Мифтаҳул улум» («Илмлар калити») асари (2-мақола)

(1-мақолани ўқиш)

Устоз ва шогирдлари

Ёқут Ҳамавий Румий Саккокий ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: «Юсуф ибн Абу Бакр Саккокий Хоразм аҳлидан бўлиб, шеър, аруз, баён, адабиёт, маоний илмлари, араб тили наҳви ва сарфи бўйича пешво алломадир. Кўп илмларни ўзлаштирган фақиҳ, илми калом олимларидан ва ўз замонасининг таниқли фозил кишиларидан ҳисобланган».

Муҳйиддин Абу Муҳаммад ибн Абу Вафо Ҳанафий: «Юсуф ибн абу Бакр Хоразмий Сирожиддиннинг устозлари: Садид Хайётий, Маҳмуд ибн Саид Шайҳул Ислом, Ҳарисий ва бошқалар. Саккокий буюк имом, шеър, аруз, баён, маоиний илмлари ва араб тили грамматикасини ўта яхши билувчи олимлардандир. Унинг шогирди Мухтор ибн Маҳмуд Зоҳидийдир,» деган маълумотларни қайд этади.

Шиҳобиддин Абул Фалаҳ Ҳаммалий Димашқий: «Саккокий ҳанафий буюк имом ва машҳур олим бўлган. Юсуф Саккокийдан «Қуня» соҳиби Мухтор ибн Маҳмуд ақида илмини ўрганган”, деган маълумотларни келтирган.

Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий Юсуф Саккокий ҳақида батафсил тўхталиб, қуйидаги маълумотларни келтиради: «Ҳамма илмларда насибаси бўлган Юсуф Саккокийнинг устозлари Садид ибн Муҳаммад, Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ ҳисобланади. Бу олимнинг бир неча асарлари бўлиб энг машҳури ўн иккита илмни қамраб олган «Мифтаҳул-улум»дир. Бу каби асар аввалгиларида ҳам, кейингиларида ҳам бўлмаган. Юсуф Саккокий ҳижрий 555-йилда туғилиб, ражаб ойининг илк кунлари 626-йилда вафот этган».

Саккокий роҳимаҳуллоҳнинг ўзи эса устозларидан фақат Ҳотимийни айтиб ўтган. Аммо, у кишини исми билан эмас, нисбати билан зикр қилади ва: «Шайхимиз Ҳотимий айтди» ёки бундан бошқача тарзда айтади. Садидуддин ибн Муҳаммад Хайётий у ана шу Ҳотимий бўлса керак, деган фикр айтилган. Садидуддин ибн Муҳаммад фиқҳ ва калом илмида забардаст олим бўлган. Манбаларнинг айтишича Саккокий Садидуддин ибн Муҳаммад Хайётийдан ва Замахшарийнинг шогирди Ҳусайн ибн Муҳаммад Бориъдан фиқҳ илмини ўрганган.

Саккокий роҳимаҳуллоҳ ўзининг устози Ҳотимийни сарф, наҳв ва балоғат илмида «денгиз» бўлганини айтган.

Устозларидан яна бири - Маҳмуд ибн Соиъд ибн Маҳмуд Ҳорисий. Бу зот «Шайхул Ислом» бўлгани айтилган.

Муҳаммад ибн Абдулкарим Туркистоний Хоразмий. Бу зот «Бурҳонул аъимма» номи билан танилган.

Шогирдларидан фақат Мухтор ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Зоҳидий маълум. Бу зот фақиҳлардан бўлиб, «Қуня» китобининг соҳибидир. Саккокий роҳимаҳуллоҳдан калом илмини ўрганган.

Саккокий роҳимаҳуллоҳ Қуръон ва Суннат илмлари билан тўлиб тошган, луғат, иштиқоқ, баён, маъоний, усул, аруз ва истидлол илмларини билган кишинигина олим ҳисоблар эди. У туркий ва форс тилини ҳам яхши билган. Унинг ўзи ҳам туркий халқлардан бўлгани ҳақиқатга яқин. Чунки, аждодлари ушбу туркий диёрга бошқа ердан кўчиб келганлари ҳақида маълумот айтилмаган. Форс тилини билишига эса Рашидуддиннинг «Ҳадоиқус сеҳр фи дақоиқуш шеър» асаридан таъсирлангани ва форс тилида «Тилсим» номли китоб ёзгани далолат қилади. Тилни яхши билиши билан бир қаторда фиқҳ, калом ва мантиқ илмларини ҳам пухта билган. Бу унинг шоҳ асари бўлмиш «Мифтаҳул улум»даги услубида ўз аксини топган. Унинг ҳамасрлари ҳам ва хоссатан Ёқут Ҳамавий роҳимаҳуллоҳ унинг ушбу фанларда мустаҳкам ва пухта илм соҳиби бўлганига гувоҳлик беришган.

Асарлари

«Шарҳул-жумал». Абдулқоҳир Журжонийнинг «Жумал» асарига шарҳ сифатида ёзилган. Бу китобга «Мифтаҳул-улум»да алломанинг ўзи ишора қилиб ўтган.

«Аттибян» номли асари. (Ибн Ҳалдун «Муқаддима» асарида қайд этган.)

Форс тилида «Тилсим» асари. Бу китоб ҳақида Мирзо Муҳаммад Боқир айтган.

«Мунозара илми ҳақида рисола». Бу китоб ҳақида Зирклий «Аълом»да айтган.

«Мусъҳафуз-заҳроти» асари. Бу номли асарни Умар Ризо «Муъжамул-маъаллифин» асарида келтиради.

«Мифтаҳул-улум». Бу алломанинг биринчи ва шоҳ асари ҳисобланади. Аббосий ҳалифалардан Носириддин ҳалифалиги даврида (ҳижрий 595-йиллардан кейин) ёзилган. Асар ўз даврида ва кейинчалик ҳам машҳур бўлиб, Саккокий роҳимаҳуллоҳнинг асарларидан фақат шуниси нашр қилингандир.

Юсуф Саккокий ушбу асар ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Замонамнинг фозил аҳллари, фазлни камолотга етказган зотлар мендан мухтасар қилиб, уларга тасниф қилиб беришимни қатъийлик билан сўрадилар. Бу каби гапларни эшитгач, бундан улар тўла хурсандчилик билан баҳраманд бўлишлари учун, ҳар бир закий тушунадиган услубда таснифладим. Бу асарда жуда яхши билиб олиш керак бўлган илмларни жамлаб, «Мифтаҳул-улум» («Илмлар калити”), деб номладим.

Давоми бор...

Мир Араб олий мадрасаси 3- курс талабаси

Солихов Дилшод Усмон ўғли

. .