Макка фатҳидан сўнг ҳижрат йўқ
Muallif: . .
Sana: 21.01.2021
612

Мазҳабсиз такфирчи жамоалар намоёндалари томонидан ўзларига қўшилмаган ва улар турган жойга ҳижрат қилмаганларни кофирга чиқариш холатлари ҳали ҳануз учраб келмоқда. Бу холат тарихда Хаворижлардан ажраб чиққан Азрақийларда рўй берган эди. Улар ўзларига қўшилиб ҳижрат қилмаганларни кофирга чиқаришган. Абдуллоҳ Зуфар исмли шахс ҳижрат масаласида унга берилган саволда Европа мамлакатларига ҳам ҳижрат қилишга рухсат берган.

Шу ўринда савол туғилади. Европа мамлакатлари Исломдан бошқа динлар устун бўлган мамлакат бўлса, мўмин-мусулмонлар яшайдиган ислом диёрларидан нима учун у томонга ҳижрат қилинар экан? Мана шундан ҳам сохта салафийларнинг “фатво”лари қай даражада тутуруқсиз эканлигини билиш мумкин. Айниқса, Исломнинг беш аркони эмин эркин бажарилишига имкон яратилган юртимиздан ҳижратга чақириқлар мутлақо асоссиз. Йилдан-йилга динимизга, ибодатларни эмин-эркин бажаришга берилаётган эркинликлар, мўмин-мусулмонларга ва динимиз қадриятларига кўрсатилаётган эҳтиром таҳсинга сазовор. Шунча ислоҳотларни кўриб кўрмасликка олиш, яна эски ноғорасини чалиб одамларни “ҳижрат”га чақириш калтабинликдан бошқа нарса эмас.

Аслида улар ҳижрат қилишга чақираётган жойларни такфирчилар томонидан қонга ботирилгани, ёш болалар, аёллар, қариялар қирилиб кетаётганлиги сабабли жон сақлаш мақсадида милионлаб Суриялик ва Ливиялик инсонлар Европага такфирчилардан қочиб, Ватанлари, уй-жойлари ва мол-мулкларини ташлаб қишнинг совуғида, ёзнинг жазирамасида уйсиз хору зорликда яшашга мажбур бўлишмоқда. Яна улар барча айбни Сурия ҳукуматига тўнкамоқчи бўлишади. Такфирчиларнинг хуружидан олдин бу мамлакат тинч ободон Исломнинг барча бешта арконлари бажарилиб турган, масжид – мадрасалар фаолият кўрсатиб турган мамлакат эди. Туниснинг Зайтуна университети устозларидан Фарид Ал Божи ўзини Суриянинг пойтахти Дамашқ шаҳрида етти йил таълим олгани, Сурия такфирчилар иддао қилганларидек куфр диёри эмаслигини ал-Маёдин каналига берган интервьюсида айтган эди.

Ҳижратга даъват қиладиганларнинг етакчилари «Нисо» сурасидаги ушбу оятни далил қилиб келтирадилар:

«Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинг-лар?» – дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!» (97-оят).

Аслида эса, Тафсири Бағавийда ушбу оят, исломга кирган, аммо ҳижрат қилмаган, Бадр жанги куни Макка мушриклари сафида муртад ҳолида мусулмонларнинг зиддига чиқишиб, жангда ўлдирилган Қайс ибн Фокиҳ ибн Муғира ва Қайс бин Валид ибн Муғиралар ҳақида туширилгани келтирилади. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг ҳижратларидан кейин мусулмонларнинг исломини фақат ҳижрат билан қабул қилди. Макка фатҳ қилингандан сўнг ҳижрат бекор (насх) қилинди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам “ Макка фатҳидан сўнг ҳижрат йўқ” дедилар (Бағавий тафсири).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, ҳижрат тўғрисида берилган саволларга берган жавобларида қуйидагиларни келтирганлар.

Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан ривоят қиладилар:

«Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳурматлидир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар» (Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).

Уларнинг гапларига раддия:

Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

«Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар».

Ушбу далиллар сохта салафийларнинг оят ва хадисларни ўз қарашлари билан юзаки қараб ҳукм олаверишлари мана шунақа кўплаб ихтилофларга, улар орқасидан тушунар-тушунмас адашиб қолаётган ҳолатлари мавжуд. Ёшларимиз ва ихлосманд биродарларимиздан сохта салафийларнинг алдамчи иддаоларига кўр кўрона ишониб қолмасликларини сўраб қоламиз.

©️ Даврон Абдуқадиров

. .